«Яшил уйлар» аҳолининг харажатларини қисқартиради

«Яшил уйлар» аҳолининг харажатларини қисқартиради

 

Дунё бўйлаб уй-жой қурилиши қоидалари ўзгармоқда, Ўзбекистон ҳам бу борада мустасно эмас. Мамлакатда ресурсларни тежайдиган уйларни фаол қуриш ишлари кетмоқда. 2020 йилда энергия тежамкорлигини ошириш учун илғор технологиялар қўлланиши кўзда тутилган 500 дан ортиқ уй-жой қурилиши режалаштирилган. Энергия тежамкор уй-жой ўзи нима, нега яшил уйлар қурилиши фақат ҳудудларда амалга ошириляпти, қурилиш сектори экологияга қандай ҳисса қўшмоқда – БМТТД/ГЭФ ва Қурилиш вазирлигининг ҳамкорликдаги “Ўзбекистонда энергия тежамкор қишлоқ уй-жойларини қуришни ривожлантиришга кўмаклашиш” лойиҳаси компонентининг раҳбари Алишер Утемисов ана шулар ҳақида гапириб берди.
 
– БМТТДнинг “Ўзбекистонда энергия тежамкор қишлоқ уй-жойларини қуришни ривожлантиришга кўмаклашиш” лойиҳаси 2017 йилдан буён амалга оширилмоқда. Лойиҳани бошлашга нима туртки бўлди?

– Бугун мамлакатда ишлаб чиқариладиган энергиянинг деярли ярми тураржойлар томонидан истеъмол қилинади. Шу билан бирга, Марказий Осиё ва Шарқий Европа мамлакатларида атмосферага ташланадиган иссиқхона газлари (ИГ) умумий ҳажмининг қарийб 40% уй-жой секторига тўғри келади. 1970 йилдан буён ушбу кўрсаткич глобал кўламда 2010 йилга келиб  9,18 т CO2-экв.га ошди, бу бутун дунё бўйлаб атмосферага ташланадиган ИГ умумий ҳажмининг 19% ни ташкил қилади. БМТнинг ҳисоб-китобларига кўра, кейинги 15 йил давомида Ўзбекистон аҳолиси 20% дан зиёдга кўпайиши мумкин. Ўз навбатида, уй-жой секторидаги энергия истеъмоли ҳам 2050 йилга келиб 30% дан зиёдга ошади, бу эса мамлакатнинг энергетика хавфсизлиги учун таҳдидга айланади ва атмосферага ташланадиган ИГ ҳажмининг ошишига олиб келади.

Бугунги кунда уй-жойларнинг катта қисми қишлоқларда барпо этилмоқда. Хусусан, мамлакатда қурилаётган уй-жойларнинг 70% дан ортиғи республика ҳудудларига тўғри келади. Шунга мос равишда, уй-жой секторида табиий ресурсларга тушаётган юкламани, айниқса, Ўзбекистон аҳолисининг қарийб ярми истиқомат қиладиган қишлоқ ҳудудларида яққол кўриш мумкин.

Уй-жой сектори чиқинди газлар ҳажмларини қисқартириш бўйича улкан салоҳиятга эгалигини тушунган ҳолда, ушбу секторни атмосферага ташланадиган ИГни қисқартириш учун устувор йўналиш сифатида белгилаш ҳақида қарор қабул қилинди. Лойиҳани рўёбга чиқариш учун мамлакатни паст углеродли ривожлантиришга ўтказиш бўйича Йўл харитаси ишлаб чиқилди. Шу тариқа, Ўзбекистондаги БМТ Тараққиёт Дастури ва Ўзбекистон Республикаси ҳукумати Қурилиш вазирлиги ижрочи агентлиги шахсида, Глобал Экология Фонди (ГЭФ)нинг молиявий кўмагида шу лойиҳани ишга туширди.

