Карталар, пуллар, банкоматлар
Фотосурат: https://kstrip.ru/
Бир ҳафта олдин Марказий банк коронавирус тарқалишига сабабчи бўлиши мумкин бўлган нақд маблағлар айланмасини қисқартириш режалари ҳақида маълум қилганди. Энди пенсиялар ва иш ҳақи карталарга ўтказилади. Ривожланган мамлакатларнинг кўпчилиги учун бу босқич аллақачон ўтиб бўлинган. Ўзбекистонда ушбу жараён оғриқсиз ўтиши, нақдсиз тўлов тури эса оммалашиши учун қандай чораларни кўриш кераклиги ҳақида Improve Hub компаниясининг рақамли трансформация бўйича эксперти Андрей Тарасенко Anhor.uz нашрига гапириб берди.
Нақд пуллар айланмасининг камайиши шубҳасиз нафақат эпидемиологик вазиятга, балки умуман иқтисодиётга ижобий таъсир кўрсатади: пуллар логистикасига сарфланадиган харажатлар камаяди, маблағлар айланмасининг тезлиги ошади. Бироқ бунинг учун, афсуски, пулларни пластик карталарга ўтказишнинг ўзи етарли эмас. Бугун ҳал қилиш керак бўлган вазифа – бу вируснинг эҳтимолия ташувчиси сифатидаги нақд пуллар ҳаракатини камайтиришдир.
Кўп ҳолларда одамлар харид қилаётганда пулни ушлайди. Айнан нақд пулга харидлар туфайли, қоғоз пуллар, улар билан бирга вирус ҳам бир кун ичида ўнлаб одамларнинг қўлидан ўтиши мумкин. Бу йикл деярли ҳар куни такрорланади. Иш ҳақи, пенсиялар ва бошқа даромадларни олиш эса – бу ойда кўпи билан 2 марта қоғоз пул алмашиш дегани.
Шу боис иш ҳақи ва пенсияларни карталарга ўтказиш нақд пуллар билан кундалик амалиётлар сонига унчалик таъсир кўрсатмайди. Чунки инсон ўз воситаларини ўз одатларига мослаштиради. Бу пулларга ҳам тааллуқли: агар у нақд пул тўлашга одатланган бўлса, яқинда жойлашган банкоматдан маош олгани куниёқ пулларнинг ҳаммасини картадан ечиб олади.
Буни 2019 йил учун UZCARD статистикаси ҳам тасдиқлаяпти, бу даврда:
· Электрон тижорат бўйича транзакциялар суммасининг умумий ўсиши 108,8% ни ташкил қилган
· POS-терминаллар бўйича транзакциялар суммасининг умумий ўсиши 7,7% ни ташкил қилган
· 2019 йилда АТМ орқали нақд пулларни ечиб олиш бўйича умумий ўсиш 386% ни ташкил қилган
Маълумотлар таҳлили пластик карталар сонининг ўсиши маблағларни нақд пулга айлантириш бўйича номутаносиб тарзда жуда кўп амалиётларга олиб келаётганини намойиш этмоқда. Бу аҳолининг аксарият қисми пластик картага пул олиши билан, биринчи навбатда пулларнинг ҳаммасини ечиб олиш учун банкоматга боришини билдиради.
Шу боис нақд пуллар айланмасини камайтириш вазифасини “бошқа томондан” ҳал этиш зарур: агар аҳолида тўловларни карталар ёрдамида амалга ошириш одати ишлаб чиқилса, нақд пуллар айланмаси сезиларли даражада пасаяди.
Одам атрофида нақдсиз ҳисоб-китоблар “экотизимини” яратиш лозим, унинг асосий вазифаси – банк карталарини нақд маблағларга қараганда қулайроқ қилиш. Карталар вақтни, кучни тежаши лозим.
Бундай экотизим 3 қисмдан ташкил топади:
· Қулай нақдсиз харидлар
· Қулай молиявий сервислар
· Банкоматларнинг қулай ва кенг тармоғи
Қулай нақдсиз харидлар
Ўзбекистондаги дўконларнинг кўпчилигида онлайн-витриналар йўқ, бирор нарсани масофадан туриб харид қилиш учун Телеграмга ёзиш ёки қўнғироқ қилиш керак. Агар сизга ассортимент билан танишиш ва ундан бирор-нарсани телефон орқали танлаш керак бўлса, бу шунчалик мураккаб вазифага айланадики, бу ҳолда дўконга бориб келган маъқул. Дўконга борганда эса, нақдсиз ҳисоб-китоб сизга қулайлик бўйича бирор афзалликни бермайди.
Қўшимча қўнғироқларсиз, юришлар ва бошқа ҳаракатларсиз товарларни онлайн танлаш ва тўлаш имконини берадиган интернет-дўконларни ташкил қилишни рағбатлантириш лозим, шунда улар анча қулайроқ бўлади, одамлар дўконга боришдан кўра улардан фойдаланишни маъқул кўради.
Ўзбекистонда озиқ-овқат маҳсулотларининг энг катта танлови – бозорда. Аммо у ерда терминалга эга сотувчини топиш янги овланган денгиз балиғини топишдан кўра ҳам қийинроқ!
Ҳа, бу мураккаб, аммо бозордаги сотувчиларни мотивациялаш йўлларини излаш керак. Шундай қилиш керакки, одамлар бозорда карталардан фойдалана олсин.
