Ўзбекистон банк тизимининг асосий муаммолари. Иккинчи қисм

Ўзбекистон банк тизимининг асосий муаммолари. Иккинчи қисм

Ушбу материал олдин чоп этилган Биринчи қисмнинг давоми ҳисобланади.
 
Банклар фаолиятидаги яна бир институционал муаммо шундаки, ҳукумат банкларга давлат аппаратининг давоми ва ҳар доим асосли бўлмаган давлат дастурларини сўзсиз молиялаштириш институти сифатида қарайди.

Ҳокимият органларининг банклар фаолиятига ҳаддан ташқари ортиқча аралашуви қуйидагиларда намоён бўлади:

·         Тадбиркорликни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш дастурлари (“Ёш тадбиркор”, “Ҳар бир оила тадбиркор” ва ҳ.к.)учун мақсадли кредитлар ажратишга маъмурий мажбурлаш. Бунда барча банклар, улар хоҳ давлат банки, хоҳ хусусий банк бўлишидан қатъи назар, ушбу мақсадли дастурларни, маблағлар қайтмайдиган бўлиб кетишини ва улар катта зарар кўришини аниқ билса ҳам, молиялаштириши шарт.
·         кредит ресурсларини мажбурий ажратиш ва банк вакилининг ҳокимлар ва ҳоким ўринбосарлари томонидан ўтказиладиган  кети кўринмайдиган йиғилишларда қатнашиши учун ҳар бир тижорат банкининг муайян ҳудудга бириктириб қўйилиши;
·         банклар  ҳокимликнинг у ёки бу лойиҳасини ривожлантиришга ажратиши керак бўлган маблағлар ҳажмининг кўрсатилиши.

Бундай маъмурий босим натижасида “ҳокимликларнинг буйруқлари бўйича” берилган қайтмайдиган кредитлар ҳажми ҳозир банклар активининг ўртача 2% ни ташкил қилади, бундай ҳолат ҳеч қачон Ўзбекистон тарихида бўлмаган. Энди ҳар ойда кредитларни мониторинг қилиш бўлимларининг ходимлари кредитларни қайтариш учун маҳаллалар ва уйлар бўйлаб сарсон бўлишга мажбур.

Охирги тўрт йил ичида банкирларнинг анчаси ишидан маҳрум бўлди, ҳокимият органларининг босими остида берилган, нотўғри расмийлаштирилган ва, табиийки, ўз вақтида қайтарилмаган кредитлар сабабли жиноий жавобгарликка тортилди. Чунки қайтмайдиган кредитлар учун жавоб бериш вақти келганида, маъмурий босим ўтказганларнинг ҳеч бири қонун олдида жавобгарликни ўз бўйнига олмайди.

Илғор маҳсулотларнинг йўқлиги, техник қолоқлик ва кадрлар

Банкларнинг техник қолоқлиги ва Ўзбекистон банкларида АТ-мутахассислар етишмаслиги ҳақида фақат эринчоқлар ёзмади холос.

Банклардаги мавжуд операцион тизимлар кўп ҳолларда ишончли эмас, тез-тез ишдан чиқади. Мутахассислар ҳар бир амалиётни деярли қўлда бажаришга мажбур. Бу орада эса, банк ишида оператор томонидан бажариладиган ҳар бир оддий амалиёт автомат режимда ўтказилиши жуда муҳим.

Бундан ташқари, банк раҳбарлари ўз ходимларининг малакасини ошириш бўйича ишларни бажармайди, мижозларга мобил тўлов иловаларидан фойдаланиш имкониятларини маълум қилишмайди, уларнинг рақамли саводхонлигини оширишмайди. Айнан шунинг учун ҳатто карантин кунларида ҳам банкларда, айниқса Тошкентдан ташқарида, улкан навбатлар кузатилди, ижтимоий масофа бузилди.

Малакага қўйиладиган талаблар унча юқори бўлмаган амалиёт бошқармаларида ҳам яхши ўқиган мутахассислар етишмаяпти. Олий ўқув юртлари битирувчиларининг паст билим савияси шароитларида ишда “устоз-шогирд” методи асосида ўқиб-ўрганиш малакани оширишнинг ягона самарали усулига айланди. Шу боис банкларда ўз фаолиятини сезиларли даражада соддалаштириши мумкин бўлган янги маҳсулотлар ҳақида қайғуриш, мижозларни ва умуман маблағлар айланмасини мобилроқ қилиш имконияти йўқ.

