Астанада Евроосиё Медиа Форуми очилди
Ўзбекистон делегацияси 23 июнь куни Астана шаҳрида очилган XIV Евроосиё Медиа Форумида (ЕОМФ) қатнашмоқда.
Бу йил ЕОМФ бўлғуси «EXPO-2017» байроғи остида ўтмоқда. Анжуманда бутун халқаро сиёсий ва медиа ҳамжамияти учун долзарб бўлган масалалар, шу жумладан дунёнинг геосиёсий қайта тузилиши, рақамли инқилобда хавфсизлик стратегияси, келажак энергияси ривожланишидаги тенденциялар ва унинг ўзига хос хусусиятлари муҳокама қилинади.
Шунингдек, танглик даврида барқарорлик масалалари, “Осиё иқтисодий мўъжизаси”, инвестициялар интеграцияни ҳаракатлантирувчи куч сифатида ва мажбурий индустриализация, рақамли инқилоб, хавфсизлик стратегияси, блок-чейн ва бошқа масалалар Форум мавзулари қаторидан ўрин олган.
Евроосиё Медиа Форуми – бу ҳар йили ўзининг ахборот майдонида дунёнинг 60 та мамлакатидан ташриф буюрувчи 600 дан ортиқ вакилни бирлаштирадиган халқаро баҳс-мунозара майдонидир. Дастлабки форум 2002 йилда ўтказилган бўлиб, у таъсис этилганидан буён Дарига Назарбаева форум ташкилий қўмитасининг раиси ҳисобланади.
Форумни очиб берар экан, Дарига Назарбаева эркинлик ва хавфсизлик бир-бирисиз мавжуд эмаслигини қайд этди. “Замонавий технологияларнинг ривожланиши чегараларни йўқ қилмоқда, дунёни шаффоф ва заиф қилиб қўймоқда. Биз тарихий хафагарчиликларга қарамасдан олдинга ҳаракатланадиган янги авлодни тарбиялашимиз керак”, – дейди у.
Йирик халқаро медиатузилмалар вакиллари ва жаҳон даражасидаги экспертларнинг бевосита очиқ мулоқотини яратиш тадбирнинг устувор мақсади ҳисобланади. Форум 24 июнь якунига қадар давом этади.
Шарҳлар