Нега маҳаллий ёғоч-қириндили плиталар ишлаб чиқарувчиси инновацион корхона фаолиятини тўхтатди?

Нега маҳаллий ёғоч-қириндили плиталар ишлаб чиқарувчиси инновацион корхона фаолиятини тўхтатди?

300 та доимий ва 3500 та вақтинчалик ишчини ишдан бўшатиш ёки маҳаллий ишлаб чиқарувчини ва мамлакатни шу ерда ишлаб чиқарилган ёғоч-қириндили плиталар (ЁҚП) билан таъминлаш – ҳозир Ўзбекистон ҳукумати олдида ана шу масала турибди. Сурхондарёда ноёб технология бўйича ЁҚП ишлаб чиқарадиган Surxon KSP-Gra компанияси ўз фаолиятини тўхтатди ва уч мингдан ортиқ ишчини иш ҳақи тўланмайдиган таътилга жўнатди. Сабаби – монополистлар томонидан ЁҚП ишлаб чиқариш учун жуда зарур бўлган кимёвий моддалар нархи оширилди. 
 
Қамиш ва инновациялар
 
Surxon KSP-Grand компаниясига 2018 йилда асос солинган, унинг ташкил қилиниши Сурхондарё вилоятига ташриф чоғида мамлакат президенти томонидан маъқуллаган эди. Корхона ноёб технология асосида маҳаллий қамишдан намга чидамли ЁҚП ишлаб чиқаради. Ишлаб чиқариш ҳажми йилига 30 минг м3 ЁҚПни ташкил қилади. Шунингдек корхона ЁҚПни ламинатлаш ва тайёр мебель ишлаб чиқариш билан ҳам шуғулланади. Маҳсулот сифати давлат стандартлари билан тасдиқланган бўлиб, мустаҳкамлиги ва бир см2 га тушадиган солиштирма юкламаси бўйича мебель саноати эҳтиёжларини етарлича қониқтирмоқда.  Иш ўринлари сони 300 нафар доимий ишчини ва мавсумий ойларда 3500 нафар вақтинчалик ишчини ташкил қилади. 
 
Компания Сурхондарёнинг Музрабод туманида қуввати йилига 150 000 м3 ЁҚПни ташкил қиладиган корхонани ишга туширишни режалаштирган, бу республикадаги ички эҳтиёжнинг 32% ни қоплаш имконини беради.
 
Бугунги кунда Ўзбекистон мебель саноати ва қурилиш индустриясининг эҳтиёжи 560 минг м3 ни ташкил қилмоқда, унинг асосий қисми импорт ҳисобидан қопланади. 2018 йилда импорт 97 млн долларни ташкил қилган бўлса, 2019 йилда бу кўрсаткич 100 млн долларни ташкил этди.
 
“Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмасининг маълумотларига кўра, Ўзбекистонда маҳаллий имкониятлардан фойдаланган ҳолда ЁҚП ишлаб чиқариш бўйича 11 та лойиҳани амалга оширишга старт берилган. Келгусида улар 595 минг м3 ЁҚП ишлаб чиқариши ва бу билан Ўзбекистон эҳтиёжининг 92% ни қоплаши мумкин. Лойиҳаларнинг умумий қиймати 90 млн АҚШ долларини ташкил қилади, улардан 37 млн долларни тижорат банкларининг жалб этилган кредитлари ташкил этади.
 
Бироқ импорт ўрнини босиш бўйича айнан шу фойдали саноат йўналиши охирги 2 йил ичида бирин-кетин зарбаларга учрамоқда.
 
Ўзбекистон бозорида сифатли ЁҚП ишлаб чиқарувчи жиддий компаниянинг пайдо бўлиши ҳамда импорт қилинадиган ва маҳаллий хомашё нархидаги катта фарқ ЁҚП импортчиларининг кўзидан қочмади. Улар ҳукуматни импорт қилинадиган маҳсулотнинг расмий қийматини белгилашда “қайишқоқ” ёндашувнинг қўлланиши ва ўзаро ҳисоб-китобларни амалга ошириш схемасининг қонуний эканига ишонтира олди. Бу тасодифми ёки йўқми, бироқ айнан 2019 йилда импорт қилинадиган ЁҚПнинг ўртача нархи 2018 йилга қараганда икки баравар, яъни 1 м3 учун 16,6 АҚШ долларидан 1 м3 учун 8,5 АҚШ долларигача тушиб кетди.   
 
