1 майдан бошлаб тадбиркорлар учун солиқ имтиёзлари кучга киради
Президент “Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш, ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбиркор тўғрисида”ги қарорни имзолади.
Энди экспортчилар тўловларни кечиктириб тўлаш шарти билан товарларни экспорт қилганда айланма маблағларни тўлдириш учун банкларнинг револьвер кредитларини олиши мумкин.
Бунда кредитлар тўловлар кечиктирилган муддатга ва экспорт қилинаётган маҳсулотлар қиймати миқдорида, бироқ 3 миллион АҚШ доллари эквивалентидан кўп бўлмаган миқдорда, йиллик 4 фоизли ставка (шундан, 2 фоизи банк маржаси) билан ажратилади.
2021 йил 1 майдан бошлаб Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан:
Марказий банк асосий ставкасининг 1,75 бараваридан ошмаган миқдордаги фоиз ставкаси билан кичик тадбиркорлик субъектларига миллий валютада бериладиган кредитлар бўйича фоиз харажатларини қоплаш учун компенсация, унинг белгиланган миқдорларини сақлаб қолган ҳолда, тақдим этилади;
“Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимида рўйхатга олинган фуқароларга тадбиркорлик ташаббусларини амалга ошириш учун кредит миқдорининг 75 фоизигача, бироқ базавий ҳисоблаш миқдорининг 150 бараваридан ортиқ бўлмаган тижорат банклари кредитлари бўйича кафиллик берилади;
тадбиркорлик субъектларига банк кредитлари бўйича компенсация ва кафилликлар кредит шартномалари сонидан қатъи назар берилади.
Бунда, компенсациялар тақдим этилаётган кредитларнинг умумий суммаси 10 млрд сўмдан, кафилликларнинг умумий суммаси эса 8 млрд сўмдан, бироқ умумий кредит суммасининг 50 фоизидан ошмайди.
Халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларига олис ва чекка ҳудудларда жойлашган ер участкасидан доимий фойдаланиш ҳуқуқини аукционга қўйишда уларнинг бошланғич нархини 50 фоизгача камайтириш ваколати берилади.
2021 йил 1 июндан бошлаб инфратузилмага яқин жойларда, шу жумладан, республика аҳамиятидаги йўлларга туташ бўлган, белгиланган тартибда тасдиқланган рўйхат бўйича унумдорлиги паст, фойдаланишда бўлмаган қишлоқ хўжалиги ерларини саноат ва хизмат кўрсатиш объектларини барпо этиш учун лойиҳа асосида инвесторларга “E-IJRO AUKSION” савдо майдончасида электрон онлайн-аукцион орқали ажратишга рухсат берилади.
2021 йил 1 июндан бошлаб уч йилдан ортиқ вақтдан буён фаолият кўрсатаётган ҳамда ҳисобланган солиқларни муддатида тўлаб келган, лекин молиявий аҳволига кўра солиқ қарзини тўлаш имкониятига эга бўлмаётган тадбиркорлик субъектларига солиқларни бўлиб-бўлиб тўлаш;
уч йилдан ортиқ вақтдан буён товарларни импорт қилиш билан шуғулланаётган, божхона тўловлари бўйича мажбуриятларини бажариб келган, лекин молиявий аҳволига кўра тўловларни белгиланган муддатда тўлаш имкониятига эга бўлмаётган ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларига божхона тўловларини бўлиб-бўлиб тўлаш ҳуқуқи берилади.
2021 йил 1 майдан бошлаб чет элдан хорижий валютадаги тушум тушиши кечиктирилишига йўл қўйган экспорт қилувчилар ва “эркин муомалага чиқариш” божхона режимида товарларни республикага олиб кириш ва расмийлаштиришни, ишларни бажариш ёки хизматлар кўрсатишни ўз вақтида таъминламаган импорт қилувчилар учун қонунчиликда белгиланган жарима миқдорлари икки бараварга камайтирилади.
2021 йил 1 май ҳолатига шаклланган ташқи савдо операциялари бўйича муддати ўтган дебитор қарздорлик учун хўжалик юритувчи субъектларга жарималар қўллаш тўхтатилади ва дебитор қарздорлик вужудга келиш муддатлари 2021 йил 1 майдан бошлаб янгидан ҳисобланади.
Шарҳлар