Тошкентда Туркия банки очилади

Тошкентда Туркия банки очилади

Ўзбекистонда яқин бир ой ичида Туркиянинг Давлат Зираат Банки (Ziraat Bank) очилиши кутилмоқда. Бу ҳақда 20 июнь куни бўлиб ўтган Ўзбекистон Савдо-саноат палатасининг навбатдан ташқари қурултойида республика бош вазири Абдулла Арипов маълум қилди.

Бош вазирнинг сўзларига кўра, мамлакатда турк банки очилганидан кейин Туркия ҳукумати Ўзбекистонда кичик бизнесни кредитлашга 500 млн.доллар ажратишни режалаштирмоқда.

Зираат Банк 1863 йилда ташкил этилган бўлиб, Туркиядаги энг йирик кредит ташкилоти ҳисобланади. У дунёнинг 18 та мамлакатида банк хизматларини кўрсатади.
 
Бундан олдин, тез орада Ўзбекистонда Туркиянинг йирик Demir Holding компанияси ўз фаолиятини тиклаши ҳақида хабар берилганди. Ушбу компания 2010 йилда назорат қилувчи органларнинг текширувлари бошланганидан кейин мамлакатимизни тарк этганди.

Эслатиб ўтамиз, шу йил май ойида Тошкентда бўлиб ўтган Ўзбекистон-Туркия бизнес-форумида томонлар 2 млрд.доллардан ортиқ суммага ҳужжатлар пакети ва битимларни имзолади.

Мазкур ҳужжатлар тўқимачилик, электр техникаси, фармацевтика, қурилиш ва банк соҳаларида қарийб 30 та лойиҳани амалга оширишни кўзда тутади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.