Ўзбекистон Миллий банки “Барқарор молиялаштириш учун” халқаро мукофотининг совриндори бўлди
Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки “Барқарор молиялаштириш учун” халқаро мукофотининг совриндори бўлди. Дунёнинг етакчи банклари ва молия институтлари иштирокидаги мукофотни топшириш маросими Германиянинг Карлсруэ шаҳрида (Баден-Вюртемберг федерал ўлкаси) бўлиб ўтди.
Маросим чоғида ташкилотчилар дунёнинг 200 дан ортиқ банк ва молия муассасалари иштирок этган танлов якунига кўра, Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки “Барқарор лойиҳавий молиялаштириш” тоифасида ғолиблар сафидан жой олганини эълон қилди. “Ангрен — Поп” электрлаштирилган темир йўл линиясини қуриш” лойиҳасини амалга оширганлик учун сертификатини банк номидан Ўзбекистоннинг Германиядаги элчихонаси вакили қабул қилиб олди.
Тақдимот 2012 йилда ушбу йиллик мукофотни таъсис қилган Осиё ва Тинч океани минтақаси тараққиёти молиявий институтлари уюшмаси (ADFIAP), Европа барқарор ривожланиш ташкилоти (EOSD) ва Карлсруэ шаҳри маъмурияти томонидан ташкил этилди. Қайд этиб ўтамиз, “Барқарор молиялаштириш учун” мукофоти ADFIAPнинг иштирокчи мамлакатлари банклари ҳамда молия институтларига уларнинг иқтисодиёт, ижтимоий соҳа ва атроф-муҳитнинг барқарор тараққиётига қўшган ҳиссаси учун топширилади.
“Жаҳон” АА мухбири билан суҳбат чоғида ADFIAP бош котиби Октавио Перальта Ўзбекистон томонини мукофот билан чин қалбдан табриклар экан, “Бу Ўзбекистон Миллий банкининг мамлакат ижтимоий соҳаси тараққиётига кўмаклашиш борасидаги фаолиятининг юксак халқаро эътирофи бўлди”, дея таъкидлади. У Ўзбекистон банки ADFIAPнинг энг фаол аъзоларидан бирига айланганини қайд этди.
EOSD бош котиби Аршад Рабнинг фикрича, ҳозирги вақтда банклар ва молия муассасалари муваффақиятли фаолиятининг мезони сифатида нафақат яхши кўрсаткичлар ва ҳисобот балансининг жозибадорлиги, балки уларнинг ёш оилалар учун имтиёзли истеъмол, ипотека кредитлари бериш сингари ижтимоий жиҳатдан аҳамиятли лойиҳалардаги иштироки ҳам таҳлил этилади. Ўзбекистонда замонавий уй-жой жамғармасини шакллантириш, аҳолининг коммунал ва ижтимоий турмуш шарт-шароитларини янада яхшилашга йўналтирилган ишлар тизимли асосда йўлга қўйилган. Ана шундай эзгу ишларга Ўзбекистон Миллий банки ҳам ўз ҳиссасини қўшиб келаётгани боис унинг фаолияти юксак баҳога сазовор бўлди, деб ёзади “Халқ сўзи” нашри.
Шарҳлар