Ўзбекистон банк тизимининг асосий муаммолари. Биринчи қисм
Энг муҳим иқтисодий муаммоларни муҳокама қилиш бўйича расмий майдонга айланган “Мунозара клуби”нинг навбатдаги йиғилиши шу йил июль ойи ўртасига тайинланди. Унга Anhor.uz журналистлари ҳам онлайн режимда қатнашиш учун таклиф этилди. Ўқувчиларимиз ва йиғилиш иштирокчиларининг эътиборига йиғилиш мавзусига бағишланган Anhor.uz муаллифининг нуқтаи назарини тақдим этамиз.
**********
Деярли ўттиз йилга консервациялаб қўйилган Ўзбекистон банк тизимида юз берган унча катта бўлмаган ўзгаришлар охирги 3-5 йил ичида содир бўлди. Бу жуда катта вақтнинг бой берилиши бўлди. Тизим ривожланишининг стагнацияси иқтисодиёт ривожининг жиддий орқада қолишига олиб келди. Банк тизими иқтисодий организмнинг қон томири ҳисобланади, шу боис иқтисодиётнинг ҳолати, давлатнинг қудрати ёки заифлиги ҳам бевосита унга боғлиқ.
Бугунги кунда регулятор вазиятни тўғирлаш бўйича қарорлар қабул қилмоқда. Аммо мамлакатни иқтисодий бошқариш жиҳатларининг ҳаммаси ҳам Марказий банкка боғлиқ бўлмагани учун иқтисодий сиёсатни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда қатнашадиган барча иштирокчиларнинг умумий муросаси зарур. Бироқ ҳозирча бу мавжуд эмас. Қайта молиялаштириш ставкаси пасайиши ҳақида эълон қилган (Марказий банк эса бу эълонни эътиборсиз қолдирди) Бош вазир ўринбосарининг яқинда намойиш этган қаршилигини яна қандай изоҳлаш мумкин?
Устувор йўналишлар сегрегацияси ва иқтисодий сиёсатнинг кўпчилик тан оладиган сиёсий ва ижтимоий устуворликлар асосида ишлаб чиқилган битта мақсадга бўйсуниши зарур.
МБ ва тижорат банклари ўртасидаги ўзаро муносабатлар
“Марказий банк тўғрисида”ги янги қонун МБнинг давлат ва бошқа институтлардан деярли тўлиқ мустақиллигини таъминлади ва унинг тижорат банклари фаолияти устидан назорат қилиш ҳуқуқини мутлаққа айлантирди. Қонуннинг моҳияти шундаки, МБ банк хизматлари бозорининг ҳамкори ва ташкилотчиси ролида эмас, балки жазолайдиган воситалар тўпламига эга бўлган банклар назоратчиси ролида чиқади.
“Марказий банк тўғрисида”ги қонуннинг 11 ва 12 моддалари Марказий банкка ваколатларнинг шундай кенг спектрини берганки, тижорат банклари регуляторнинг рухсатисиз деярли нафас олиши ҳам мумкин эмас. Агар бу моддаларни тижорат банкларининг функциялари белгилаб қўйилган “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги қонуннинг 4-моддаси билан солиштирадиган бўлсак, унда тижорат банклари қай даражада умидсиз ва ҳуқуқсиз ҳолатга етказилгани яққол кўринади.
Айтгандай, олдинги йилларда “Марказий банк тўғрисида”ги қонун “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги қонун билан биргаликда кўриб чиқилган ва қабул қилинган, бу ким конкрет нима учун масъул эканини солиштириш ва тушуниш имконини берарди. Бироқ ҳозир тижорат банкларида деярли ҳеч қандай ҳуқуқ йўқ, худди шу тарзда, муҳим, белгиловчи қарорларни мустақил равишда қабул қилиш ваколати ҳам йўқ.
Охирги 30 йил давомида МБ тавсияларини бажармаслик қонун бўйича жазоланарди, бу шундай самарали қилинардики, банклар ўзининг ва мижознинг манфаатларига зид равишда МБ талабларини бажаришга тайёр эди. Хўш, МБ ва тижорат банкларининг ўзаро муносабатларида айнан нима унчалик ҳам тўғри эмасдай кўриняпти?
