Ўзбекистон Экология вазирлиги 2024 йилнинг биринчи ярим йиллигидаги фаолият бўйича натижаларни эълон қилди
18 сентябрь куни АОКАда “Экология вазирлигининг соҳадаги фаолияти кўрсаткичи: эришилган натижалар ва истиқболдаги режалар ҳамда экологик таълимни ривожлантириш истиқболлари” мавзуида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Тадбир давомида 2024 йилнинг олти ойи давомида олиб борилган фаолиятнинг бир нечта йўналишлари бўйича эришилган ютуқлар эълон қилинди.
Мана уларнинг қисқартирилган рўйхати. “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида 2024 йил баҳорида 138 миллион дарахт экилди. Вазирлик ва ҳудудларда маҳаллий ҳокимликлар томонидан 257 та “яшил боғ” ташкил этилиб, уларнинг умумий сони қарийб икки баробарга кўпайди. Шунингдек, очиқ бюджет тизими орқали “Менинг боғим” лойиҳаси ишга туширилгани ҳақида ҳам маълум қилинди. Фуқаролар томонидан ишлаб чиқилган 738 та лойиҳадан 215 таси ғолиб деб топилиб, жами 48,7 миллиард сўм маблағ ажратилди.
Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш ва мониторингини олиб бориш бўйича кўрилган чора-тадбирлар орасида атроф-муҳитга таъсир этувчи 11296 та объект давлат экологик экспертизасидан ўтказилди. 52 та йирик саноат корхонасида чанг ва газ йиғиш ускуналари ўрнатилиб, модернизация қилинди.
Давлат ўрмон хўжалиги 220 минг гектар майдонда ўрмон плантацияларини барпо этди. Жумладан, Орол денгизининг қуриган туби ва Оролбўйида 215 минг гектар, тоғли ва тоғ олди ҳудудларида 2 минг гектар майдонда ўрмонзор ва ўрмонларни тиклаш ишлари амалга оширилди.
Чўл, тоғ ва тоғ олди ҳудудларида чўлланиш ва қум кўчиши, сув ва тупроқ эрозиясининг олдини олиш мақсадида 140 гектар майдонда ҳимоя ўрмон плантациялари барпо этилди.
Сув ва ер ресурсларини, шунингдек, ер ости ва ер усти сувларини муҳофаза қилиш чора-тадбирлари доирасида 37 корхонада маҳаллий тозалаш иншоотлари реконструкция қилинди ёки қайта қурилди. Бош прокуратура билан биргаликда пойтахтдаги “Салар”, “Бектемир” ва “Бўзсув” сув тармоқларига ифлослантирувчи моддаларни оқизаётган 44 та корхонага нисбатан чора кўрилди, 12 та корхона канализация тармоғидан узилди.
Чиқиндиларни қайта ишлашни такомиллаштириш ва тартибга солиш жараёнида мавжуд 209 та маиший чиқинди полигонининг 26 таси санитария-эпидемиология ва экологик талабларга жавоб бермагани ва ресурсларидан ошиб кетгани сабабли ёпилди. 183 та маиший чиқинди полигони ва 8 та заҳарли кимёвий чиқинди полигони “Чиқиндилар полигонини бошқариш” дирекцияси балансига ўтказилди.
Яшил майдонларни инвентаризация қилиш бўйича чора-тадбирлар доирасида сунъий йўлдош тасвирлари асосида 254,1 миллион дарахтнинг координаталари аниқланди ва яшил майдонларнинг рақамли харитаси яратилди. 553,1 мингдан ортиқ дарахтнинг паспорти яратилиб, рақамлаштирилди. Фанлар академияси билан биргаликда қўшни республикалар билан чегарадош ҳудудлар орқали кўчиб ўтадиган ёввойи ҳайвонларнинг йиллик сонини аниқлаш бўйича идоралараро электрон ахборот алмашинуви тизими ишга туширилди ва бу ҳайвонлар турларининг рўйхати шакллантирилди.
Экологик назорат жараёнида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларини бузган 33 минг 378 нафар шахс аниқланди. Қонун ҳужжатларига мувофиқ қонунбузарларга 35,5 миллиард сўм маъмурий жарима ва табиатга етказилган зарарнинг ўрни тўлдирилди. Шундан 28,5 миллиард сўм ундирилди.
Экологик таълим соҳасида 10 та илмий, 12 та амалий ва 3 та инновацион лойиҳалар амалга оширилди. Илмий-тадқиқот ишлари натижалари асосида 6 та монография ва 59 та мақола (шундан 17 таси хорижий нашрларда) чоп этилди.
Гидрометеорология хизматлари фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлар доирасида 20 гидрологик пост замонавий автомат сув ўлчаш ускуналари билан жиҳозланди.
“Замин” халқаро жамоат фонди билан биргаликда Андижон, Бухоро, Қашқадарё, Навоий, Наманган, Тошкент ва Фарғона вилоятлари маъмурий марказлари ҳамда Тошкент шаҳрида monitoring.meteo.uz сайтига ҳар 10 дақиқада ҳаққоний ахборотни узатадиган 16 та янги автомат станция ўрнатилди.
Шарҳлар