Ўзбекистонда озиқ-овқат чиқиндиларини қисқартириш бўйича миллий дастур ишлаб чиқилади
6 сентябрь куни Ўзбекистон Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов ва БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) Бош директори доктор Цюй Дунъюй ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Музокараларда озиқ-овқат чиқиндиларини камайтириш бўйича миллий дастурни ишлаб чиқиш, “Марказий Осиёда сув ва ер ресурсларининг ўзаро боғлиқлиги” (CAWLN) минтақавий дастурини, қишлоқ хўжалигида пестицидлар ва кимёвий ўғитлардан фойдаланишни тартибга солиш бўйича янги грант лойиҳасини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Муҳокама якунлари бўйича, шунингдек, ерлар деградациясини мониторинг қилиш, чўлланиш ва чанг бўронларига қарши курашиш, қишлоқ хўжалигида оғир кимёвий моддалар ва пестицидларни босқичма-босқич бекор қилиш, экологик тоза деҳқончилик усулларини илгари суриш ва озиқ-овқат чиқиндилари бўйича ФАО концепциясини жорий этиш бўйича ҳамкорликни кенгайтириш юзасидан келишувларга эришилди.
Шарҳлар