1 апрелдан бошлаб заргарлик буюмларини электрон тижорат орқали сотишга рухсат этилади

Ўзбекистон президенти «Заргарлик саноатини янада ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорни имзолади, деб ёзади “Газета” нашри.
 
Ҳужжатга кўра, ишлаб чиқарувчиларга 2023 йил 1 мартга қадар заргарлик буюмларини ишлаб чиқарувчиларга қимматбаҳо металларни тўғридан-тўғри шартнома асосида ёки кечиктириб тўлаш шарти билан сотиш тартиби жорий қилинади.

Қимматбаҳо металлар кейинчалик хом ашё кўринишида қайта сотиш ҳуқуқисиз тўғридан-тўғри шартнома асосида нархнинг 15 фоизлик аванс тўловини амалга оширган ҳолда 180 кунга кечиктириб тўлашга рухсат бериляпти. Бунинг учун «Навоий кон-металлургия комбинати» АЖ ва «Олмалиқ кон-металлургия комбинати» АЖ билан келишилган ҳолда «Ўзмиллийбанк» АЖ кафолатини тақдим этади. «Ўзмиллийбанк» банк кафолатини йиллик 2 фоизгача комиссия ундирган ҳолда тақдим этади.

Бундан ташқари, шу йил 1 апрелдан бошлаб:

  • заргарлик буюмларига асллик даражаси тамғаси ва ишлаб чиқарувчининг шахсий тамғасини механик ёки лазер усуллари ёрдамида туширишга рухсат этилади;
  • тамғалаш усули заргарлик буюмларини ишлаб чиқарувчилар томонидан мустақил белгиланади;
  • юридик шахсларга ўзлари ишлаб чиқарган ўлчовли ёмбиларни жисмоний ва юридик шахсларга сотишга рухсат берилади. Бунда, нарх ишлаб чиқарувчи томонидан мустақил белгиланади (Лондон қимматбаҳо металлар биржасининг эрталабки фиксинг нархи ва Марказий банкнинг курсидан кам бўлмаган миқдорда);
  • қимматбаҳо металлардан ва қимматбаҳо (ярим қимматбаҳо) тошлардан ясалган заргарлик буюмларини ички ва ташқи бозорларда электрон тижорат орқали сотишга рухсат берилади;
  • мижозни, унинг вакилини ва бенефициар мулкдорни текшириш (улардан шахсини тасдиқловчи ҳужжат, давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома, таъсис ҳужжатлари ва бошқа маълумотларни сўраб олиш) талаб этилмайди (нақд пулда ўзаро ҳисоб-китоб амалга оширилганда операциянинг умумий суммаси БҲМнинг 600 бараваридан ошмаган, хисоб-китоб жисмоний шахсларнинг пластик карталари орқали амалга оширилган тақдирда).

Ҳужжатда марварид, олмос ва қимматбаҳо тошларга импорт божхона божлари солинмаслиги кўзда тутилган. Заргарлар «Ўзмиллийбанк»дан 300 миллион сўмгача бўлган миқдорда 3 йил муддатга, 6 ойгача имтиёзли давр билан микрокредитлар олиши мумкин.
 
Шунингдек, 1 майга қадар қимматбаҳо металларни ишлаб чиқаришда ҳосил бўладиган парчаларни ва чиқиндиларни, қимматбаҳо металларнинг ўлчов пластиналари ва гранулалари, қимматбаҳо ва ярим қимматбаҳо тошлар, қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлардан ясалган ярим тайёр маҳсулотларни реализация қилиш бўйича айланмани ҚҚСдан озод этиш бўйича ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш топшириғи берилган.
 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.