,

Ўзбекистонда ёввойи табиатга зарар етказганлик учун чоралар қатъийлашди: жаҳон амалиёти

Снежный барс
Фото с сайта hook.report

Ёввойи табиат ва ўрмон ресурсларига қарши барча жиноий жиноятлар глобал миқёсга эга бўлиб, сайёрамизнинг турли қисмларида содир бўлмоқда. Бутунжаҳон ёввойи табиат фонди (WWF) маълумотларига кўра, сўнгги 50 йил ичида дунё бўйлаб сутэмизувчилар, қушлар, амфибиялар, судралиб юрувчилар ва балиқлар сони қарийб 70 фоизга камайган.

Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига киритилган ўсимликларга етказилган зарар миқдорини ҳисоблаш учун коэффициент 5 бараварга оширилиб, қуйидаги миқдорларда белгиланмоқда (битта ўсимлик учун):

  • йўқолиб кетаётган ўсимлик учун – БҲМнинг 10 баравари;
  • камёб ўсимлик учун – БҲМнинг 4 баравари;
  • камаяётган ўсимлик учун – БҲМнинг 2,5 баравари

Шунингдек ҳайвонларга етказилган зарар учун ундирувлар 10 бараварга оширилмоқда. Мисол учун, эндиликда битта қоплонни йўқ қилганлик учун Ўзбекистон фуқароларидан БҲМнинг 3000 баравари миқдорда, чет эл фуқаролари ва юридик шахслардан $400 000 миқдордаги сумма ундирилади.

Дунёда нималар содир бўляпти?

Ҳар йили сайёрамиздаги ёввойи ҳайвонлар популяцияси тахминан 2,5% га камайиб бормоқда, бу кўплаб омиллар билан боғлиқ. Уларга табиий яшаш жойларини йўқ қилиш, инвазив турларнинг тарқалиши (мааслан, бошқа турлар учун токсик ёки хавфли бўлган  «боршчевик» ва Колорадо қўнғизи), тупроқ, ҳаво ва сув ҳавзаларининг ифлосланиши, глобал иқлим ўзгариши, ҳайвонларни ва балиқларни ҳаддан ташқари кўп овлаш.

Хусусан, Касби туманида браконьер Қизил китобга киритилган 43 та эчкемарни ўлдириб, терисини олган. Браконьер 14 июнь куни ўтказилган экорейд давомида қўлга олинган. “Касби” маҳалласида яшовчи фуқаронинг уйидан Ўзбекистон Қизил китобига ва СИТEС конвенциясининг (Йўқолиб кетиш хавфи остидаги ёввойи фауна ва флора турларининг халқаро савдоси тўғрисидаги конвенция) 1-иловасига киритилган 43 та эчкемарнинг териси, шунингдек, 20 та тирик кулранг эчкемар топилган).

2020 йил декабрь ва 2021 йил май ойларида Доғистонда 200 дан ортиқ тюлен жасади топилган. Ўша пайтда ҳайвонларнинг ўлимига уларнинг балиқ овлаш тўрларига илашиб қолгани ва браконьерларнинг хатти-ҳаракатлари сабабчи бўлганлиги қайд этилади. Мутахассисларнинг сўзларига кўра, баҳорда тюленлар жанубга тушиб, балиқ тўрларига ўралашиб қолади. Бундан ташқари, мутахассислар денгизнинг ифлосланиши ва вирусли касалликларни тюленлар оммавий нобуд бўлишининг сабабларидан бири деб ҳисоблашмоқда.

Дунё мамлакатларида ҳайвонларга зарар етказмаслик учун муайян чоралар кўрилмоқда. Мисол учун, 2016 йилнинг апрель ойида Янги Зеландия барча тўрт оёқли ҳайвонларни онгли мавжудотлар сифатида расман тан олди. Бу ерда ёввойи ҳайвонларни овлаш ва тузоққа тушириш, шунингдек, ҳайвонлар устида синов ўтказиш тақиқланади. Ҳайвонларни шафқатсиз муносабатда бўлган кишилар таъқиб қилинади.

Буюк Британияда ҳайвонларни шафқатсизликдан ҳимоя қилувчи қонун 1822 йилда қабул қилинган. Британия парламенти ҳайвонларга, жумладан, итлар, мушуклар, отлар, қуёнлар ва паррандаларга ҳуқуқ ва эркинликларни берди. Қонунни бузиш жаримадан тортиб озодликдан маҳрум қилишгача бўлган жазоларни ўз ичига олади.

Қозоғистонда 2022 йил 1 мартдан “Ҳайвонларга масъулият билан муносабатда бўлиш тўғрисида”ги қонун кучга кирди. Қонунда ҳайвонларга нисбатан шафқатсизлик деганда ҳайвоннинг ўлимига, жароҳатланишига ёки соғлиғига бошқа зарар етказилишига олиб келган ёки олиб келиши мумкин бўлган қасддан қилинган ҳаракат тушунилади.

Россияда безорилик ёки ғаразли ниятларда ҳайвонларга ҳужум қилиш 80 минг рублгача жарима ёки маҳкумнинг олти ойлик иш ҳақига тенг миқдорда жарима солиш билан жазоланади. Бундан ташқари, бир йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ва 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш каби чоралар ҳам кўрилиши мумкин.

Мамлакат фуқароларининг ўзлари ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳуқуқларини ҳимоя қилишга муваффақ бўлган ҳолатлар ҳам қайд этилган. Непал фуқаролари 11000 дан ортиқ футбол майдонига тенг бўлган халқаро аэропорт қуришни режалаштираётган ҳукуматига қарши қонуний ғалаба қозонди. Лойиҳа Нижгадх вилоятида тахминан 2,5 миллион дарахтни кесишни талаб қиларди. Бунинг атроф-муҳитга, биологик хилма-хилликка, ёввойи табиатга ва маҳаллий жамоаларга таъсири ҳалокатли бўларди. Яхшиямки, Непалнинг олий суди ҳукуматнинг режаларини амалга ошириш мумкин эмаслигини тан олди.

Эквадор эса ёввойи ҳайвонларга қонуний ҳуқуқлар берган дунёдаги биринчи давлатга айланди. Эндиликда бу ҳайвонлар юридик шахс сифатида эътироф этилган бўлиб, уларга ов, қопқон ва савдодан ҳимояланиш ҳуқуқи кафолатланган. Эквадор дунёда биринчи бўлиб табиат ҳуқуқларини ўз конституциясида мустаҳкамлаб қўйган.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.