Бизнесда катта талабга эга бўлган банк маҳсулотлари ҳамон тақдим этилмаяпти, тақдим этилган тақдирда ҳам, буни хоҳламасдан қилишяпти. Масалан:

·         юридик шахслар учун овердрафтлар, банк бир мижоз учун йирик таваккални қоплашда чекланадиган йирик лойиҳалар бўйича синдикатланган кредитлар;
·         анъанавий аккредитивдав, кафолатларни беришдан бошлаб, то валюта таваккалларини хежирлаш битимларигача бўлган савдо амалиётларининг молиялаштириш маҳсулотлар;
·         мижозлар ҳақидаги маълумотлар базасининг электрон тарзда юритилиши ва ишонса бўладиган, садоқатли мижозларга банк кредитларини бериш (e-banking loan services);

Банкларда оддий амалиётларни бажаришдаги қоғозбозлик ва ортиқча регламент шунга олиб келдики, банкнинг бош бухгалтери деярли барча амалиётлар учун жавоб бермоқда. Жавобгарликни делегациялаш МБ кўрсатмалари ва тавсияларидан умуман чиқариб ташланган.

Охирги пайтларда тижорат банкларининг кузатув кенгашлари ва бошқарувчи ходимлари таркибига чет эл мутахассисларини жорий этиш ташаббуси пайдо бўлган. Бу ташаббус банклар учун “даво” эмас, бундай мутахассислар мамлакатдаги конкрет банк тизими муаммоларини ҳал этмайди, шу боис бундай ёндашув анча таваккалли ва қимматли иш ҳисобланади.

Ўзбекистон банкирлари орасида кўплаб истеъдодли, шу жумладан чет эл олий ўқув юртларида таҳсил олган раҳбарлар ҳам бор, улар муаммоларни жалб этилган мутахассислардан кўра яхшироқ ва арзонроқ ҳал этиши мумкин. Бунинг учун уларга худди шундай шароитларни яратиб бериш керак, яъни маъмурий босим ўтказмаслик, уларнинг фикрига қулоқ солиш лозим.

Корпоратив бошқарув муаммолари

Ҳар бир банк ўз муассислари ва менежерларининг манфаатлари ва малакасини акс эттиради. Бироқ шунингдек, мижозлар банкдан муайян умидларга ҳам эга бўлади ва ўз талабларини қўяди. Универсал корпоратив бошқарув тизимларини жорий этиш ушбу муаммони ҳал қилишнинг кенг тарқалган усули ҳисобланади. Марказий банк корпоратив бошқарув бўйича кўплаб норматив ҳужжатларни ишлаб чиқиб, уларни жорий этишга уринмоқда, бироқ ушбу ҳужжатларнинг реал назорати кўнгилдагидай эмас.

Ўзбекистон банкларидаги корпоратив бошқарув муаммолари орасида қуйидагиларни ажратиб кўрсатиш мумкин:

·         банк фаолиятининг турли томонлари, яъни давлат, акциядорлар, менежерлар ва мижозлар манфаатларининг бир-бирига тўғри келмаслиги;
·         ҳокимият мувозанати – кузатув кенгаши фаолиятининг тузилмаси ва тамойиллари, қўмиталар таркибининг шаффофлиги, мустақил директорлар;
·         акциядорлар манфаатлари ва ҳуқуқларининг етарлича ҳисобга олинмаслиги, миноритар (майда) акциядорлар ҳуқуқларининг бузилиши;
·         банк бошқарувининг турли бўғинларида жавобгарлик даражасининг номувофиқлиги ва ваколатларнинг ғайриқонуний тақсимланиши;
·         ҳаддан ташқари майда назорат ва вазифаларнинг самарасиз делегацияланиши;
·         банкнинг стратегик муҳим йўналишларида директорлар-менежерлар малакасининг ва профессионализмининг, шу жумладан юридик билимларнинг етарли эмаслиги.

Натижада, таъсисчилар ва топ-менежерлар орасида йиллик ҳал этилмаган низоларни, давлат номидан ишончли бошқарувчилар томонидан банкларнинг кузатув кенгашларига тайинланган давлат амалдорларининг расмий фаолиятини, фронт ва бэк-офислар ўртасида жавобгарликнинг оддий тақсимланиши йўқлигини, банк ичида электрон ҳужжатлар айланмаси мавжуд эмаслигини кўриш мумкин.

Ўзбекистон банк тизимидаги барча мавжуд муаммоларни бир мақола доирасида батафсил қамраб олишнинг иложи йўқ, аммо Иқтисодиётни ислоҳ қилиш бўйича Мунозара клубининг кун тартиби муҳокамасига банклардаги реал ҳолат ва уларнинг ривожланиш истиқболларини киритиш мутахассислар ва давлат маъмурияти ходимлари учун яхши сигнал бўлиб хизмат қилиши мумкин.

Абдулла Абдуқодиров,
Anhor.uz иқтисодий шарҳловчиси

Ўзбекистон банк тизимидаги асосий муаммолар . Биринчи қисм 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.