Тошкент метрополитенининг Чилонзор бекатида реклама пайдо бўлди

Тошкент метрополитенининг Чилонзор бекатида реклама пайдо бўлди

Тошкент метрополитенининг «Чилонзор» йўналиши «Чилонзор» метро бекатининг кириш-чиқиш жойида тижорат рекламалари пайдо бўлди. 19 июнь куни метронинг «Бунёдкор» стадиони – «Чилонзор деҳқон бозори» тарафидан чиқиш жойига тўртта «ёритилган қути» кўринишидаги реклама майдончалари ташкил этилган, деб ёзади Kun.uz

20 июнь ҳолатига кўра, уларнинг бирида футбол бўйича Аргентина терма жамоаси ва Испаниянинг «Барселона» клуби ҳужумчиси Лионель Месси иштирокидаги Pepsi савдо белгиси рекламаси ва яна бирида Lipton чойи рекламаси жойлаштирилган. Қолган икки майдонча ҳозирча бўш, улардан бирида ушбу майдончалар Passtrans media реклама агентлигига тегишли эканлигини кўриш мумкин.
 
Аввалроқ, «Чилонзор» йўлининг «Пахтакор» бекатидан «Ўзбекистон» йўлининг «Алишер Навоий» бекатига ўтиш жойидаги устунлари «ёритилган қути» кўринишидаги реклама майдончаларига айлантирилгани ҳақида хабар берилган эди. Ҳозирги вақтда унда минерал ичимлик, шарбат ва Тошкентдаги йирик савдо мажмуаларидан бирининг рекламаси жойлаштирилган.
 
Эътиборли томони, ҳозирги вақтда Тошкент метрополитенига реклама жойлаштириш фаолияти билан бир неча агентликлар шуғулланаётганини кўриш мумкин. Улар орасида, “Passtrans media”дан ташқари, Promo Leader, Trans Mass Media каби агентликлар ҳам бор.
 
Реклама агентликларининг ҳар бири метро вагонларига, бекатларига, ундаги мониторларга, кассалари олдига, эшикларига, ўтиш жойларидаги деворларга ва устунларга ташқи рекламаларни ўрнатишни таклиф қилмоқда. Агентликларнинг қайд этишларича, Тошкент метросидан ҳар куни 300 мингдан 500 минг нафаргача йўловчи фойдаланади.
 
Қайд этиш жоиз, 2011 йил апрелидан бошлаб Тошкент метрополитенидан барча реклама баннерлари ва эълонлари олиб ташланган, уларнинг ўрнига йўловчиларни огоҳлик ва ҳушёрликка чақирувчи шиорлар ўрнатиб чиқилган эди.
2013 йил ноябрида Тошкент метрополитенини қўриқлаш бўйича батальони бошлиғи, подполковник Руслан Ирназаров ушбу ҳолатга изоҳ бериб, рекламалар йўловчиларнинг диққатини чалғитишини айтиб ўтганди.
 
«Йўловчи рекламага қараб туриб, ён-атрофида кимдир қолдириб кетган сумкани кўрмаслиги ёки бошқа йўловчиларнинг ўзини ғалати тутаётганига эътибор бермаслиги мумкин. Шунинг учун, фуқароларни огоҳликка, ҳушёрликка чақириш, уларнинг хавфсизлиги кўп ҳолларда ўзларига боғлиқлигини эслатиш мақсадида метроларда рекламалар олиб ташланди», — дейди подполковник.

Фотосурат: Kun.uz
 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.