Қулай молиявий сервислар
Ўзбекистонда молиявий хизматларнинг кўпчилиги банк офисига боришни талаб этади. Мен, Ўзбекистон банкларининг рақамли трансформациясида фаол қатнашаётган одам сифатида, бугунги кунда банкларнинг катта қисми – бу мижозга тарқоқ хизматлар кўрсатиш бўйича ташкилот эканини кўряпман. Шу боис мижоз ҳар бир янги хизматдан фойдаланиш учун банкка шахсан ўзи келишга мажбур бўлмоқда. Мижоз учун хизматларнинг ўзаро боғлиқлиги ва кредит, депозит, ўтказмалар ва тўловлар битта банкда бўлишидан қўшимча сезиларли қулайлик йўқ. Шунинг учун мижоз ҳам танлай бошлайди: бу хизматни мен бу банкда оламан, мана бунисини – бошқасида, мана булари учун эса нақд пулларни ечиб оламан.
Банкларнинг мобил иловалари ва интернет-банкинг билан боғлиқ ҳолатни мен “ёмон” сифатида баҳолайман. Бу сервисдан мижозлар қулай бўлгани учун эмас, балки зарур бўлгани учун фойдаланяпти.
Банк қулай сервисларни шундай ташкил қилиши керакки, мижоз битта банкнинг ичида пуллар билан максимал миқдорда амалиётларни бажарсин. Бунинг учун мижоз атрофида жараёнларни яратиш керак: унинг депозитлари асосида – автомат тарзда ставкаларни ўзгартириш, унинг тўловлари асосида олдиндан маъқулланган кредитларни таклиф қилиш зарур. Масалан, мижоз мунтазам равишда йўл ҳақига кўп пул сарфлаши ҳақидаги маълумотларни йиғиб, унга йиллик йўл чиптасига кредит таклиф қилиш мумкин. Бу ерда банклар вазият ноёб эканини англаши муҳим: уларнинг ҳар бирида ноёб мижозлар, ноёб ресурслар ва ноёб тарих мавжуд. Демак, рақобатқилиш учун ноёб бизнес-жараёнларни ва уларнинг остига ноёб АТ-воситаларини ишлаб чиқиш зарур. Аммо бунинг ўрнига мен Ўзбекистон банклари тайёр АТ-ечимларни оммавий тарзда жоирй қилаётганини ва энди уларнинг остига бизнес-жараёнларни мослаштираётганини кўряпман. Бошқача қилиб айтганда, банк мижоз остига эмас, балки мижоз банк сервислари остига мослашиши керак бўляпти.
Банк ҳисобида мижознинг пулларини ушлаб қолиш учун қулай мобил иловалар зарур. Кўплаб ҳаракатларни 2 та клик билан амалга ошириш мумкин бўлган иловалар; ҳатто мактаб ўқувчиси ва пенсионер учун ҳам тушунарли бўладиган оддий интерфейсга эга бўлган иловалар керак. Бунинг учун банкларда IT-маҳсулотларни ишлаб чиқиш бўйича ўз жамоалари бўлиши лозим. Жамоаларга мобил маҳсулотларни бозорга чиқара оладиган, мобил иловалар метрикаларининг аналитикасини ва маҳсулотларни ривожлантириш жараёнларини тушунадиган мутахассислар раҳбарлик қилиши керак.
Банкоматлар тармоғи
Бу мен юқорида таклиф қилганларга зид эмас. Ўзбекистон аҳолиси учун нақдсиз тўловларга “кириш чегараси”ни камайтириш муҳим. Мижозларда банк карталарига ишонч пайдо бўлиши учун бутун мамлакат бўйлаб 24/7 режимида ишлайдиган яқин масофаларда жойлашадиган банкоматлар тармоғи бўлиши зарур. Фақат шундагина одамлар ҳамма пулни бирданига ечиб олишни бас қилади ва фақат бугун керак бўлган суммани олади, холос.
МБ маълумотларига кўра: 2020 йил 15 апрель ҳолатига кўра Ўзбекистонда 5 400 та банкомат ишламоқда. Агар мамлакат майдонининг 20%да одам яшайди деб ҳисоблаганда ҳам, бу ушбу ҳудуднинг ўртача бир километр квадратига 0,06 та банкомат дегани. Агар сизда Uzcard картаси бўлса, унда бир километр квадратда сиз билан ўртача 0,04 та банкомат бор, Humo учун эса – 0,02 та банкомат.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, банк карталарига ўтиш ва нақд пуллардан тўлиқ воз кечиш фақат қуйидаги ҳоллардагина бўлиши мумкин:
· ҳар бир савдо жойида, ҳар бир бозорда ишлайдиган терминаллар бўлиши;
· банкоматлар ҳамма жойга ўрнатилиши ва уларда 24/7 режимида нақд пуллар бўлиши;
· интернет савдо ҳар бир смартфонда витринага эга бўлиши ва у дўстимизнинг рақамини тергандай осон бўлиши;
· банклар мижозлар остига мослашиши ва уларни банкка келишга мажбур қилмасдан барча молиявий хизматлар билан таъминлаши;
· картага харид қилганда харидорга чегирма тақдим қилиниши.
Ва энг асосийси, буларнинг ҳаммаси учун мижозга мослаштирилган (аксинча эмас!) янги IT-маҳсулотлар зарур. Агар ҳукумат иқтисодиёт шаффоф бўлиб, хуфиядан чиқишини истаса, бу вазифаларни бугун ҳал қилиш шарт, чунки анчагина вақт бой бериб бўлинди.
Андрей Тарасенко,
Improve Hub компаниясининг рақамли трансформация бўйича эксперти
Шарҳлар