Яна бир бор камбағаллик даражасини белгиловчи пул кўрсаткичи ҳақида
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказининг директори Обид Ҳакимов билан камбағалликка қарши курашиш муаммоларини ҳал этишга бағишланган суҳбат муаллифнинг тегишли изоҳлар ва таҳлилсиз баён этилган айрим фикрлари мунозарали бўлгани учун аҳоли орасида норозиликлар туғёнини келтириб чиқарди. Маърузанинг аслини диққат билан тингласангиз, “агар оилада даромад бир кишига кунига 5600 сўмдан тўғри келса, унда Жаҳон банки методологияси бўйича бу оила камбағал ҳисобланмайди” жумласи контекстдан юлиб олингани ва у ушбу сўзлар муаллифининг фикри эмаслиги тушунарли бўлади.
Ўзи нима дейилганди?
Шарҳловчилар фақат 5600 сўм рақамини кўрган бўлишлари мумкин, бироқ улар суҳбатда сўз кўплаб олимлар томонидан тан олинган методология бўйича ҳисобланган қандайдир бир назарий бирлик ҳақида кетаётганини тушунмаган. У нимани англатишини, қаердан пайдо бўлганини ва нега у молиявий институтлар ҳамда молиявий донорлар учун камбағалликка қарши курашишда турли мамлакатларга амалий ёрдам кўрсатиш масалаларини кўриб чиқишда мўлжал эканини тушунтиришга уриниб кўраман.
Ушбу методология кўрсаткичга, яъни харид қилиш қобилияти паритети (ХҚҚП) (Purchasing Power Parity – PPP) бўйича айирбошлаш курси коэффициентига асосланган. Ушбу кўрсаткич конкрет мамлакат аҳолисининг истеъмолчилик хусусиятлари, масалан, муайян килокалориялар тўплами учун озиқланиш харажатларини ва нархлар даражасини ҳисобга олган ҳолда, муайян ҳаётий эҳтиёжларни қондириш бўйича минимал пул эквивалентини кўрсатади.
Масалан, Ҳиндистонда муайян истеъмол савати тўплами учун шартли равишда 10 000 рупия, Хитойда 1 000 юань талаб қилинса, унда бу коэффициент 0,1 ни ташкил этади (шартли-ҳисобий айирбошлаш курсига ўхшаш).
2019 йилда Жаҳон банки томонидан РРР коэффициентининг даражаси Ўзбекистон учун 0,23664 миқдорида белгиланганди. Бошқача қилиб айтганда, агар сўмнинг АҚШ долларига нисбатан реал айирбошлаш курсини бир доллар учун 10 000 сўм миқдорида оладиган бўлсак, унда доллар харид қилиш қобилияти паритети бўйича коэффициентни ҳисобга олган ҳолда ҳисоблаганда тахминан 2 367 сўмни ташкил қилади (интервьюда 1 784 сўмга тенг бўлган 2018 йилги коэффициент олинган).
Мен “РРР коэффициенти” терминининг тавсифини ўқувчиларга бу нима эканини ва унинг тавсифи қанчалик муҳимлиги тушунарли бўлиши учун билатуриб соддалаштиряпман.
Шунга қарамасдан, жаноб Ҳакимов кунига 5 600 сўм даромадга эга фуқаролар камбағал ҳисобланмаслигини айтмаган бўлса-да, бир кишига айнан шу даромад суммасини ҳисобга олган ҳолда бизда камбағаллар сони умумий аҳоли сонининг 9-10% миқдорида белгиланишини тан олгани, ушбу вазиятда биз учун муҳимдир. Бу Иқтисодий тадқиқотлар марказининг сўзлари билан ҳукуматимиз ҳозирча 1 кишининг даромади кунига 5 600 сўмдан юқори бўлган оилаларни камбағал деб ҳисобламаслигини англатади. Мана шу нарса жамиятда норозиликни келтириб чиқарган фикрга айланди.
РРР коэффициенти ва норозиликнинг бошқа томонлари
Мен, иқтисодчи сифатида, социалистик ўтмишга эга мамлакатлар учун РРР коэффициентининг тўғридан-тўғри қўлланишига ҳамда 60-йилларда колониализмдан халос бўлган ва деярли ҳеч қачон совет одамларида бўлган турмуш даражасига эга бўлмаган мамлакатлар билан таққослаган ҳолда, камбағаллик чегараларини аниқлаш мезонларидан нусха кўчирилишига қўшилмайман. Бу жуда муҳим!
