Ўзбекистонда автомобиль нархларининг ошиши ортида нима турибди

Ўзбекистонда автомобиль нархларининг ошиши ортида нима турибди

10 март куни “Ўзавтосаноат” АЖ Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган автомобилларнинг чакана нархи ўртача 3-20% га ошгани ҳақидаги хабарни эълон қилди. “Ўзавтосаноат” АЖ бошқаруви раиси Шавкат Умурзоқов  Anhor.uz нашрига бундай қарор ортида нималар тургани ҳақида сўз юритди.

Anhor.uz: Хабарда нархларни қайта кўриб чиқиш қарори конъюнктура ўзгаришлари ҳамда ички ва ташқи бозорларда умумий макроиқтисодий вазият ўзгариши билан шартлангани ҳақида айтилади. Бу ерда сўз нима ҳақида бормоқда?

Шавкат Умурзоқов: 2017 йил сентябрь ойида валюта сиёсатини эркинлаштириш натижасида миллий валютанинг чет эл валютасига нисбатан курси фақат бозор механизмларидан фойдаланган ҳолда ўрнатила бошланди. Бунинг натижасида хомашё материалларининг нархи, коммунал хизматлар тарифлари ошди, транспорт хизматлари қимматлашди. 2019 йил октябрь ойидан бошлаб UzAuto Motors АЖ имтиёзли преференциялардан фойдаланишдан тўхтади ва умумий асосларда солиқларни, шу жумладан ҚҚСни тўлай бошлади. 2019 йилда компания томонидан 2,5 трлн сўм солиқ тўланди, жорий йилда эса 4,2 трлн сўмдан ортиқ солиқ тўланади. Бу корхона маҳсулотлари нархи ошишининг асосий сабабларидир.

Anhor.uz: Ўзбекистонда истеъмолчиларда танлов унчалик катта эмас, яъни маҳаллий автомобиллар харид қилинади ёки божхона божлари туфайли сезиларли даражада қиммат бўлган импорт машиналар харид қилинади. Импорт машиналар қийматини икки баравар оширадиган “жуда катта божлар”ни жорий этиш нега керак? Наҳотки, сизлар тармоқ сифатида шу даражада рақобатбардош эмассизлар?

Шавкат Умурзоқов: Мен саволнинг бундай қўйилишига қаршиман. “Ўзавтосаноат” бошқа ишлаб чиқарувчилар билан рақобат қилишга қодир. Бундан ташқи бозорлардаги савдолар борасидаги статистика ҳам далолат бермоқда. Масалан, 2019 йилда компания томонидан 15 000 та автомобиль экспорт қилинди, бу 2018 йилга қараганда уч баравар кўп. Яқинда Россия, Қозоғистон, Украина, Беларусдан ташқари, масалан, Озарбайжонда ҳам дилерлик тармоғимиз очилади. Молдова, Грузия ва бошқа мамлакатларга экспорт масалалари кўриб чиқилмоқда.
 
Агар биз ўзимизни рақобатбардош эмас деб ҳисоблаганимизда, олдимизга бундай вазифаларни қўймасдик. Биз “Ўзавтосаноат” маҳсулотининг сифати дунёда тан олинган Chevrolet, MAN, Hyundai, Isuzu (энди эса Volkswagen ҳам) компанияларининг стандартлари асосида назорат қилиниши туфайли ҳам рақобатдан қўрқмаймиз. Божхона божларига тўхталадиган бўлсак, биласиз, яқинда Ўзбекистон автомобиль бозорини глобал ислоҳ қилиш доирасида ва соғлом рақобат муҳитини яратиш мақсадларида, “Ўзавтосаноат” мамлакатимизга олиб кириладиган чет эл машиналарининг божхона божларини пасайтириш бўйича дастур ташаббуси билан чиқди, у тез орада кўриб чиқилади. Мен соғлом рақобат тарафдориман, у UzAuto Motors менежментини оптималлаштириш ва яхшилаш имконини беради, бу эса охир-оқибатда компаниянинг рақобатбардошлилигини оширади.

Anhor.uz: Нега хорижда UzAuto Motors автомобилларининг нархи Ўзбекистондагига қараганда арзон? Бунинг устига, экспорт қилинадиган автомобиллар сифати ҳам мамлакат ичида сотиладиган машиналарга қараганда анча юқори деган фикр ҳам мавжуд.

