Риштоннинг «яшил» уйлари
Фарғона вилоятининг Риштон туманидаги «Бешкапа» қишлоғида бутун бир кўча «яшил» ҳисобланади. Бошқача қилиб айтганда, у – паст углеродли. 2019 йил давомида бу ерда пайдо бўлган 10 та уйнинг ҳаммаси Ўзбекистон Қурилиш вазирлиги ва БМТТДнинг ҳамкорликдаги «Ўзбекистонда энергия тежамкор қишлоқ уй-жойларини қуришни ривожлантиришга кўмаклашиш» лойиҳаси доирасида тикланадиган энергетика технологиясидан фойдаланган ҳолда қурилган. Ушбу кенг кўламли лойиҳа Глобал экология фонди (ГЭФ) томонидан грант маблағлари ёрдамида молиялаштирилмоқда.
«Чироқ ўчишларига энди боғлиқ эмасмиз»
Жўраевлар оиласи уч ой олдин янги уйга кўчиб ўтди. Авазбек ва Марҳабо шу яқин атрофдаги қишлоқда яшагани ҳақида гапиради. Пахсадан қурилган эски уй ва у билан бирга чироқнинг тез-тез ўчиши, иссиқ сув йўқлиги ва ҳовлида жойлашган санузел каби ноқулайликлар ҳам аввалги манзил бўйича қолди.
Оилада учта фарзанд бор. Марҳабонинг сўзларига кўра, айнан улар сабабли ақлли «яшил» уйга кўчишга қарор қилишган. Биринчи қадам 2019 йил баҳорида ташланди: оила ипотекага «яшил» уй олишга ариза бериб, 22 млн сўм миқдорида (тахминан 2150 АҚШ доллари) дастлабки бадални ҳам киритади. Ҳужжатларни тасдиқлаш ва текшириш жараёни икки ой вақтни эгаллайди.
Қурилиш 2020 йил февралида якунланди. Янги уй томига электр энергияси билан таъминлайдиган қуёш панеллари ва қуёшда ишлайдиган сув иситгич ўрнатилган. Ушбу паст углеродли ечимларга қўшимча харажатлар ГЭФ маблағларидан фойдаланган ҳолда лойиҳа томонидан қопланди. Айтиш жоизки, мазкур фонд БМТТДни қўллаб-қувватлайди ва шу тарзда бозорда янги технологияларни жорий этишга, уларнинг техник характеристикаларини тасдиқлашга ҳамда улардан фойдаланиш имкониятини таъминлашга кўмаклашади. Натижада, паст углеродли уй Авазбек ва Марҳабодан қўшимча харажатларни талаб қилмади. Оддий уй ҳолатида эса қўшимча чиқимлар бўлиши тайин эди. Энди эса улар ҳар ойда 1,2 миллион сўм (тахминан 118 АҚШ доллари) тўлаб, ўзлари орзу қилган «яшил» уйнинг барча афзалликларидан фойдаланмоқда.
Жўраевларнинг ҳисоб-китобларига кўра, оила аввалгидан 40% кам энергия истеъмол қилмоқда. Бунга «яшил» уйнинг энергия тежамкор дизайни ва тикланадиган энергетика технологиялари туфайли эришилди. Шунингдек улар янги уй атроф-муҳитга салбий таъсир кўрсатмаслигидан ҳам мамнун. Эски уйда хоналарни иситиш, овқат тайёрлаш учун кўмир ва ўтин ёқишга тўғри келарди.
Электр энергиясининг тежалиши ва атроф-муҳит билан эҳтиёткор муносабатлардан ташқари Жўраевлар крандан оқаётган иссиқ сув ва чироқлардаги ёруғлик «ўзлариники» эканлигидан хурсанд.
«Энди биз чироқ ўчишларига боғлиқ эмасмиз», – дейди Марҳабо.
«Бу жуда қулай, айниқса, уй вазифаларини асосан кечқурун бажарадиган болалар учун», – дейди у. «Қизларимиз бу ҳақда билишганида, келажакда шундай фойдали инновацион технологияларни ўйлаб топиш ва уларни одамларга таклиф қилиш учун янада яхшироқ ўқишларини айтишди. Ўшанда ҳамма болалар шундай уйларда яшашлари мумкин бўлади».
Жўраевларнинг қўшниси Аҳатжон ва Шаҳноза Қодироваларнинг ҳам ҳикояси шунга ўхшаш. Улар қулай, паст углеродли уйга на иссиқ сув, на бошқа қулайликлари бўлган хом ғиштдан қурилган уйдан кўчиб ўтишган. Ҳозир уларнинг фарзандлари уй вазифаларини ўз хонасида сутканинг исталган вақтида бажаришлари мумкинлигидан хурсанд, чунки “яшил” технологиялар туфайли чироқ ҳар доим бор.
«Эски уйимиз билан тенглаштириб бўлмайди», – дейди Қодировлар. Улар учун “яшил” уй – ўзгача қулайлик ва, умуман, турмуш даражаси.
Аҳатжон маблағлар тежалиши борасида ғаройиб рақамларни келтиради.
«Эски уйда иситиш учун кўмирдан фойдаланишимизга тўғри келарди, бунга ойида камида 700 минг сўм (қарийб 69 АҚШ доллари) кетарди», – дейди у. – «Ҳозир биз кўмир ишлатмаймиз. Ҳатто электр энергиясига кетадиган харажатларни ҳам ҳисобга олганда ойига 500 минг сўмга яқин маблағни тежаймиз».
2019 йилда БМТТД томонидан қўллаб-қувватланаётган лойиҳа доирасида 800 та оилага “яшил” ипотека олиш борасида кўмак кўрсатилди. Ҳозир уларнинг ҳаммаси паст углеродли уйларда истиқомат қилади. Лойиҳа бўйича ишлар 2020 йилда ҳам давом этмоқда. Хусусан, “яшил” уйга 528 та ипотека кредитини тақдим этиш режалаштирилган. Уларнинг пайдо бўлиши CO2 эквивалентида 250 минг тоннага яқин иссиқхона газлари ташланишини қисқатириш имконини беради.
Бундан ташқари, лойиҳа Қурилиш вазирлиги билан ҳам фаол ишлади. Бу йилига тахминан 15 000 та уйни қамраб оладиган арзон қишлоқ уйлари бўйича бутун бир Давлат дастури доирасида энергия тежамкорлигини ошириш бўйича мажбурий чора-тадбирларнинг қабул қилинишига олиб келди. Энергия самарадорлигини ошириш бўйича ишлаб чиқилган универсал қоидалар эса фақатгина 2019 ва 2020 йилларнинг ўзида қурилган бинолардан атмосферага иссиқхона газлари ташланишини CO2 эквивалентида тахминан 3,3 млн тоннага қисқартириш имконини беради.
Лойиҳанинг асосий мақсади ҳам энергия тежамкор ва паст углеродли уй-жойларнинг Ўзбекистон бозоридан ўрин эгаллаши ҳамда, ҳатто, лойиҳа ва унинг ГЭФ томонидан молиялаштирилиши якунланганидан кейин ҳам, талабга эга бўлишининг имконини берадиган барқарор бозор трансформациясини яратишдан иборат. “Яшил” Бешкапа кўчасининг тажрибаси ушбу трансформация жуда яқинлигини кўрсатмоқда.
Шарҳлар