Зиёфат кимнинг ҳисобидан?

Зиёфат кимнинг ҳисобидан?

Ўзбекистон Марказий банки пул-кредит бозорининг фаол иштирокчисига айланди. Марказий банк томонидан амалга ошириладиган амалиётлар рўйхатига депозит аукционларини, давлат ғазначилик облигациялари (ДҒО) билан амалиётларни, турли аукционлар, овернайтларнинг киритилиши миллий валюта ликвидлигини, банклар ликвидлигини мустаҳкамлаш ва инфляцияни ушлаб туриш борасида муҳим босқич ҳисобланади.

Марказий банк ноёб имкониятларга эга бозорнинг фаол иштирокчиларидан бири бўла туриб, бир вақтнинг ўзида бозор воситаларининг модератори ва (қоидалар) регулятори сифатида ҳам чиқмоқда.

Депозит нархлари нимага асосланган

Кредит-пул бозорида бундай фаол амалиётларни ўтказишда ҳар доим нархни шакллантириш бўйича кўплаб саволлар туғилади. Масалан, Марказий банкда 14 кунлик муддатга эга ва йиллик 15% миқдоридаги тижорат банкларининг қисқа муддатли девозитлари нархи қаердан пайдо бўлди, бунинг устига уни аукцион деб аташаётган бўлса? Тушуниш осон бўлиши учун изоҳ бераман: тижорат банклари МБ томонидан эълон қилинган куни аукционда қатнашади, бу ерда улар МБга ўзларининг сўмдаги вақтинчалик бўш маблағларини таклиф қилади, МБ эса бу пулларни депозитга олиш ва улар бўйича йиллик 15% тўлаш мажбуриятини олади.   

Савол шундаки, бу депозит учун де-факто ким тўлайди ва у иқтисодиётимизга нега керак? Охир-оқибатда МБнинг бу пулларни айланмадан олишга кетган харажатларини ким қоплайди? Бу пулларни айланмадан олиш ўзи нимага керак?

Ёки бошқа бир воситани олайлик: тижорат банкларига сўм маблағларининг ўрнига 14 кун муддатга валюта маблағларини тақдим этиш бўйича валюта СВОПи аукциони. Қизиғи шундаки, айирбошлаш курси ўзгариши таваккали туфайли МБ ушбу сўмдаги маблағлар бўйича “ўртача ўлчанган ставка 15,45% ва минимал ставка ёки кесиш ставкаси бўйича йиллик 15,00% бўлгани ҳолда йиллик 15,56%”гача тўлашга тайёр. Тижорат банклари валюта маблағларидан вақтинчалик фойдалангани учун МБга тўлаш-тўламаслигини МБ маълум қилмайди, биз ҳам фол очиб ўтирмаймиз.

МБнинг тижорат банклари билан яна бир қизиқарли амалиёти бор – РЕПО аукционлар, бунда тижорат банклари давлат қимматли қоғозлари таъминоти остига МБдан 14 кун муддатга миллий валютада маблағларни қарз олиши мумкин. Охирги аукционда банкларни кредитлаш ставкаси, ўртача ўлчанган ставка 15,17% ва минимал ставка ёки кесиш ставкаси бўйича йиллик 15,00% бўлганида, йиллик 16,00% ни ташкил қилганди.

Ушбу МБ амалиётларининг моҳияти тижорат банкларидан миллий валютадаги вақтинчалик бўш маблағларни максимал даражада чиқариб олишдан ва бунда, ўз навбатида, тижорат банклари тадбиркорлик субъектларини кредитлай олмаслигидан иборат.
Нима учун? 2023 йил охиригача инфляция даражасининг йиллик 5% бўлишига эришиш учун.

Аммо ҳозир, МБ прогнозларига кўра, 2020 йил охирига келиб инфляция даражаси 14,5% ни ташкил қилади, шу боис МБнинг барча ставкалари ушбу кўрсаткичдан келиб чиқишини тахмин қилиш мумкин.

