ОТБ Ўзбекистонда уй-жой қурилиши учун $500 млн. кредит берилишини маъқуллади

ОТБ Ўзбекистонда уй-жой қурилиши учун $500 млн. кредит берилишини маъқуллади

Пайшанба куни Осиё тараққиёт банки (ОТБ)нинг Директорлар кенгаши қишлоқ жойларида уй-жой қурилиши учун Ўзбекистон ҳукуматига 500 миллон доллар миқдорида кредит тақдим этилишини маъқуллади, дейилади ОТБнинг расмий сайтида чоп этилган хабарда.

«ОТБ Қишлоқ жойларида арзон уй-жой билан таъминлаш давлат дастури доирасида Ўзбекистоннинг тўққизта ҳудудида 29 мингта янги уй қурилиши учун ўзининг оддий ресурсларидан 500 миллион доллар миқдорида кредит тақдим этилишини маъқуллади», — дея қайд этилади хабарда.
 
ОТБнинг маълумотларига кўра, кредит маблағлари Ўзбекистоннинг учта банки – Ипотека Банк, Ўзбекистон ТИФ Миллий Банки ва Қишлоқ қурилиш банки орқали қайта молиялаштирилади. Шунингдек дастурда “Қишлоққурилишинвест” давлат инжиниринг компанияси ҳам қатнашади. Дастурни молиялаштириш муддати – беш йил.

2011 йил август ойида ОТБ Ўзбекистонга қишлоқ жойларида уй-жой қурилишини қўллаб-қувватлаш учун 500 миллион долларлик мультитранш кредитини тақдим этган эди. 2011-2015 йиллар давомида тўртта транш билан ажратилган юқоридаги маблағлар ҳисобидан қишлоқларда 41,5 мингта уй барпо этилди. ОТБ материалларига кўра, айни пайтда Ўзбекистондаги қишлоқ жойларида уй-жой етишмовчилиги мавжуд. Мавжуд уй-жойларни харид қилишни истовчилар эса ундан тўрт баравар кўп.

Банк экспертларининг фикрича, хориждан, энг аввало Россиядаги меҳнат муҳожирларидан келадиган пул ўтказмалари ҳажмининг камайиши муносабати билан Ўзбекистон ҳукумати қишлоқ ҳудудларини ривожлантиришга ва аҳоли бандлигининг ўсишини рағбатлантиришга ҳаракат қилмоқда. Хусусан, аҳолига арзон уй-жойларни тақдим этиш қишлоқ жойларида кичик бизнес эгаларини ва даромади паст ва ўртача бўлган ўқитувчилар ва шифокорлар каби мутахассисларни ушлаб туришга ёрдам беради, деб ёзади “РИА Новости”.   

2016 йил октябрь ойида, Шавкат Мирзиёев президент в.б. лавозимида бўлган пайтида, 2017-2021 йилларда қишлоқ жойларида уй-жой қурилиши дастурини тасдиқлаган эди. Ушбу дастур доирасида 2017 йилда умумий майдони бир миллион метр квадратдан ошувчи 15 мингта янги уй-жой ва квартираларни барпо этиш режалаштирилган. Дастурнинг жорий йилдаги қиймати қарийб 700 миллион долларни ташкил этади.

Кейинги йиллар учун мўлжалланган параметрларга эса аниқлик киритилади. 2009-2016 йилларда Ўзбекистоннинг қишлоқ жойларида умумий майдони 9,573 миллион метр квадратни ташкил этувчи 69,557 мингта уй-жой барпо этилади. Ҳозирга қадар 83,5 мингта қишлоқ оилалари ўзининг уй-жой шароитларини яхшилашга муваффақ бўлди, дея хабар беради Спутник.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.