– “Ўзбекистонда энергия тежамкор қишлоқ уй-жойларини қуришни ривожлантиришга кўмаклашиш” лойиҳасининг янгилик томони нимада? 

– Лойиҳа инновацион ҳисобланади ва бир нечта йўналишда фаолият кўрсатади. Биз биринчи компонент деб атайдиган биринчи йўналиш яшил ипотека кредитлаш механизмини ишлаб чиқиш ва жорий этишдан иборат. Лойиҳа қишлоқ уй-жойлари харидорларини энергия тежамкор ечимлар қўлланган ва тикланадиган энергия манбалари қурилмаларидан фойдаланилган паст углеродли уйларга инвестиция қилишга рағбатлантиради. Айтгандай, ҳозирга келиб энергия тежамкор уйлар Ўзбекистоннинг бешта вилоятида тестдан ўтказилди.     

Иккинчи йўналиш – бу энергия тежамкор қишлоқ уйларининг лойиҳаларини ишлаб чиқишга кўмаклашиш, аҳоли пунктларида паст углеродли уй-жойлар қурилиши учун маҳаллий моддий-техникавий базани ва ишлаб чиқариш қувватларини мустаҳкамлаш. Энергия истеъмоли деярли нол бўлган қишлоқ уйларини қуриш ва синовдан ўтказиш (масалан, Лойиҳа томонидан Нурафшон шаҳрида замонавий энергия тежамкор ва паст углеродли ечимларни қўллаш асосида энергия истеъмоли деярли нол бўлган қишлоқ уйларини қуриш бўйича ишлар амалга оширилмоқда). Энергия тежамкор ва паст углеродли технологиялар ва материалларни ишлаб чиқарувчи маҳаллий корхоналар ва етказиб берувчилар ҳам эътиборсиз ва кўмаксиз қолдирилмаётганини, қайд этишни истардим. Лойиҳа доирасида уларга ўз салоҳиятини оширишда, бизнес-форумлар, мавзули кўргазмалар ва ҳ.к.ларда қатнашишда ёрдам кўрсатиляпти.

Лойиҳанинг учинчи йўналиши – бу кенг кўламли паст углеродли уй-жойлар қурилишини рағбатлантириш мақсадларида норматив-қонунчилик базасини такомиллаштириш. Ушбу компонент бинолар учун энергия истеъмоли бўйича минимал стандартларни кучайтиришга ҳамда уларга амал қилинишини таъминлашга қаратилган.
Ва, ниҳоят, тўртинчи йўналиш – бу паст углеродли уй-жойлар қурилишини рағбатлантириш. Асосий вазифа – аҳолининг яшил ипотека кредитларига бўлган эҳтиёжини оширишдир, бироқ энг асосийси эса – энергия тежамкор ва паст углеродли уйларга бўлган қизиқишни, ишончни ва эътирофни оширишдан иборат.

Энергия тежамкор уй-жой ўзи нима?

– Энергия тежамкор уйларнинг оддий уйлардан фарқи шундаки, улар электр ва иссиқлик энергияси ташувчиларига сарфланадиган харажатларни сезиларли даражада камайтиради. Қолган нарсаларда яшил уйлар оддий уйдан фарқ қилмайди. Яъни улар қулай яшаш учун барча мезонларга жавоб беради – уларда иссиқ сув, чироқлар, иситиш тизими, вентиляция ва қулай яшашни таъминлайдиган бошқа омиллар мавжуд.

Бундай уйларни қуришда қиш даврида иссиқлик энергиясидан камроқ фойдаланиб, уйда иссиқликни кўпроқ сақлаш имконини берадиган, ёзда эса уйни совутишга электр энергиясини кўп сарфламасдан салқинликни таъминлайдиган  энергия тежамкор қурилиш материаллари ва технологиялардан  фойдаланилмоқда. Шунингдек қуёш энергияси манбаларидан, масалан, фото-электр станциялари ва қуёшда ишлайдиган сув иситгичлардан фойдаланиш ҳам анъанавий энергия манбалари имтеъмолини қисқартиришга сезиларли ҳисса қўшади.

