Тергов жараёни Бош прокурорнинг шахсий назорати остига олинди

Тергов жараёни Бош прокурорнинг шахсий назорати остига олинди

2017 йил 3 май куни П.Ф.Боровский номидаги Тошкент шаҳар тиббиёт коллежининг 2-курс талабаси 1999 йилда туғилган Иброхимов Жасурбек Маҳаммаджон ўғли оғир тан жароҳатари билан 2-сонли Тошкент шаҳар болалар жарроҳлиги касалхонасига етказилган эди. 2017 йил 1 июнь куни у олинган тан жароҳатлари натижасида Республика Шошилинч тиббий ёрдам илмий марказида вафот этди. 
 
Ушбу ҳолат юзасидан Миробод тумани ИИБ томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноий кодексининг 104-моддаси 3-қисми “д” банди бўйича жиноий иш қўзғатилди ва дастлабки тергов ишлари амалга оширилди.
 
2017 йил 4 июнь куни иш Тошкент шаҳар прокуратурасининг иш юритувига қабул қилинди. Тўпланган далиллар асосида И.Тўлаганов Ўзбекистон Республикаси Жиноий кодексининг 104-моддаси 3-қисми “д” банди бўйича  айбланувчи сифатида жалб этилди ва унга нисбатан қамоққа олиш кўринишидаги эҳтиёт чораси қўлланилди.
 
Айни пайтда ушбу жиноятни содир этишга алоқадор бўлган шахслар доирасини аниқлашга қаратилган тезкор-тергов тадбирлари олиб борилмоқда.
 
Жиноий ишни тергов қилиш жараёни Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг шахсий назорати остига олинди, дея хабар беради Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.