- Банклар фаолиятининг, айниқса таваккалларни баҳолаш ва хежирлаш, кредитларни бериш ва уларнинг қайтарилишини мониторинг қилиш, конверсион амалиётларни ўтказиш, банк мижозлари билан ўзаро муносабатларни тартибга солиш соҳасида ҳаддан ташқари қатъий регламентга солингани;
- Ўқитиш ва огоҳлантиришдан кўра жазолашнинг устун туриши;
- Банк пассивлари ва активларини шакллантириш масалаларида регуляторнинг ҳаддан ташқари кўп, ҳатто банк маҳсулотлари рўйхати ва уларни сотиш шартларини тартибга солишгача борадиган даражада аралашиши;
- “Узун пуллар”ни шакллантиришда ёрдам кўрсатиш ва банкларнинг ўрта муддатли ва узоқ муддатли ликвидлигини қўллаб-қувватлаш ўрнига ҳаддан ташқари пул массасини тартибга солишга йўналганлик, “инфляцияни таргетлаш” вазифасини амалда бутун банклар фаолиятига қурбон қилиш;
- Кўрсатмачилик функциясининг регулятор функциясидан устунлиги.
Агар Ўзбекистон МБ ўз мамлакати учун эмитент ва пуллар депозитарийси бўлиш ўрнига “Ўзбекистон Республикаси валютасидаги Халқаро валюта жамғармаси маблағларининг депозитарийси ҳисобланса”, унда у аслида кимнинг регулятори сифатида чиқаётгани тушунарсиз, унда ким давлат органлари ва институтларининг тасарруфидаги Ўзбекистон Республикасининг эмиссия қилинган валютаси депозитарийси ҳисобланади.
Клон-банклар ёки рақобатнинг йўқлиги
Ўзбекистонда 31 та тижорат банки фаолият кўрсатади. Агар исталган бош бухгалтер ёки мулкдордан бир банк иккинчисидан конкрет нимаси билан фарқ қилиши ва нега у айнан шу банкни танлагани ҳақида сўралса, унда ҳеч ким бунга маънили жавоб беролмайди. Хизмат кўрсатиш сифатидан шахсий ҳиссиётлар ёки айрим масалаларни “ҳал этиш” имконияти даражасидан бошқа банкларнинг бир-биридан фарқ қиладиган жойи йўқ. Банкларнинг на маҳсулотлар рўйхати, на банк тарифлари, ҳатто на рақамланиш даражаси банкни танлашда ҳал қилувчи мезон ҳисобланмайди. Ҳаммаси мулкдорнинг ёки бош бухгалтернинг банкда ишлайдиган у ёки бу менежер билан шахсий танишлик даражасига бориб тақалади.
МБ томонидан бундай ҳаддан ташқари кучли назоратда тижорат банклари клон банкларга айланади: уларнинг ҳаммаси деярли бир хил банк хизматлари рўйхатига, нархига, ходимлар малакасига, амалиётларни ўтказиш тезлигига эга.
Бошқача қилиб айтганда, банклар кўп, аммо улар таклиф этиладиган хизматлар моҳияти бўйича бир-биридан деярли фарқ қилмайди. Шунинг учун ҳам рақобат йўқ, чунки уларнинг ҳеч бири бозорда бирор оригинал нарсани таклиф қила олмайди.
Бундай вазиятда ҳатто ўзбек банк сегментига хорижий банкларни улардаги мутахассислар билан биргаликда кенг жалб этиш ҳам ҳеч нимани тубдан ўзгартирмайди, чунки МБнинг йўриқномалари ва регламентлари бирдай ҳаммага тааллуқли, ҳамма уларга сўзсиз бўйсуниши керак.
МБ банларни илғор рақамли технологияларни жорий этишга чақираётгандай тублиши мумкин, аммо, бошқа томондан, “рухсат этилмаган нарсанинг ҳаммаси – тақиқланган” сиёсати шароитида ҳеч ким ташаббус кўрсатмайди, ҳамма МБнинг тавсиялари ва процедураларини, ҳатто улар банкнинг ички жараёнлари бўлса ҳам, кутади.
Ликвидлик, узун пулларнинг йўқлиги
“Узун пуллар” бозорининг йўқлиги – Ўзбекистон банкларининг энг заиф жойидир. Сўнгги пайтларда бу давлат органлари томонидан маблағлар банк-депозитарийсини танлаш ҳуқуқига қўйилган чекловлар муносабати билан хусусий банклар учун жуда ўткир муаммога айланди.
Ўзбекистон Президентининг 2020 йил 3 апрелдаги фармони ва МБ тавсиялари асосида тижорат банклари юридик ва жисмоний шахслар 70%нинг умумий миқдори 2,6 трлн сўм бўлган жорий қарзларини, уларга 2020 йил 1 октябрга қадар асосий кредитлар суммасини кейинроқ тўлаш учун вақт берган ҳолда, реструктуризация қилишди. Бошқача қилиб айтганда, тижорат банклари “айланма маблағлар”ни тўлдириш манбаи ҳисобланган қайтариладиган кредитлар суммасидан тўлиқ маҳрум бўлди, бунинг устига шу йил апрель-май ойларида аҳолининг ишбилармонлик фаоллиги сусайиши натижасида банк маҳсулотларини сотишдан келадиган тушум ҳам камайди, бу банк балансининг жиддий “озиб кетишига”, фаол амалиётларни ўтказиш учун ресурс ҳисобланган банкларнинг пассив мажбуриятлари ҳажми пасайишига олиб келди.