Айтгандай, уйда энергия тежамкор маиший асбоблар ва LED-чироқлардан фойдаланиш ҳам энергия ресурсларини тежаш имконини беради. Шу боис фуқаролар бу борада қилиши мумкин бўлган энг оддий иш – бу эски чўғланма лампаларни LED-чироқларга алмаштиришдир, улар ёритишга сарфланган энергиянинг қарийб 90% ни тежаш имконини беради. 

Уй энергия тежамкор эканини қандай билиш мумкин?

– Буни энергетик аудитни ўтказиш йўли билан билиш мумкин. Бунинг учун ихтисослашган ташкилотлар мавжуд, улар махсус методология ва ўлчов асбобларидан фойдаланган ҳолда уй қай даражада энергия самарали эканини ҳисоблайди. Энергетик аудитдан кейин компания уйнинг энергия тежамкор экани ҳақида паспорт бериши керак.

– Энергия тежамкор материаллардан фойдаланиш истеъмолчига қимматга тушади деган фикр мавжуд. Ҳақиқатдан ҳам шундайми?

– Ҳаммаси қурилишда қандай энергия тежамкор қурилиш материаллари қўлланаётганига боғлиқ. Чунки қурилиш материаллари  бир-биридан нафақат нархи бўйича, балки функционаллиги бўйича ҳам фарқ қилади. Масалан, баъзи қурилиш материаллари юқори даражадаги иссиқлик изоляциясини таъминлайди, бошқалари эса унчалик юқори бўлмаган иссиқлик изоляциясига мўлжалланган. Шунга мос равишда, уларнинг қиймати ҳам фарқ қилади. Шу сабабли бу саволга аниқ жавоб беришнинг иложи йўқ. Умуман олганда, энергия тежамкор уйлар стандарт уйларга қараганда қимматроққа тушади, аммо оддий уй ўзининг рентабеллиги бўйича энергия тежамкор уй билан рақобат қилолмайди. Гап шундаки, энергия тежамкор технологиялардан фойдаланган ҳолда барпо этилган уйлар фойдаланишга сарфланадиган харажатлар тежалиши ҳисобидан бир неча йилдан сўнг унинг эгасига арзонга тушади.    

Иссиқлик энергияси ва электр энергиясининг тарифлари ошиб бормоқда, афтидан бундан кейин ҳам ошаверади. Демак, оила бюджетига тушадиган юклама ҳам ҳеч қаерга йўқолмайди. Шу боис энергия тежамкор ва паст углеродли уйларга бир қизиқиб кўриш мақсадга мувофиқ деб ўйлайман. Бунинг устига, бундай уйларни харид қилиш атроф-муҳитни яхшилашга қўшилган катта ҳисса бўларди.   

– 5 июнь санасида Бутунжаҳон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш куни нишонланади. Ушбу лойиҳа экологик вазиятни яхшилашга ўз ҳиссасини қўшяпти, деб ишонч билан айтиш мумкинми?

– Лойиҳанинг биринчи даражали вазифаси Ўзбекистонда айнан экологияни ва энергия самарадорлигини яхшилашга йўналтирилган. Лойиҳа доирасида амалга оширилаётган комплекс ишлар туфайли олдимизга қўйилган вазифани уддалаяпмиз, деб дадил айтишимиз мумкин. 2019 йилда лойиҳа доирасида Ўзбекистоннинг бешта вилоятида 800 та энергия тежамкор ва паст углеродли уй-жойлар барпо этилди. Бу атроф-муҳитга ташланадиган иссиқхона газлари миқдорини камайтириш имконини берди. 2020 йилда 528 та уй-жой қурилишига ёрдам кўрсатилади. Фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистон аҳолисини Бутунжаҳон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш куни билан табриклашни истардим.
      

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.