Жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш дастури тасдиқланди

Жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш дастури тасдиқланди

Ўзбекистон Президентининг “Жисмоний тарбия ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори билан Ўзбекистон Республикасида жисмоний тарбия ва оммавий спортни янада ривожлантириш бўйича дастур тасдиқланди.
 
Унда жисмоний тарбия ва спорт соҳасини ташкил этиш ва бошқариш тизимини ривожлантиришга йўналтирилган қонунчиликни янада такомиллаштириш, жисмоний тарбия ва спорт соҳасининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, замонавий спорт комплексларини қуриш, уларни замонавий спорт ускуналари ва анжомлари билан жиҳозлаш, мазкур соҳада хусусий секторни ривожлантириш кўзда тутилган.

Дастур ижроси доирасида спорт турлари бўйича Республика олий спорт маҳорати мактаблари ва болалар-ўсмирлар спорт мактабларининг штатлар жадвалига “Спортчи” лавозими жорий этилиши Ўзбекистон миллий терма жамоалари аъзоларини моддий қўллаб-қувватлаш тизимини янада мустаҳкам­лаш­га йўналтирилган муҳим қадам вазифасини ўтайди. 
 
Шунингдек спорт турларига ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактабларида ҳамда болалар-ўсмирлар спорт мактабларида “Спорт тўгараги ва селекция бўйича тренер” лавозимини киритиш белгиланган. Мазкур лавозимни жорий этиш орқали таълим муассасаларида ташкил этиладиган спорт тўгараклари билан қўшимча равишда минглаб ўқувчи ва талабаларни қамраб олишга эришилади ва уларга спорт билан мунтазам равишда шуғулланиш­ларига қулай имкониятлар яратилади. 
 
Бундан ташқари, дастурда жисмоний тарбия ва спортга ихтисослашган таълим муассасалари ва спорт клублари фаолиятини олимпия, миллий ва бошқа спорт турлари кесимида рейтинг баҳолаш тизимини жорий этиш белгилангани уларнинг фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитасининг “Жисмоний тарбия ва спорт аълочиси” кўкрак нишонининг таъсис этилиши эса соҳа фидойилари меҳнатини янада муносиб рағбатлантиришга хизмат қилади. 
 
Дастурга кўра, ўқувчи ва талаба-ёшлар ўртасида ўтказиладиган уч босқичдан иборат «Умид ниҳоллари», «Баркамол авлод» ва Универсиада спорт ўйинлари дастурларини спортнинг оммавий турлари ҳисобига кенгайтириш, нуфузини ошириш ва мусобақа ғолибларини муносиб рағбатлантириш тизимини тубдан такомиллаштириш назарда тутилган. 
 
Жисмоний тарбия ва спортга ихтисослашган таълим муассасалари ва спорт клубларига иқтидорли спортчиларни саралаб олиш ва қабул қилиш жараёнида шаффофлик ва холисликни таъминлаш чораларини амалга ошириш ҳам режалаштирилган
 
Шу билан бирга қарорда ҳудудий кўп тармоқли тиббиёт марказларида спорт тиббиёти бўлимларининг ташкил этилиши ва уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш белгилаб қўйилди.

Дастур доирасида режалаштирилган чора-тадбирларни амалга ошириш учун, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасида жисмоний тарбия ва ом­ма­вий спортни янада ривожлантириш мақсадида жами 995,2 миллиард сўм­­дан зиёд маблағ сарфланиши назарда тутилган бўлиб, шундан 706,2 миллиард сўмдан ортиқ қисми ушбу йилларда жами 167 та спорт иншооти, жумладан, 90 та спорт мажмуаси ва 77 та сузиш ҳавзасини қуриш, реконструк­ция қилиш ва капитал таъмирлаш ҳамда жиҳозлаш ва қайта жиҳозлашга йўналтирилади. 
 
Манба: Ўзбекистон президентининг сайти

Фотосурат: Спутник

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.