1 августдан ҳокимлар ер участкаларини ажрата олмайди
Ўзбекистон президенти имзолаган фармонга мувофиқ, 1 августдан бошлаб маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ер муносабатлари, шунингдек улар бўйича қарорлар, буйруқлар ёки бошқа турдаги ҳужжатларни қабул қилиш ҳуқуқига оид қуйидаги ваколатлари бекор қилинади:
– ер участкаларини тўғридан тўғри ажратиш, фойдаланишга бериш, келгусида ажратиш учун захиралаш, бириктириш, ободонлаштириш учун бериш ёки ерларни бошқача йўл билан тасарруф қилиш; бундан мазкур фармонга мувофиқ ер участкаларини давлат ташкилотларига доимий фойдаланишга ажратиш, очиқ танлов якунларини тасдиқлаш, ижара шартномасини имзолаш, ер участкаларини хусусийлаштириш натижаларини расмийлаштириш бўйича ваколатлар мустасно;
– туман ва шаҳар ҳокимликлари томонидан ерга бўлган ҳуқуқларни белгилаш, эътироф этиш, ўзгартириш, бекор қилиш;
– суғориладиган ерларни суғорилмайдиган ерлар тоифасига ёки бошқа ер тоифасига, суғорилмайдиган қишлоқ хўжалиги ерларини бошқа ер тоифасига ўтказиш;
– жамоа боғдорчилиги, узумчилиги ва полизчилиги ҳамда ёрдамчи қишлоқ хўжалигини юритиш учун ер бериш;
– хусусийлаштириладиган ерга нисбатан инвестиция мажбуриятлари ёки хусусий мулкни эркин тасарруф этишни чеклайдиган бошқа мажбуриятларни белгилаш.
1 августдан бошлаб хусусий секторга ер участкалари ажратишнинг қуйидаги тартиби жорий қилинди:
– мулк ҳуқуқи ва ижараси асосида, давлат органларига, муассасаларига, корхоналарига, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига
– доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида;
Мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик, доимий эгалик, вақтинча фойдаланиш ҳуқуқи билан ер ажратиш тартиби бекор қилинади, бунда илгари ажратилган ер участкаларига бўлган бундай ҳуқуқлар уларнинг эгаларида амалдаги тартибда сақланиб қолади.
Кўчмас мулк объектига қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ер участкасида қурилган кўчмас мулкка эгалик ҳуқуқи ўтган тақдирда, ижарага олинган ер участкасида қурилган кўчмас мулк объектига мулк ҳуқуқи билан бирга у жойлашган ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқи ҳам янги мулкдорга ўтади.
Шарҳлар