Ишлаб чиқарувчилар ишлаб чиқариш харажатларини ва экспорт нархларини 2 баравар пасайтира олмаслигини тушунса бўлади. Аммо улар “ҳисоб-китобнинг комбинациялаштирилган шакллари”га рози бўлишлари мумкин эди. Масалан, Россиядан ЁҚП етказиб бериш бўйича транспорт харажатлари бир “варақ” учун (6000/1150 варақ) ўртача 5,2 долларни ташкил қилади. Ўша ЁҚПнинг ўзи Перм ёки Томскдаги чакана бозорда ҚҚС билан 11.4 доллар туради, бу завод нархи, эҳтимол, бироз пастроқдир, демак, минимал экспорт нархи бир варақ учун 15-16 АҚШ долларини ташкил этиши керак эди. 2019 йилгача шундай бўлиб турди ҳам.
 
Импорт қилинадиган маҳсулот нархини шакллантиришда шаффофликнинг йўқлиги ва 2018 йил учун базавий импорт кўрсаткичлари билан солиштиришдан воз кечиш шунга олиб келдики, давлат қарийб 15 млн АҚШ доллари миқдорида ҚҚС ололмади.
 
Маҳаллий ишлаб чиқарувчилар иккинчи зарбани ЁҚП ишлаб чиқариш учун зарур бўлган елимни тайёрлаш учун қўлланадиган  муҳим элементлар – формалин (“НавоийАзот” АЖ) ва карбамид (“Максам-Чирчиқ” АЖ ҚК) ишлаб чиқарувчи маҳаллий монополистлардан олишди. 
 
Айтиш жоизки, махсус елим ЁҚП қийматининг 52% ни ташкил қилади. Бироқ, ҳеч ким ҳатто қўрқинчли тушида ҳам бундай елим нархи маҳаллий компонентлар нархининг ошиши сабабли охирги икки йил ичида 4 (тўрт) бараварга ошишини кутмаганди! Бу бизнес-режада кўзда тутилмаганди ва тутилиши ҳам мумкин эмасди.
 
Лойиҳани амалга ошириш учун 10 йил муддатга чет эл валютасида 9 млн АҚШ долларидан ортиқ маблағ банк кредити олинган. Бироқ елимнинг бундай нархларида маҳсулот таннархи кескин ошади, у импорт маҳсулотга қараганда рақобатбардош бўлолмай қолади. Бу ишлаб чиқаришнинг тўхташига ва ишчиларнинг оммавий ишдан бўшатилишига олиб келади.
 
Нима қилиш керак?
 
Соҳада юзага келган вазиятда Ҳукумат томонидан айрим шошилинч чораларнинг кўрилиши ёрдам берган бўларди.
 
Биринчидан, 2020-2022 йилларда ишлаб чиқариладиган карбамид ва формалинни тақсимлаш ва уни ишлаб чиқаришга шартли белгиланган нархлар бўйича вақтинчалик квоталар ўрнатиш мумкин (зарурат бўлганида, нархлар ошиши билан муайян фоиздан ошмайдиган миқдорда);
ёки
 
Иккинчидан, импорт қилинадиган ЁҚП учун вақтинчалик божхона тўсиқларини қўйиш. Бу дастлабки пайтларда мебелчиларнинг норозилигини келтириб чиқариши мумкин. Аммо улар хомашё учун нақд пул тўлаш ва фойда солиғини кўпроқ тўлаш таваккали билан таннархни сунъий равишда қисқартиришдан кўра, импорт қилганда  тўланган ҚҚСни ҳисобга олиш анча манфаатлироқ эканини тушуниб етганида, ҳис-ҳаяжонлар анча босилиб қолади.
 
