Қишлоқ уйларини энергетик аудитдан ўтказиш муаммоларни аниқлайди ва атроф-муҳитни асраган ҳолда маблағларни тежайди
Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги, БМТТД лойиҳаси ва Глобал Экология Фонди (ГЭФ) ҳамкорлигидаги “Ўзбекистонда энергия тежамкор қишлоқ уй-жойларини қуришни ривожлантиришга кўмаклашиш” лойиҳаси доирасида бешта вилоят қишлоқларида жойлашган 60 та уй энергетик аудит бўйича мутахассислар томонидан кўрикдан ўтказилади. Лойиҳанинг мақсади Ўзбекистоннинг қишлоқ аҳолисини яхшиланган, арзон ва экологик турмуш шароитлари билан таъминлашдан иборат.
Энергетик аудит ёнилғи-энергетика ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини, бинонинг реал энергия истеъмоли ҳолатини аниқлаш, шу жумладан тўсувчи конструкцияларнинг техник характеристикаларини, муҳандислик ускуналарининг энергия истеъмоли характеристикаларини, йил давомидаги энергия чиқимлари тузилмасини таҳлил қилиш, энергия истеъмолининг камайиш салоҳиятини аниқлаш, уйнинг энергетик самарадорлик даражасини ошириш бўйича тадбирларни асослаш учун ўтказилмоқда. Энергетик аудит иссиқлик энергиясидаги йўқотишлар билан боғлиқ муаммоларни аниқлаш ҳамда энергия тежамкорлиги бўйича техник-муҳандислик ечимини ишлаб чиқиш ва бинолардан фойдаланиш муддатини узайтириш имконини беради.
Қишлоқ уйларининг энергетик аудити бир неча босқичда ўтказилади. Дастлабки иккита босқичда мониторинг амалга оширилади ва ёз даври учун маълумотларга ишлов берилади. Учинчи босқичда уйлар мониторинги қиш даврини ҳам қамраб олади. Якуний босқичда эса иссиқ ва совуқ ойлар учун умумий ахборот тўпланиб, таҳлил қилинади. Якуний ҳисобот энергия тежамкор ва паст углеродли қишлоқ уйларида энергия истеъмоли даражасини мониторинг қилиш, иссиқлик ва электр энергиясининг йиллик ҳақиқий истеъмолини энергетик аудитдан ўтказиш маълумотларини ўз ичига олади, бундан ташқари уйларнинг энергетик баланси ва самарадорлиги баҳоланади. Шунингдек бу иссиқхона газларининг атмосферага ташланиш даражасини ҳамда фуқароларнинг энергия истеъмолини тўлашга кетадиган харажатларини аниқлашга ҳам ёрдам беради.
Июнь ойида иккита босқич доирасида Сурхондарё, Самарқанд ва Фарғона вилоятларида аудит ўтказилди. Мутахассислар ҳар бир вилоятда 12 та уйда бўлди – улардан иккитаси намунавий уй, тўрттаси энергия тежамкор уй, тўрттаси фото-электр тизимлари (ФЭТ) ўрнатилган паст углеродли уй ҳамда иккитаси ФЭТ ва гелиоколлектор билан жиҳозланган уй.
Асбоблар ёрдамида тўсувчи конструкцияларнинг иссиқлик ўтказиши, ёритилиши, ҳарорати, намлиги ҳамда ФЭТ бўйича ўлчаш ишлари ўтказилди. 12 та уйнинг ҳаммасида энергетик аудит ўтказиш даврида маълумот тўплаш учун гигрометрлар ўрнатилди, улар ташқи ва ички ҳароратни ва намликни қайд этиб борди.
Мониторинг жараёнида тўпланган маълумотлар энергия тежамкор паст углеродли уйларни 2018 йилда давлат дастури доирасида ўхшаш иқлим шароитларида қурилган намунавий қишлоқ уйлари билан солиштиришга ёрдам беради.
Олинган натижаларга ишлов берилганидан кейин ва улар таҳлил қилинганидан сўнг энергия ресурслари харажатларини пасайтириш ҳамда қишлоқ уйларининг энергия тежамкорлигини ошириш учун техник, ташкилий ва иқтисодий процедуралар ишлаб чиқилади.
Энергетик аудит жараёни энергия тежамкор уйларда истиқомат қилувчи фуқаролар кўмагида амалга оширилади. Лойиҳа давомида фуқаролар мустақил равишда ҳисоблагичларнинг ҳолатини кузатиб боради, сўров варақаларини тўлдиради, суткалик энергия истеъмоли кўрсаткичларини ва ресурслар сарфини қайд этади.
«Дастлабки таҳлиллар энергия тежамкор уйларда тўсувчи конструкциялар орқали иссиқлик йўқотишлари 2 баравар кам эканини кўрсатди. Энергетик самарадорликни ошириш нафақат энергия ва иссиқликни сақлашга, балки маблағларни тежашга ҳам ёрдам беради», – дейди энергетик аудит билан шуғулланувчи компания вакили Зариф Гараев.
Июнь-июль ойларида Нукус ва Қаршида қурилиш пудратчилари учун қишлоқ жойларида тўрт қаватли кўп квартирали уйларни қуришда энергия тежамкор технологияларни қўллаш бўйича амалий тренинг ўтказилди. Тренинг давомида энергия тежамкор қурилиш материаллари қўлланадиган замонавий технологиялар намойиш этилди.
«Бу йил Китоб туманида, Янгиобод қишлоғи ҳудудида ҳар бирида 24 та квартира бўлган тўртта кўп қаватли уй барпо этилади. Жамоамиз шу уйлардан бирининг пудратчиси ҳисобланади, – дейди «Қурбонмурод Ашуров» ихтисослашган таъмирлаш-қурилиш корхонасининг ишларни юритувчиси Самад Баҳодиров. – Тренингда қатнашиш биз учун ҳозирча янги бўлган технологиялар билан батафсил ва кўргазмали танишиш имкониятини берди. Бу маҳаллий қурувчиларга ўз объектларида энергия тежамкор қурилиш материалларидан фойдаланганда хатоларга йўл қўймасликка ва бажариладиган ишлар сифатини оширишга ёрдам беришига ишончим комил».
2019 йилда Ўзбекистонда 800 та бир қаватли 3 хонали энергия тежамкор ва паст углеродли уйлар қурилди. Шундан 176 та уй Самарқанд вилоятида, 185 та уй Сурхондарё вилоятида, 206 та уй Фарғона вилоятида, 112 та уй Хоразм вилоятида ва 121 та уй Бухоро вилоятида барпо этилди. БМТТД/ГЭФ ва Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлигининг ҳамкорликдаги “Ўзбекистонда энергия тежамкор қишлоқ уй-жойларини қуришни ривожлантиришга кўмаклашиш” лойиҳаси доирасида ушбу уйларга ёритиш эҳтиёжлари учун қуввати 300 Ватт бўлган фото-электр станциялари (ФЭС), 10 та арзон қишлоқ уйига иссиқ сув таъминоти эҳтиёжлари учун қуввати 200 литр сувни иситишга етадиган қуёшда ишлайдиган сув иситгичлари ўрнатилди.
Шарҳлар