Қозоғистонда ўзбек автомобилларининг савдоси кескин тушиб кетди
Шу йилнинг январь-май ойларида Қозоғистонда ўзбек автомобилларининг савдоси икки баравардан кўпга, яъни 2 минг 245 донагача тушиб кетди. Бу ҳақда Қозоғистон автобизнеси ассоциациясининг маълумотлари далолат беради.
Экспертларнинг фикрича, бу Қозоғистонда янги техник регламент жорий этилгани билан боғлиқ. Унга кўра Ўзбекистондан импорт қилинадиган автомобилларнинг аксарияти автомобилни жиҳозлаш нормативларидан ўтмаяпти.
Бу орада, шу йил май ойининг иккинчи ярмида Қозоғистон ҳукуматининг қарори билан Ўзбекистон автомобилсозлари 2014 йил 1 июлга қадар қўшни мамлакатга Nexia ва Matiz автомобилларини экспорт қилиш имконига эга бўлди. Қайд этиб ўтамиз, ушбу русумдаги машиналарни олиб кириш жорий йилнинг 5 январидан тақиқланган эди.
Қозоғистон автобизнеси ассоциациясининг маълумотига кўра, Ўзбекистон 2013 йилда Қозоғистонга 14 мингга яқин енгил автомобиль экспорт қилган. Мазкур кўрсаткич бўйича Ўзбекистон (8% ёки 13707 дона) Қозоғистон бозорига автомашиналарни экспорт қилувчи мамлакатлар орасида Россия (52% ёки 86627 дона) ва Япониядан (9% ёки 14314 дона) кейин учинчи ўринни эгаллади, деб ёзади 12news.uz.
Фотосурат: Bibi.uz
Шарҳлар