Гап шундаки, социализм таъминлади, мустақиллик эса кеч социализмнинг кўплаб ютуқларини мустаҳкамлади: бепул хусусийлаштирилган квартиралар, мактабгача таълим ва мактаб таълимидан бепул фойдаланиш, бепул тиббиёт, бепул олий таълим олиш имконияти, бепул фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлган муайян ерларнинг мавжудлиги ва қулайликнинг ижтимоий инфратузилмаси борасидаги бошқа кўплаб нарсалар. Биз, албатта, декларацияларнинг ҳақиқий ҳолатга мувофиқлик даражаси ҳақида баҳслашишимиз мумкин, бироқ юқорида санаб ўтилган, айниқса 90-йилларнинг ўрталаригача мавжуд бўлган нозу-неъматларни тўлиқ рад эта олмаймиз.
РРРни белгилашда истеъмол маҳсулотлари ва хизматлари рўйхати ва тузилмаси турли мамлакатларда жуда катта фарқ қилади. РРР коэффициентини белгилашда юқорида тилга олинган социализм мероси бирортаям методикада ҳисобга олинмаган ва ушбу омилларнинг ижобий таъсири “кузатиладиган кўрсаткичларни қамраб олмайди”. На Кенияда, на Ҳиндистонда, на Покистонда мулкида квартиралар ва уйлар, ер участкалари бўлган, ўша социализм йилларида яратилган оддий ижтимоий инфратузилмадан фойдаланувчи бунча кўп сонли одамларни топмайсиз.
Шу боис, эҳтимол, Иқтисодий тадқиқотлар марказининг қашшоқликнинг бошланғич даражасини белгилаш учун РРР коэффициентидан фойдаланиши ўзини оқлайди деган фикрига қўшилган ҳолда, биз барибир ундан камбағаллик чегарасини белгилаш учун амалда тўғридан-тўғри қўлланишига рози бўла олмаймиз. Айнан шундай номувофиқликни онгости даражасида тушуниш жамиятда норозиликни келтириб чиқарди ва когнитив диссонансга олиб келди.
Гап шундаки, нотўғри танланган тавсиф муаммо моҳиятини нотўғри тушунишга, демакки, номақбул натижаларга олиб келади. Бу ҳақда жаноб Ҳакимовнинг ўзи ҳам гапиради.
Шундай экан, Ўзбекистон учун нафақат муайян бойликлар истеъмол даражасининг моддий кўрсаткичларини, балки репортёр Алишер Рўзиохунов кўрсатганидай, мустақиллик йилларида камбағалликнинг юзага келишига олиб келган омилларни, яъни ичимлик суви етишмовчилиги, оддий маиший шароитларнинг (электр энергияси, табиий газ, канализация), муайян географик нуқтада йўлларнинг ва бирламчи ижтимоий инфратузилманинг (болалар боғчалари, мактаблар, маиший хизмат пунктлари, дам олиш ва кўнгилочар жойлар) йўқлигини ҳам ҳисобга оладиган бироз бошқача ёндашувлар зарур.
Ўзбекистоннинг ўзига хослиги нимада
Нобель мукофоти лауреатлари Эстер Дюфло ва Абхижит Бенаржининг меҳнати ва тадқиқотлари натижаларига ҳурмат билан қараган ҳолда, собиқ совет социалистик республикаси сифатидаги Ўзбекистоннинг тарихий ва ижтимоий шароитлари тегишли тадқиқотлар ўтказилган Кения, Ҳиндистон ва Индонезиядаги шароитлардан сезиларли даражада фарқ қилишини қайд этишни истардик. Бизнинг тарихий, маданий, ижтимоий ва моддий меросимиз анча бой ва кенг қиррали эканини таъкидлашни истардим.
