Ўзбек футболи жудоликка учради
22 июнь куни эрта тонгда Тошкентнинг “Локомотив” клуби футболисти Алесандр Шадрин оламдан ўтгани ҳақидаги қайғули хабар келди.
25 ёшли футболчи 2014 йилги Жаҳон кубогининг саралаш ўйинида Япония терма жамоаси дарвозасига урган голи туфайли ўзбекистонлик футбол ишқибозларининг эътиборига тушганди. Ўшанда Шадрин Ўзбекистон терма жамоасига тарихда илк бор японлар устидан биринчи ғалабани келтирган.
Шунингдек Александр Шадрин 2004 йили Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси таркибида Осиё чемпионатида қатнашиб, ўзининг ақл бовар қилмас тезлиги туфайли “Динамо” (Киев) клуби селекционерларининг эътиборига ҳам тушган.
Шадрин кўп миллатли ўз Ватанининг ҳақиқий ўғлони эди. Отаси рус, онаси корейс, ўзи эса ўзбек тилида эркин гапирарди. Сайт таҳририяти бевақт оламдан ўтган ёш футболчининг яқинлари ва қариндошларига ҳамдардлик билдиради.
Шарҳлар