1 октябрдан Ўзбекистон Тожикистон билан чегарани очади
Ўзбекистон 1 октябрдан Тожикистон билан чегарани очади, бунда карантин ва санитария-гигиена қоидаларига амал қилинади, дея хабар беради “Азия-Плюс” нашри Тожикистон ҳукуматидаги манбага таянган ҳолда.
Тожикистон билан чегарада жойлашган автомобиль ва пиёда назорат-ўтказиш пунктлари орқали Ўзбекистонга келувчи шахсларга нисбатан “қизил мамлакатлар” шартлари қўлланади, яъни Ўзбекистон ҳудудига фуқаролар фақат мамлакатга киришдан узоғи билан 72 соат олдин ўтказилган коронавирусга салбий ПЗР-тест мавжуд бўлганидагина қўйилади.
Бундан ташқари, икки давлат чегарасидаги барча назорат-ўтказиш пунктларига лабораториялар ўрнатилган бўлиб, уларда фуқаролар ўз ҳисобидан тест топширишлари мумкин. Тест натижаси 10 дақиқа ичида тайёр бўлади. Тест қиймати қарийб $20 ни ташкил қилади.
Инфекция борлиги аниқланган шахслар чегара орқали ўтказилмайди.
“Қизил зона” мамлакатлари учун белгиланган шартларга мувофиқ Ўзбекистонга автомобиль ва пиёда назорат-ўтказиш пунктлари орқали кирувчи шахслар учун меҳмонхонада ёки уйда 14 кунлик мажбурий карантин зарур.
Манбанинг сўзларига кўра, Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасида мунтазам авиақатновларни очиш ҳақидаги масала бугунги кунда муҳокама босқичида турибди.
Шарҳлар