Шавкат Умурзоқов: Бу  кенг тарқалган хато фикр, у иккиламчи бозордаги алоҳида вазиятларга нисбатан қисман адолатли бўлиши мумкин. Конвейердан тушган автомобилларга тўхталадиган бўлсак, масалан, энг кўп сотиладиган моделлардан бири бўлган Spark автомобили маҳаллий харидорга позициясига қараб 7710-9900 долларга тушади, Россияда эса ушбу нарх параметрлари 9831-10600 доллар, Қозоғистонда 10579-11368 доллар, Беларусда 9216-10233 доллар, Украинада 9968-10996 доллар атрофида. Базавий комплектациядаги Nexia 3 автомобилининг нархи ўзбекистонликлар учун 9 101 долларни ташкил қилади, юқоридаги мамлакатларда эса у мос равишда 9831, 9129, 9369 ва 10624 долларга сотилмоқда. Cobalt автомобили бўйича ҳам вазият тахминан шундай. Айтиш жоизки, ушбу ҳисоб-китоблар бугунги, яъни рублнинг долларга нисбатан курси кескин ўзгарганидан кейинги вазиятни акс эттиради. Бир ҳафта олдин ушбу фарқ анча катта эди ва табиийки, компания кейинги вазиятга қараб, экспорт бозорларида нарх шаклланишига ўз реакциясини билдирмоқда.

Ҳа, алоҳида опциялари бўйича ички ва экспорт қилинадиган автомобиллар фарқ қилиши мумкинлигини инобатга олиш керак. Масалан, иқлим шароитлари бизникига қараганда қийинроқ бўлган мамлакатлар бозорларида сотиладиган автомобиллар учун ўриндиқларни иситиш тизимининг мавжудлиги мажбурий шартларга киради. Шунингдек Россия бозорида ГЛОНАСС тизими ва бошқаларнинг мавжуд бўлиши талаб этилади. Шу боис қандайдир бир қўшимча опцияларнинг  бор-йўқлигига қараб автомобиль сифати ҳам ўзгаради деб айтиш унчалик тўғри эмас, ички ва экспорт бозорига чиқариладиган автомобиллар бир хил бутловчилардан йиғилади ва битта конвейердан чиқарилади.  Ҳар қандай ҳолатда ҳам UzAuto Motors маҳсулотининг сифати унинг бутун ишлаб чиқариш жараёни давомида назорат қилинади, агар у General Motors даражасига тўғри келмаганида эди, бизга Chevrolet брендидан фойдаланиш ҳуқуқини ҳеч ким бермаган бўларди, бунга ишонаверинг.
 
Anhor.uzНега расмий шахслар томонидан ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш бўйича турли рақамлар кўп келтирилади? Ҳар бир ишлаб чиқариш тури бўйича маҳаллийлаштириш даражаси турлича бўлиши керакми?

Шавкат Умурзоқов: Ишлаб чиқариладиган автомобилларни маҳаллийлаштириш даражаси моделига қараб ўзгаради. Масалан, «Дамас» автомобилининг маҳаллийлаштириш даражаси 28%ни, «Кобальт»ники эса 52% ни ташкил қилади. Маҳаллийлаштиришнинг ўртача ўлчанган даражаси 42% ни ташкил қилади. 2021-2022 йилларда  янги моделларни ўзлаштириш режалаштирилмоқда, уларнинг маҳаллийлашиш даражасини 60% гача етказиш кўзда тутилган. Бунга республикага қатор янги технологияларни жалб этиш ҳисобидан эришилади.

Anhor.uz: Сизнингча, нега мамлакат авваллари ҳеч қачон ўзи кучли бўлмаган соҳа –  монопол автомобиль ишлаб чиқаришини яратиш йўлидан борди-ю, аммо улкан салоҳияти бўлган тўқимачилик ва қишлоқ хўжалик маҳсулотлари импортидан воз кечмади? Бу сизга бироз мантиқсиздай кўринмаяптими?

Шавкат Умурзоқов: Мен мамлакатимизда автомобилсозликни ривожлантиришнинг илк босқичидаги қарор қабул қилишлар борасидаги мантиқни баҳолашда бунчалик қатъий бўлмаган бўлардим. 90-йиллар бошида Ўзбекистонда автомобилсозликка нафақат иқтисодиётнинг мустақил ёки ўзига етарли фойда келтирувчи сектори сифатида, балки бошқа турдош саноат тармоқларини ривожлантиришга туртки бера оладиган индустрия сифатидаги истиқболлари нуқтаи назаридан қаралган.