Охирги 30 йил ичида кеч социализм томонидан эришилган кўплаб ютуқлар турли сабабларга кўра, шу жумладан аҳоли сонининг тезкорлик билан ошиши, иқтисодиётнинг асосий тармоқларида пухта ўйланмаган тузилмавий ислоҳотларнинг ўтказилиши, минтақавий кооперациянинг муҳимлигини эътиборсиз қолдириш, охиригача ўйланмаган хусусийлаштириш туфайли йўқотилгани – бу бошқа гап.
Айнан шунинг натижасида биз деярли ҳар бир қишлоққача етиб борган газ, электр энергияси ва ичимлик сувини йўқотдик, шунингдек асфальт йўлларининг, соғлиқни сақлаш, маиший ва дам олиш муассасаларининг анча-мунча дуруст инфратузилмаси бузилди. Натижада, энди тўлиқ бепул бўлмаган мактабгача, мактаб таълими ва олий таълимга, пуллик тиббиётга, бузилган йўллар ва кўприкларга, газсиз ётган газ қувурларига, сувсиз ётган сув қувурларига эгамиз.
Иқтисодий тадқиқотлар марказининг тадқиқотлари Тошкент вилоятининг Бўка ва Чиноз туманларида ўтказилиб, маҳалла қўмиталари томонидан “темир дафтарларга” киритилган 1 100 та оилани қамраб олган. Биз бу тадқиқотларнинг репрезентативлиги ҳақида баҳслашишимиз мумкин, аммо улар барибир деярли ҳар бир оилада 7-8 сўтих ер участкаси, бир неча бош йирик ва майда қорамол, мулкчилик ҳуқуқидаги уй борлигини кўрсатади. Агар РРР коэффициентини ҳисоблашда ушбу активларнинг ҳам қиймати ва телевизор, совутгич ва бир нечта смартфон мавжудлиги инобатга олинадиган бўлса, унда бизда камбағаллар умуман йўқдай туюлиши мумкин…
Камбағаллик – нисбий тушунча
Камбағаллик нафақат моддий жиҳатдан, балки камбағалликка олиб келадиган шарт-шароитлар, шу жумладан ижтимоий-тарихий ва маданий шарт-шароитлар борасида ҳам нисбийдир. Шунингдек у моддий эҳтиёжларни қондиришнинг ва келажакда уларни қондириш имкониятларининг ҳақиқий шароитлари сабабли ҳам нисбий ҳисобланади.
Жаноб Ҳакимов тилга олган Хитойнинг лол қолдирувчи тажрибаси ҳам биз учун намуна бўлолмайди, деб ўйлайман, чунки у овқат ва кийимга бўлган эҳтиёжни қондиришдан бошланган. Кейин Хитой ҳукумати таълим, соғлиқни сақлаш, ижтимоий инфратузилма ва уй-жой билан таъминлаш ишларига ўтган.
Ўзбекистонда уй-жой муаммоси Хитой, Индонезия, Кения ва Танзаниядаги каби ҳалокатли эмасди.
Биз ўз меросимизни унутмаслигимиз керак. Айнан шу меросдан одамларнинг ҳаётий шароитларнинг ёмонлашиши томонга четлашиш, давлат хизматлари ва имтиёзлари истеъмол улушининг камайиши собиқ СССРнинг барча мамлакатларида халқ норозилигининг ”портлашига” олиб келди. Ўзимизга бир саволни берайлик: нега моддий жиҳатдан ёмонроқ яшайдиган мамлакатларда ижтимоий-сиёсий барқарорлик кўпчилик собиқ СССР мамлакатларидагига қараганда яхшироқ. Чунки бу мамлакатлар фақат ислоҳотларнинг ўзини ўтказиш учун сунъий ислоҳотларни (бундай ислоҳотларнинг якуни эса ҳар доим яхшидан ёмон томонга чекиниш бўлган) жадаллик билан ўтказгани йўқ.
Янгидан шаклланган мустақил давлатларнинг ҳаммаси ҳам кеч социализм томонидан эришилган ҳамда овқат ва кийим билан чекланмаган ҳаётий стандартларни таъминлай олгани йўқ. Айримлар ислоҳотларни ўтказишга ҳаддан ташқари шошилиб, барча мавжуд ижобий нарсаларни бузишга муваффақ бўлди, холос. Масалан, саноат қувватлари ва кооперацияни, ижтимоий кафолатлар ва инфратузилмани… Мамлакатлар бошқарувни “ҳалол ва моҳир қўлларга” топшириш учун хусусийлаштириш, оммавий хусусийлаштириш ёрдамида янги самарали мулкдорларни белгилаш борасида шошилди. Бироқ бунча миқдордаги янги самарали мулкдорларни қаердан ҳам топиб бўларди.