Ҳар қандай иқтисодчи ўзига, нега пулларнинг нархи бунчалик шубҳали даражада инфляция даражасига мослаштирилган, деган саволни берган бўларди. Ахир инфляция муайян истеъмол товарлари ва хизматларига бўлган нархлар динамикаси билан белгиланади, бунда пуллар нархи умуман мавжуд эмас. Нега МБ моҳияти бўйича мутлақо турлича бўлган иккита иқтисодий тушунчани сунъий равишда боғлаяпти? Ахир пуллар нархи ва инфляция мутлақо турли қўлланиш ва тартибга солиниш соҳаларига эга.

Бундай вазиятда қонуний савол туғилади: МБнинг бундай юқори кредитлаш ставкалари ўз-ўзидан юқори инфляциянинг асосий кўрсаткичи эмасми, ахир айнан МБ пулларнинг нархини билвосита белгилайди. Қайта молиялаштириш ставкаси ва инфляция доирасидаги пуллар нархи қаердан олинади?
Агар МБ йиллик 15% ни бозор ставкаси сифатида тан олса, унда уни 5-6% даражасигача тушириш учун МБ нималар қилади, ахир бунинг учун барча воситалар унинг қўлида-ку?

Мақсадга эришишдаги қайсарлик. Нима учун?

Умуман олганда МБнинг ўжарлиги ва мақсадга интилувчанлигига муносиб баҳо бериш керак. Аммо бу ҳаракатларнинг ҳаммаси 2020 йил бошигача режалаштирилган ва ўтказилган…

Ҳозир 2020 йил май ойи. Ҳеч қандай жамият, ҳеч қандай иқтисодиёт энди аввалгидай бўлмаслигини бутун дунё тушуниб турибди. Бутун дунё, аммо бизнинг Марказий банк эмас. У ўжарлик билан ўз йўналишидан бормоқда ва банкларнинг барча пулларини ўзига олмоқда, тағин пуллар иқтисодиётнинг тижорат секторини кредитлашга кетиб қолмасин.

Ўзбекистонда инфляция муаммосига 2020 йилда иқтисодиётимизда юзага келган муҳим муаммолардан устувор сифатида қарайдиган бирор-бир иқтисодчи борлигини яхши тасаввур қилолмайман.

Ҳатто Сардоба сув омбори фожиаси ҳам МБнинг “инфляцияни таргетлаш” деб аталадиган тўғонини ёришга қодир эмас. Акс ҳолда МБ томонидан 2020 йил 4 майда депозит аукционларини ҳам, РЕПО аукционлари ва бошқаларни ҳам ўтказганини тушуниш менга қийин бўларди.

МБнинг айрим “ютуқлари”

Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитасининг 2020 йил январь-март ойларидаги ахборотига кўра, ўтган йилнинг тегишли даври билан солиштирганда инвестицион фаолликнинг пасайиши кузатилган, инвестицияларнинг асосий капиталга ўзлаштирилишининг ўсиш суръати 89,8% ни ташкил қилган, яъни 10,2% га қисқарган.
 
Молия вазирлиги ва Иқтисодий ривожланиш ва камбағалликка қарши курашиш вазирлиги халққа 3 йилга мўлжалланган компиляцияланган ва экстраполяцияланган бюджетни ва тушунарсиз истеъмол саватини тақдим этишдан бошқасига ярамади. Уларнинг ҳеч бири иқтисодий чораларнинг муқобил вариантларини таклиф этмади.

Табиийки, бундай вазиятда МБ иқтисодий сиёсатни ўтказишнинг якка иштирокчисига айланади ва назаримда зарарли бўлган “Марказий банк тўғрисида”ги қонунни ўз қўлига олиб, тўлиқ автономияга эришган ҳолда, ўз ваколатлари ва таъсири доирасида оқилона деб ҳисобланган барча ишларни қилади.

МБ сиёсатини қабул қилиш мумкин эди, бироқ у ўз ҳаракатлари билан хусусий бизнеснинг тижорат асосида асосий маблағларга инвестиция қилиш, ишлаб чиқаришни модернизациялаш учун маблағларни жалб этиш имкониятларини чекламоқда.

