Мамлакатнинг янги суверен қарзи ҳақида
Шу йилнинг 19 ноябрь куни Ўзбекистон Республикасининг молия вазири Тимур Ишметов ўзининг Twitter тармоғидаги саҳифасида Лондон фонд биржасида бир вақтнинг ўзида ҳам АҚШ долларида, ҳам Ўзбекистоннинг миллий валютасида (!) номинацияланган ўзбек суверен облигациялари муваффақиятли жойлаштирилгани ҳақида маълум қилди. Жаҳон молия соҳасидаги жорий ҳолатларни инобатга олган ҳолда шуни айтиш мумкинки, бу Ўзбекистон молия институтларининг улкан ютуғи.
Бунинг ижобий томони нимада?
Энг аввало, мамлакатнинг халқаро капитал бозорига бир йил давомида икки марта суверен облигациялар кўринишидаги қимматли қоғозлар таклифи билан чиқишининг ўзи Ўзбекистон иқтисодиётида биз хоҳлагандай ҳаммаси ҳам яхши эмаслигидан “қўнғироқ” сифатида талқин қилиниши мумкин. Шунга қарамасдан Молия вазирлиги таваккал қилди ва ҳақ бўлиб чиқди. Қандай таваккаллар мавжуд эди?
- Covid-19 пандемияси муносабати билан юзага келган вазият ҳали барқарорлашгани йўқ. Ҳеч ким пандемия қанча давом этишини ва у қандай ижтимоий, иқтисодий ва бошқа оқибатларга олиб келишини ҳеч ким билмайди;
- Мамлакатларнинг кўпчилигида иқтисодий пасайиш кузатилмоқда, бунинг оқибатида эса иқтисодий кўрсаткичлар ва уларнинг яхшиланиш прогнозлари ёмонлашмоқда;
- МДҲ мамлакатларида ҳудудида яқиндагина Арманистон ва Озарбайжон ўртасида икки мамлакат муносабатлари доирасидан чиқиб кетиши мумкин бўлган қонли уруш якунланди;
- Америкадаги сайловлар натижалари ҳали расман тасдиқланганича йўқ, демак АҚШ беқарорлик бўлиши эҳтимоли ҳозирча мавжуд, бу шубҳасиз, барча инвесторларнинг “иштаҳаси”га таъсир кўрсатади;
- Ўзбекистонда давлат бюджети танқислиги ўсмоқда ва ҳозирча бюджет даромадининг тушиб кетишини енгиб ўтиш бўйича аниқ режа йўқ;
- Кириб келаётган йил – мамлакат президенти сайловлари йили, шу боис ижтимоий мажбуриятларни бажариш, халққа қандайдир бир ривожланиш муқобилларини таклиф қилиш учун улкан маблағлар талаб қилинади.
Ушбу жиддий таваккалларга қарамасдан, андеррайтерлар ва консультантлар халқаро капитал бозорига чиқиш ва бозорга бир вақтнинг ўзида катта таваккал ва катта даромадни келтириши мумкин бўлган миллий валютада номинацияланган облигацияларни таклиф этиш учун муваффақиятлироқ пайтни танлашди.
Бу пайтнинг манфаатли эканини нимада кўриш мумкин?
Аввало, инвесторлар ёмон хабарлардан чарчаган, улар бирор-бир ижобий янгилик эшитишни жуда исташмоқда. Бизнинг ҳолатимизда эса, йил якунлари бўйича Ўзбекистон ЯИМнинг ижобий ўсишига эришиши мумкинлиги ва ўз қўшниларига нисбатан пандемияга қарши яхши курашаётгани (бу қанчалик адолатли экани ҳақида фикр юритишга журъат этолмайман) – бу факт, чунки мамлакат учинчи марта иқтисодиётни ёпиб қўйишга йўл қўймади.
Иккинчидан, энди бор-йўғи икки ҳафта инвесторлар йилга якун ясаш ҳақида ўйлай бошлайди, ўзларининг “қисқа позициялари”ни ёпиш билан шуғулланади, бу пайтда уларни янги активлар унчалик ҳам қизиқтирмайди. Айнан ҳозир уларнинг айримларида йил якунлари бўйича унча катта бўлмаган фойда бор бўлиб, улар бу фойдани каттароқ даромадлилик билан инвестиция қилишни истайди.
Учинчидан, Ўзбекистон капитал бозорида бошқа бир нечта қарзлар ташаббуси билан чиққан ҳолда ўзи ҳақида унутишларига йўл қўймади. Ҳаммамиз Саноат қурилиш банки, Ипотека банкнинг қарзларини, Ўзавтомоторс, Enter Engineering, Ўзбекнефтгаз компанияларининг қарзларининг эслаймиз. Инвесторлар «unknown and strange animals» (номаълум ва ғалати мавжудотлар)ни ёқтирмайди. Улар мунтазам равишда эътиборни ўзига қаратадиганларни ёқтиради.