Натижада, давлат мулки ва активларининг самарасиз, ноадекват қайта тақсимланиши юз берди, аҳолининг мутлақ катта қисми ўз турмуш даражаси учун жуда муҳим бўлган социализмнинг минимал неъматларидан фойдалана олмасдан қолди.
Мен социализмни тарғиб қилаётганим йўқ. Мен бор-йўғи фуқароларимиз томонидан камбағаллик чегараси сифатида адекват тарзда қабул қилинадиган фаровонлик чегараларини белгилашга ҳаракат қиляпман, холос. Бу аҳоли бошига 5 600 сўм ҳам эмас, балки кўплаб омиллар тўпламидир, хусусан, яна бир бор такрорлайман, тоза ичимлик сувидан фойдаланиш, мақбул маиший шароитлар (электр энергияси, табиий газнинг барқарор узатилиши, канализация мавжудлиги), муайян географик нуқта атрофида асфальт йўллари ва бирламчи ижтимоий инфратузилманинг (боғчалар, мактаблар, маиший хизмат кўрсатиш пунктлари, кўнгилочар ва дам олиш масканлари) мавжудлиги шулар жумласига киради.
Олдин баён этилган стандартлардан пастроқ бўлиб қолган маиший таъминланганлик даражасининг ҳар қандай мезонлари бизнинг “социализмни кўрган” жамиятимиз томонидан орқага чекиниш сифатида қабул қилинади.
Шундай экан, бизнинг Иқтисодий тадқиқотлар марказига камбағаллик мезонларини шакллантириш масаласидаги тилак-истакларимиз – нафақат хорижий мамлакатлар тажрибаси ва методикаларидан, балки ўзимизнинг тарихий ривожланиш тажрибамиздан, энг аввало, А.Н.Косигин ислоҳотлари давридан келиб чиқиш керак. Ўшанда 70-йилларда совет фуқароларининг маиший шароитларини яхшилаш учун фаол кураш олиб борилган, бунда нафақат маиший товарлар (овқат, кийим, совутгич, телевизор, телефон, машина), балки ижтимоий-маиший шароитлар (ичимлик суви, инфратузилма ва ёш оилаларни яратиш ва ривожлантириш шароитлари) ҳам устувор масала ҳисобланган.
Хулоса ўрнида: жаноб Ҳакимов 2020 йил 4 ноябрь куни ўз позициясини тушунтириш учун матбуот анжуманини тўплаган ҳолда, Жаҳон банки методикасига таяниб камбағаллик чегараларини белгилаш учун РРР коэффициенти тўғри қўлланаётганини ҳимоя қилишга бироз берилиб кетди. Айнан мана шу норозиликни келтириб чиқарди, чунки ҳамма асосий тезисни, яъни киши бошига 5 600 сўм – камбағаллик чегараси эканини “билиб олди”. Ҳолбуки ҳамма камбағаллик ҳажмга эга тушунча эканини ва уни, айниқса 60-70 йилларда “социалистик фаровонлик” меваларини татиб кўришга улгурган Ўзбекистонда шунчаки киши бошига белгиланадиган рақам билан аниқлаб бўлмаслигини билади. Ҳеч бўлмаганда, 1966 йилги зилзиладан сўнг Тошкентнинг қандай ривожланганини бир эслайлик.
Халқимиз, бир томондан, ўзини камбағал деб аташни ёқтирмайди, аммо бошқа томондан, ҳақиқатдан ҳам камбағал фуқароларнинг ҳуқуқлари давлат томонидан эътиборсиз қолишини ҳам хоҳламаяпти. Юқорида қайд этганимиздан, ҳаммаси нисбий.
Албатта, буларнинг барчаси – шахсий фикрим.
Абдулла Абдуқодиров,
Anhor.uz иқтисодий шарҳловчиси
Шарҳлар