Бунинг устига МБ, бир томондан давлат сектори билан ва  бошқа томондан иқтисодиётни инвестицион рағбатлантиришга йўналтирилаётган давлат шартномалари ва маблағларидан фойдаланиш имкониятига эга бўлмаган хусусий корхоналар билан боғланган корхоналар ва давлат ташкилотлари орасидаги узилишни чуқурлаштиряпти ва катталаштиряпти. Охиргилар ҳатто тижорат асосида, ишлаб чиқаришнинг фонд сиғимини ошириш, ускуна ва машиналар харид қилиш, ишлаб чиқаришни модернизациялаш учун молиявий воситалардан фойдаланиш имкониятидан маҳрум бўлди.

2020 йил январь-март ойларида 33,4 трлн сўмлик инвестиция асосий капиталга ўзлаштирилди, уларнинг 63,9% ёки 21,4 трлн сўм жалб этилган маблағлар, яъни давлат секторидаги корхоналар ва улар билан боғлиқ пудратчиларга банк кредитлари ҳисобидан молиялаштирилди. Қолган 36,1 %, ёки 12,0 трлн. сўм, – корхоналар ва аҳолининг ўз маблағлари ҳисобидан. Кўриб турганимиздай, ҳатто шундай шароитларда ҳам, хусусий корхоналар ва аҳоли иқтисодиётимизнинг асосий инвесторларидан бири ҳисобланади.

Уларнинг кўпчилигини ишлаб чиқариш воситалари, машиналар ва механизмларни харид қилиш учун ҳар доим “узун” пулларга эҳтиёжи бор бўлган айнан кичик ва ўрта бизнес корхоналари ташкил қилади. Айнан улар иқтисодиётдаги энг катта бандликни, унинг диверсификацияланганлигини, турли ларзаларга мослашувчанлигини таъминлайди.

МБ ўз сиёсати билан капитал ва маблағларнинг йирик бизнесда тўпланишига ва кичик ва ўрта бизнеснинг аста-секин хонавайрон бўлишига хизмат қилмоқда.
2020 йилнинг биринчи чорагида марказлаштирилган молиявий манбалар ҳисобидан 8,43 трлн сўм (ёки 25,3%) инвестиция асосий капиталга ўзлаштирилди, бу ўтган йилнинг худди шу даври билан солиштирганда 0,13% га кам. Фақат аҳолига ипотека кредитларининг ўзига банклар томонидан 22,6 трлн сўм (ўсиш 11%), автокредитларга 6,3 трлн сўм (ўсиш 15,5%) ажратилганида, бу 8,43 трлн сўм нима бўпти.

Биз кимнинг ҳисобидан бунчалик сахиймиз

“Марказий банк тўғрисида”ги Қонуннинг  14-моддасига мувофиқ Марказий банк фойдасининг қолдиғи “аниқ мақсадли захиралар ва фондлар белгиланган тартибда тўлдирилганидан кейин фойданинг қолган қисми Давлат бюджети даромадига йўналтирилади”. Бу ерда савол туғилади, Молия вазирлигида Марказий банкнинг давлат бюджетини бошқариш бўйича ягона ваколатли орган сифатидаги фаолиятини текшириш ва бирор-бир таъсир қилиш воситаси борми? Жавоб – йўқ. Бу орада эса, бюджетга тушумларнинг улкан танқислиги ва улкан фойда танқислиги таҳдиди шароитларида Марказий банк бюджет тақчиллигини қоплаш, пандемия туфайли ошган харажатларни молиялаштириш манбаларидан бири бўлиши мумкин эди.

Ахир МБдаги тижорат банкларининг  ҳисобрақамларига (ностро-ҳисоблар) тижорат банкларининг депозитларини пуллик асосда қабул қилган ҳолда, МБ ўз фойдасининг бир қисми бўлиши мумкин бўлган маблағларнинг бир қисмини сарфлаяпти. Буни ким назорат қилади ва бунга ким тайзиқ ўтказа олиши мумкин? Бундай ташкилот йўқ. Шу боис, назаримда, Молия вазирлиги ҳозирча ўзини Марказий банкнинг филиали сифатида, хўжайиндан қарз олувчи сифатида тутмоқда.
 
Абдулла Абдуқодиров
Иқтисодий шарҳловчи

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.