Умуман олганда, маҳаллий автомобиль саноати шаклланиши ва маҳаллийлаштириш дастурларини амалга ошириш жараёнида шундай бўлди ҳам. Бугунги кунда Ўзбекистонда автомобиль ишлаб чиқаришга нафақат Андижон, Асака, Питнак ва Тошкентдаги корхоналар, балки кимё саноати, металлургия, тўқимачилик корхоналари ҳам алоқадор. Айни пайтда UzAuto Motors АЖда Ўзбекистон иқтисодиётининг турли соҳаларини тақдим этувчи 100 дан ортиқ етказиб берувчилар ва субетказиб берувчилар бор. Шундай экан, Ўзбекистонга мустақил автомобиль ишлаб чиқариш қай даражада зарур бўлгани ҳақидаги савол ҳам, кўриб турганингиздай, ортиқча. Агар ушбу мантиққа амал қилинса, унда ривожланишдан, электроникадан, нанотехнологиялардан, IT-сектордан ёки бошқа соҳалардан воз кечишга тўғри келади. Агар биз ҳеч қачон у ёки бу соҳада кучли бўлмаган бўлсак – бу олдимизга катта вазифаларни қўйишимиз керак эмаслигини билдирмайди. “Иссиқхона шароитлари” яратилгани, эҳтимол бу самарали бошқаришни яратишга халақит бергани эса – бошқа масала. Бозор конъюнктураси томонидан белгиланадиган кафолатли юқори талаб ва иқтисодиётнинг ёпиқлиги корхонани бошқариш самарадорлигини оширишни, нархларни шакллантиришнинг қайишқоқлигини кўзда тутмаганди.
 
Anhor.uzРеспубликада йиғилган автомобиллар нархининг пасайиш истиқболи борми?

Шавкат Умурзоқов: Истиқбол ҳар доим ва ҳамма нарсада бор. Ички бозордаги автомобилларимизнинг нархини чет элдаги рақобатчиларимизнинг худди шундай маҳсулоти нархи билан тенглаштириш мумкин. Худди шу тарзда уларни “бу ерда” ва “у ерда” ишлаб чиқариш таннархини ҳам солиштириш мумкин.  Автомобилни харид қилиш даражаси бошқа кўплаб омилларга (улардан бири аҳолининг харид қилиш қобилияти) қараб фарқ қилиши эса бошқа гап. Менинг фикримча, агар юртдошларимизнинг даромад даражаси ошса, машиналаримиз янада харидоргир бўлади. Аммо бу автомобилсозлик тармоғининг ҳолатига боғлиқ эмас. Бу комплекс муаммо, унинг ечими иқтисодиётнинг умумий ҳолатига ва бошқа омилларга боғлиқ.

Anhor.uz: Яқин 5-10 йил ичида тармоқнинг ривожланиш истиқболларини қандай кўряпсиз? Бунга бирор-бир монополиясиз эришишнинг қандайдир бир йўл харитаси мавжудми?
Жавоб: «Ўзавтосаноат» мутахассислари томонидан 2030 йилгача маҳаллий автомобилсозликни ривожлантириш стратегияси ишлаб чиқилди. У ички бозорда рақобат муҳитини такомиллаштириш ва маҳаллий автомобиль ишлаб чиқариш саноатини ривожлантириш бўйича чораларни кўзда тутади. Хусусан, биз мамлакатда енгил ва юк автомобилларини ишлаб чиқариш ҳажмини йилига 632 мингтагача оширишни, яъни ҳозирги билан солиштирганда 2 баравардан зиёдга оширишни кўзлаяпмиз. Инвестицияларни жалб этиш дастурлари бор, жаҳоннинг йирик брендлари билан ҳамкорлик масалалари устида ишламоқдамиз. Бир жойда туриб қолганимиз йўқ. Асосий ишлаб чиқаришни модернизациялаш, инновацион технологияларни жорий этиш, сервис хизматларини кенгайтириш бўйича чора-тадбирлар режалаштирилган.

Anhor.uz: Яқин уч йил ичида қандай бозор ва бошқа таваккалларни кўряпсиз?

Шавкат Умурзоқов: Ҳар қандай бозор, ҳар қандай бизнес, ҳар қандай иқтисодиёт соҳасининг ўзига хослиги шундаки, уларда барча таваккалларни олдиндан кўра олишнинг иложи йўқ. Ҳа, у ёки бу бозор сегментлари ёки позициялари бўйича прогноз ҳисоб-китоблар бор, улар бизга бирор-бир конъюнктура ўзгаришларига мослашишга ёрдам беради. Масалан, биз хомашё, бутловчилар нархларидаги, валюталар курси, ишбилармонлик фаоллиги индекслари ва ҳоказолардаги эҳтимолий ўзгаришларни прогноз қиламиз. Бундай ўзига хос бизнесда ҳар қандай бозор ўзгаришларига  тайёр туриш муҳим. “Ўзавтосаноат” миллий компания бўлгани ҳолда, иқтисодиёт ривожи учун амалга ошириладиган фаолиятнинг аҳамиятини тўлиқ англайди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.