Тошкентда «Стокгольм +50» анжумани олдидан якуний миллий консультация ўтказилди
Жорий йилнинг 13 май куни Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси БМТ Тараққиёт дастури билан ҳамкорликда “Стокгольм +50: Умумий фаровонлик учун соғлом сайёра – бизнинг масъулиятимиз, бизнинг имкониятларимиз” мавзусидаги халқаро йиғилишга тайёргарлик кўриш бўйича тўртинчи (якунловчи) миллий маслаҳатлашувини ташкил этди.
Гибрид форматида ўтказилган ушбу давра суҳбатини ўтказишдан кўзланган асосий мақсад-“Стокгольм+50” халқаро йиғилишида Ўзбекистонда экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш, табиий ресурсларини асраб-авайлаш борасидаги ҳукумат томонидан амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларни халқаро майдонда тақдим этишдан иборат бўлди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раисининг ўринбосари Жусипбек Казбеков, БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Матильда Димовска, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Aтроф-муҳит бўйича дастури (ЮНЕП) Марказий Осиё бўйича субминтақавий идораси раҳбари Айдай Курманова, шунингдек, вазирлик ва идоралар, фуқаролик жамияти, илмий доиралар ва жамоат гуруҳлари вакиллари иштирок этишди.
Давра суҳбатида “Миллий биологик хилма-хиллик стратегияси ва ҳаракатлар режаси ва 2020 йилдан кейинги биохилма-хилликнинг янги асоси”, “Биологик хилма-хиллик ва экотизимларни барқарор бошқариш ва молиялаштириш, 2020 йилдан кейинги давр учун янги Глобал биохилма-хиллик кун тартибини амалга оширишга тайёргарлик”, “Табиий ресурслардан фойдаланишда табиатнинг яхлитлиги ва хилма-хиллиги” каби қатор мавзулардаги маърузалар тингланди.
Жаноб Жусипбек Казбеков ўзининг қутлов сўзида шундай деди: “Ўзбекистоннинг янги тараққиёт стратегияси тарихимиздаги энг экологик стратегиядир, чунки ривожланишнинг барча тармоқларида яшил иқтисодиёт тамойиллари ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари ўрнатилган. Шунингдек, Ўзбекистонда мамлакат сиёсатини белгиловчи қатор стратегик ҳужжатлар қабул қилинди: атроф-муҳитни муҳофаза қилишни ривожлантириш концепцияси, биохилма-хилликни ривожлантириш стратегияси, қаттиқ маиший чиқиндилар стратегияси, яшил иқтисодиётга ўтиш концепцияси ва бошқалар. Яшил келажагимизга асос солинди ва бизни халқаро ҳамкорларимиз билан кўп иш кутмоқда”.
Матильда Димовска хоним сиёсатларнинг барқарор молиялаштириш, шу жумладан халқаро, маҳаллий инвестициялар ёки янги молиялаштириш воситалари билан таъминланиши биологик хилма-хиллик ташаббусларининг барқарорлиги учун жуда муҳимлигини таъкидлади.
“Яшиллаштириш камбағалликни қисқартириш ва иқтисодий ўсиш жиҳатлари билан уйғунлашганда фақат комплекс ёндашув барқарор натижаларга олиб келиши мумкин. БМТТД Давлат экология қўмитаси ва Молия вазирлиги билан ҳамкорликнинг бошқа кўплаб соҳалари қатори Ўзбекистонда биохилма-хилликни молиялаштиришнинг янги воситаларини жорий этиш бўйича ҳамкорлик қилиш имкониятидан мамнун”.
Миллий миқёсда ўтказилган маслаҳатлашувлар давомида маҳаллий ҳамда халқаро экспертлар, соҳа мутахассислари, фаоллар Ўзбекистонда атроф-муҳит, экологияга оид масалалар, муаммолар бўйича ўз таклиф ва мулоҳазаларини тақдим этишди, керакли чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича ўзаро муҳокамалар ўтказилди. Шунингдек, ушбу муҳокамалар июн ойи бошида бўлиб ўтадиган “Стокгольм +50” халқаро йиғилишида Ўзбекистон делегацияси томонидан тақдим этилади.
Шарҳлар