Бундай шароитларда Марказий банк 2020 йил 11 июнь куни мажбурий резерв маблағларидан фойдаланишнинг ўртачалаштирилган коэффициентини 0,75 гача ошириш ҳақида қарор қабул қилди. Бошқача қилиб айтганда, МБ амалиёт куни давомида, иш куни якунига резервни тиклаш шарти билан, мажбурий резерв пулларининг 75% гачасидан фойдаланишга рухсат берди. Бу енгиллик ҳар куни айланмага 2 трлн сўмгача маблағни оператив тарзда жалб этиш имконини берган ҳолда банкларга сезиларли ёрдам бўлди.
Бироқ МБнинг банклар ликвидлигини қўллаб-қувватлаш бўйича барча ҳаракатлари 1 кундан 1 ойгача ликвидликни қўллаб-қувватлаш бўйича қисқа муддатли воситалардан фойдаланишни ўз ичига олади. Бироқ 1 йилдан 5 йилгача бўлган узун пуллар олдингидай йўқ. Шу боис банкларга инвестицияларни рағбатлантириш ҳамда ўрта муддатли ва узоқ муддатли кредитлар бериш борасидаги ўз фаолиятини режалаштириши жуда қийин бўлмоқда, чунки улар у ёки бу депозитарийларнинг пулларини қанча вақт давомида тасарруф этишлари мумкинлигига ва ликвидлик борасида навбатдаги муаммо яна қачон юз беришига ишончи комил эмас.
На Молия вазирлиги, на Иқтисодий ривожланиш ва камбағалликни қисқартиш вазирлиги Марказий банк билан биргаликда узун пуллар бозорини шакллантириш устида ишлаяпти. “Узун пуллар” – бу 3-5-10 йилга банклар депозитларига жалб этиш мумкин бўлган ва ўзларининг таваккаллари ва пул ишлаб топишларига қараб уларга ўз инвестицион сиёсатини қуриш имконини берадиган пуллардир. Қуйидагилар Ўзбекистонда узун пулларнинг асосий манбаи бўлиши мумкин эди:
- Ўзбекистон Президентининг фармонига кўра ташкил қилинган Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг маблағлари;
- Пенсия жамғармаси, бандлик жамғармаси ва суғурта ташкилотларининг маблағлари;
- Деяли ҳар бир вазирлик ва идора ҳузурида ташкил қилинган бюджетдан ташқари жамғармаларнинг маблағлари;
- Йирик давлат компанияларининг вақтинчалик бўш маблағлари.
Аммо буларнинг барчаси назарияда, албатта. Амалда бу манбалардан бирор-бир маблағни банк тизимига 6 ойдан ортиқ вақтга жалб этиш эҳтимоли айни пайтда нолга тенг. Уларнинг ушбу маблағлардан шу ерда ва ҳозир фойдаланиш бўйича ўз дастурлари ва режалари бор.
Узун пулларнинг ягона манбаи қолади – бу халқаро молия институтларидан (ХМИ), тўғридан-тўғри инвестиция қилувчи давлат жамғармаларидан ва турли донорлардан олинадиган ташқи қарз.
Айнан шу Ўзбекистон давлат қарзи ҳажмларининг сезиларли ўсишига асосий туртки бўлди. “Ўзбекистонни кредитлаш бўйича чемпион” ҳисобланган Осиё Тараққиёт банки бўйича 2019 йил июнь ойида тасдиқланган ва 2019-2023 йилларга мўлжалланган кумулятив кредитлаш портфели 4,83 млрд АҚШ долларини ташкил қилади.
Бироқ муҳим бир савол очиқлигича қолмоқда нега Марказий банк айтайлик 10 йиллик даврга сўмда эмиссия қилинган Молия вазирлигининг 20 трлн сўмгача ҳажмдаги облигацияларини харид қилишдан ва бу билан 15 йилгача бўш пуллар ликвид бозорини яратишдан бош тортяпти?
Нега МБнинг иқтисодиётда нархларни тартибга солиш бўйича тор вазифаси бугунги кунда ҳар қачонгидан ҳам муҳим бўлган глобал вазифа – иқтисодиётни миқдорий рағбатлантиришдан устун турмоқда, ахир бу бор-йўғи 2 млрд АҚШ доллари бўлиб, бу пуллар кўп йилларга ҳаммага етган бўларди.
Абдулла Абдуқодиров,
Anhor.uz иқтисодий шарҳловчиси
Давоми бор
Шарҳлар