Собиқ Орол денгизининг тубидан шаҳар топилди

Собиқ Орол денгизининг тубидан шаҳар топилди

Орол денгизи бир неча марта қуриб, яна тўлган – Россия-Германия қўшма археологик экспедициясининг иштирокчилари ана шундай хулосага келди. Демак, Ўзбекистонни суғориш ишлари учун Амударёдан ҳаддан ташқари кўп сув олганликда ва ушбу сув ҳавзасини ҳалокатгача олиб келганликда айблаш сиёсатчиларнинг тўқимасидан бошқа нарса эмас.

14 октябрь куни журналистлар билан суҳбатда россиялик археолог профессор Ирина Аржанцева Оролнинг қуриган тубида топилган қадимий шаҳарни “аср сенсацияси” деб атади. Унинг сўзларига кўра бу Орол денгизи охирги минг йилликда бир неча бор қуриб, янгидан тиклангани ҳақидаги гипотезани тасдиқлайди.
 
Орол денгизи тубидан топилган шаҳар ва унга йўлдош қуруқликдаги овулни Жонкент деб номлашди. Аржанцева хоним журналистлар билан суҳбатда ҳозир ушбу кашфиётни жаҳон илмий жамоатчилигига тақдим этиш учун материалларни тайёрлаш ишлари кетаётганини айтди.
 
Ўз кашфиёти ҳақидаги маълумотларнинг бир қисмини профессор бугуннинг ўзида ошкор қилишга рози бўлди. Орол тубидаги шаҳар 9-асрга мансуб бўлиб, Ипак йўли “тармоқ”ларидан бирининг “чорраҳаси” сифатида хизмат қилган. Бу ерда қазилма ишларини олиб бориш учун илк бор немис олимлари билан биргаликда машинали бурғулаш ишлари қўлланган. Маълумотларга кўра шаҳар ва унинг атрофлари унумдор далалар ва яйловлар билан ўралган. Маҳаллий аҳоли чорвачилик билан шуғулланган: мол, қўй ва ҳатто чўчқаларнинг суяклари топилган.
 
Профессор уй мушугининг қолдиқларини тадқиқотларнинг қизиқ томони эканини айтди. Қолдиқларга қараганда, афтидан мушукка жуда яхши қарашган, у балиқ ва бошоқли маҳсулотлар билан озиқланган. Жониворнинг қолдиқлари юборилган Оксфорд лабораторияси ходимлари эса мушук нобуд бўлишидан 2 ҳафта олдин унга суюқ овқат беришганини ҳам аниқлашди.

«Шаҳар Орол денгизи яна тўлиб, уни ютиб юборишидан олдин вайрон бўлган. Шаҳарда топилган одам суяклари жароҳатланган кишиларга тегишли. Афтидан қандайдир бир фожиа юз берган», – дейди профессор. «Шундан сўнг бу шаҳар минг йилга тарихдан йўқолган»…
 
Таниқли олимнинг баёноти “Орол фожиаси”га баҳо беришда кўп нарсани ўзгартириши мумкин. Хусусан, шундай савол туғилади: Агар 100 йилдан кейин Орол денгизи ўзи сув тўлса, Оролни тиклаш учун тақдим этилган $25 млрд. миқдоридаги халқаро грантлар қандай лойиҳаларга сарфланган? 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.