Тўртинчидан, АҚШда демократларнинг ғалаба қозониш эҳтимоли юқорироқ бўлиб кўринмоқда, шу боис ҳамма шундан келиб чиққан ҳолда, 2021-2025 йилларга ўз режаларини тузяпти. Қорабоғдаги уруш ҳам деярли якунланди ва бу ушбу ҳудудда кучлар мувозанати ҳозирча бузилмаслигига аниқ сигнал бўлди.
Бешинчидан, мамлакатнинг олтин-валюта захиралари ҳажмини, олтин қазиб чиқариш ва уни сотиш ҳажмларининг ўсиш суръатларини эгаллаш учун Ўзбекистон иккинчи бор халқаро капитал бозорига чиқаётган бўлса-да, унинг инфляцияни таргетлаш (бу сиёсат ҳозир қай даражада тўғри экани ҳақида кейинроқ сўз юритамиз), ўз валютасининг айирбошлаш курсини ушлаб туриш, экспорт ва импортни тартибга солиш борасидаги қатъияти инвесторларда ёқимли таассурот қолдирмоқда.
Бунда кишига умид берадиган нарса шуки, бу омилларнинг барчаси инвесторларда Ўзбекистон ҳукуматининг иқтисодий сиёсатига қизиқишни оширди, жойлаштириш нархлари ҳам таргет даражасидан паст бўлди: АҚШ доллари бўйича – йиллик 3,70% ва сўм купонлари бўйича – йиллик 14,50%. Охиргиси – деярли маҳаллий қарз ставкалари даражасида.
Нима хушёр торттириши керак?
Биз маблағлар нимага сарфланиши борасида аниқ мақсадлар бўлмасдан туриб, шунингдек жамиятнинг қарз олиш шартларига розилиги бўлмасдан туриб, қарз олиш сиёсати аҳолининг ҳукуматга бўлган ишончини оширишга ёрдам бермаслиги ҳақида кўп марта гапирганмиз. Охиргиси бюджет танқислигининг жиддий ўсиш сабабларидан бири ҳисобланади, чунки иккита карантин даврида аҳоли ва тадбиркорларни моддий қўллаб-қуввталашдан воз кечиш бизнесни юритиш мантиғидан четда қолгани йўқ.
Янги йилда ижтимоий дастурларни қисқартиришга йўл қўймаслик учун маблағлар бюджет танқислигини қоплашга сарфланишини тахмин қилиш мумкин.
Узоқни кўра билмаслик бўлиб кўринган иккинчи нарса бу – Молия вазирлиги бюджет устуворликларини қайта кўриб чиқиш, барча бюджет субъектларини харажатларни сезиларли тежашга, айниқса кераксиз активларни харид қилишни, унчалик муҳим бўлмаган бинолар ва иншоотлар қурилишини тақиқлашга йўналтириш ўрнига қарзлар ҳисобидан аввалгидай яшашда давом этиш мумкин деган сигнал бермоқда. Жамият ҳозирга қадар бюджетда 23 та бюджетдан ташқари фондларнинг ҳаммасининг реал консолидацияси ҳақидаги маълумотларни олгани йўқ. Нега Молия вазирлиги турли давлат органларининг (“Ўзавтойўл” ДК, ДХХ, Бош прокуратура, ИИВ, ДСҚ, ДБҚ ва ҳ.к. ) ихтиёрида бўлган бюджетдан ташқари фондларнинг маблағларини шакллантириш манбалари ва улардан фойдаланиш йўналишлари ҳақидаги батафсил маълумотларни эълон қилгани йўқ.
Бунда бир неча савол ҳам туғилади, ўз навбатида, уларга жавоб бермасдан туриб барқарор ривожланишни прогноз қилиш қийин: ушбу бюджетдан ташқари фондларнинг маблағларини давлат бюджетида консолидациялашнинг моҳияти нимадан иборат? Нега аҳолига ЙҲҚ бузилиши учун қанча жарима олингани ва бу пуллар қаерга кетгани ҳақида хабардор қилишмайди? “Ўзавтойўл” ДКга қанча пул тушган ва улар нимага сарфланган?
Бошқача қилиб айтганда, “кўрпангга қараб оёқ узат” матали бўйича яшамаслик асалли бочка ичидаги қатронга айланиши мумкин, қатрон эса Молия вазирлиги ўз қимматли қоғозларни жойлаштирган ҳолда олмоқчи бўлган асални бузиши шубҳасиз.
Абдулла Абдуқодиров,
Anhor.uz иқтисодий шарҳловчиси
Шарҳлар