“Сув билан бирга болани ҳам ташлаб юбормаслик керак…”
 
Давлат статистика қўмитасининг маълумотларига кўра,  Ўзбекистонда 714 та лойиҳа бўйича импорт ўрнини босиш дастури доирасида фаолият кўрсатадиган корхоналар $457,8 млн. миқдорида маҳаллий маҳсулотни экспорт қилган ҳолда, 15 трлн сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарган. Бу корхоналар 1092 та янги иш ўринларини яратган, маҳаллийлаштирилган маҳсулот ҳажмини 2018 йил январь-декабрь ойларида, 2017 йилнинг тегишли даври билан солиштирганда, 1,5 бараварга оширган. Бунда умумий импорт ўрнини босиш ҳажми 2,1 млрд АҚШ долларидан ошган.
 
Таъкидлаш жоизки, ҳукумат импорт ўрнини босиш сиёсатига 2019 йил давомида бир неча марта қайтганди. Хусусан, 2019 йил июль ойида президент “Давлат ва хўжалик бошқаруви ҳамда маҳаллий ижроия ҳокимияти органларининг ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва саноат тармоқларида кооперация алоқаларини жадаллаштиришнинг янги тизимини жорий этиш бўйича масъулиятни янада ошириш тўғрисида”ги қарорни имзолади. Бир ойдан сўнг эса Давлат божхона қўмитаси импорт ўрнини босиш учун таклиф қилинадиган товарлар рўйхатини чоп этди.

Бошқача қилиб айтганда, кутилмаганда иқтисодий сиёсатнинг асосий вектори, яъни импорт ўрнини босишдан воз кечилганидан кейин, нега биз бундан қатъий равишда воз кечдик, деган саволни англаб етиш пайти келди.
 
Гап шундаки, юқорида тилга олинган 2017 йил 29 декабрдаги президент қарори билан корхоналарга бозор механизми асосида мутлақо янгича хўжалик юритиш шартлари таклиф этилди, бу эса фаолиятнинг барча томонларини жиддий қайта кўриб чиқишни ва бунда қуйидагиларни ҳам ҳисобга олишни талаб этади:

нархлар ошиши туфайли маҳсулотга бўлган талаб сезиларли даражада тушиб кетганида солиқлар ва божхона йиғимлари бўйича қўшимча харажатларни қоплаш манбалари, кооперацион алоқаларнинг бузилиши;

олдин маҳаллийлаштириш дастури остига олинган банк кредитлари  бўйича асосий сумма ва фоизларни қайтариш манбалари;

корхоналар ишлаб чиқариш қисқариши сабабли ишдан бўшатишга мажбур бўлган минглаб ишчиларни иш билан таъминлаш;

бир дақиқа ичида кераксиз бўлиб қолган катта миқдордаги асосий фондлар, машиналар ва механизмлар реализацияси, уларнинг ҳисобдан ва ишлаб чиқаришдан чиқарилиши ва бу зарарларни қоплаш.
 
Умуман олганда, олдин иқтисодиётни ривожлантиришнинг устувор йўналишининг бир қисми сифатида тан олинган ҳар бир лойиҳа бўйича корхоналарни санациялаш механизмини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш талаб қилинган бўларди. Бироқ ривожланиш вектори ўзгарди ва у ҳақда… унутилди…
 
“Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмасининг ҳисоб-китоблари асосида 13 та вазирлик билан мувофиқлаштирилган ҳукумат қарори лойиҳаси тайёрланган. У давлатга 100 млн долларни тежаган ҳолда маҳаллий хомашёдан ЁҚП ишлаб чиқариш бўйича 11 та лойиҳани ишга туширади, 15 мингга яқин иш ўрнини ва 210 млрд сўмлик солиқ базасини яратади. Биз “сув билан бирга болани ҳам ташлаб юбормаслигимиз” керак, аксинча унга “бозор оёқларига” туришга ёрдам беришимиз зарур.
 
Ҳозир ҳукумат қийин қарорни қабул қилиши керак, бироқ COVID-19 пандемияси сабабли юзага келган мураккаб ижтимоий вазият, фақат Surxon KSP- Grand корхонаси мисолидагина 300 та доимий ва 3500 нафар вақтинчалик иш ўринларини сақлаб қолиш, истиқболда эса 15 минг кишини иш ва маош билан таъминлаш ҳамда катта солиқ базасини яратиш имконини берадиган қарор қабул қилиниши кераклигини тақозо этмоқда.
 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.