1 августдан “очиқ осмон” режими жорий этилади: у икки йил амал қилади
Ўзбекистон транспорт вазирининг Ўзбекистон Республикаси аэропортларида «Очиқ осмон» режимини жорий этиш тўғрисидаги буйруғи имзоланди, дея хабар беради “Дунё” АА.
Транспорт вазирилиги тарқатган хабарга кўра, жорий йилнинг 1 августидан «Қиш 2022/2023» мавсуми якунига қадар – икки йил муддатга узайтириш ёки шартларни ўзгартириш имконияти билан барча ҳудудий аэропортларда «Очиқ осмон» режими жорий этилади.
Хусусан, «Очиқ осмон» режими Қарши, Нукус, Термиз, Бухоро, Навоий ва Урганч шаҳарларидаги аэропортларда ҳеч қандай чекловларсиз; Андижон, Фарғона, Наманган ва Самарқанд шаҳарларидаги аэропортларда Халқаро фуқаро авиацияси ташкилотига аъзо давлатлар авиакомпанияларига белгиланган аэропортларга, улар техник имкониятларини инобатга олган ҳолда, парвозлар сони чекловларисиз, Ўзбекистон Республикасининг тайинланган ташувчилари фойдаланмаган йўналишларда “бешинчи ҳаво эркинлиги” ва йўловчи парвозларини амалга ошириш ҳуқуқи билан; Самарқанд шаҳридаги аэропортда эса қайта таъмирлаш ишлари якунлангач жорий этилади.
Мазкур режимга мувофиқ Навоий ва Термиз шаҳарларидаги аэропортларда хорижий авиакомпанияларга юк ташиш парвозларини амалга ошириш учун «еттинчи ҳаво эркинлиги»га қадар бўлган ҳуқуқлар берилади.
Шарҳлар