Фарғона Давлат университетида олий маълумотли асаларичилар тайёрланади
Фарғона вилоят асаларичилар уюшмаси қошида ишлаб чиқариш ўқув маркази ташкил этилган. Унда бир йилда 600 нафар мутахассис ўқитилади. Замонавий ўқув режаси асосида олимлар томонидан амалиёт дарслари ўтилади.
Вилоятда 1000 дан ортиқ асаларичилик субъекти рўйхатга олинган. Ички бозорни арзон, сифатли маҳсулот билан таъминлашга қаратилаётган алоҳида эътибор шифобахш табиий неъмат ишлаб чиқаришни кенгайтиришда муҳим омил бўлмоқда.
Марказда илмий-текширув лабораторияси, тренинг заллари, кутубхона, электрон архив базаси, асални қайта ишлаш ва қадоқлаш цехи, тикувчилик, мум-парда, асбоб-ускуна ва асалари уяси ишлаб чиқариш цехлари фаолият юритмоқда. Бундан ташқари, асаларичиликда наслчилик лабораторияси, қарийб 2 гектар экспериментал боғ ва асал берувчи ўсимликларни етиштиришга мўлжалланган экин майдони ташкил этилган.
Фарғона давлат университетида асаларичилик бўйича мутахассислар тайёрлашни йўлга қўйиш керак, деди давлатимиз раҳбари. Агар мазкур соҳанинг илмий асосларини ўргатадиган муассаса ташкил қилинса, бошқа вилоятлардан ҳам ёшлар ўқишга келади. Бундан ташқари, хорижий давлатлар, хусусан, АҚШ билан ҳамкорликни йўлга қўйиш лозим. Ўзбекистон – АҚШ қўшма корхонаси ташкил қилиниб, икки мамлакатнинг етакчи мутахассислари доимо тажриба алмашиб туриши керак.
40 кишининг бандлиги таъминланган марказда бир йилда 7 минг дона асал уяси, 7 минг 500 дона ёстиқча, 3 минг дона махсус кийим ва юз ниқоби ишлаб чиқарилади. Бир кеча кундузда 200 килограмм мум-парда тайёрланади. 200 тонна асални қадоқлаш цехи ишлаб турибди. 2016 йилда вилоятларга 20 минг дона, чет давлатларга 30 минг дона сифатли асалари пакетлари етказиб берилди.
Шу ерда Халқ банки томонидан вилоятда амалга ошириладиган лойиҳалар тақдимоти ҳам ўтказилди.
Фарғона вилояти Қўштепа туманида ташкил қилинадиган 2 минг бош қорамол боқишга мўлжалланган чорвачилик комплекси ва сутни қайта ишлаш лойиҳаси 2018 йилнинг учинчи чорагида тўла қувват билан ишга тушади. 560 гектар майдонда қуриладиган комплексда 180 киши иш билан таъминланади. Йилига 4 минг тоннадан ортиқ сут, 150 тонна гўшт, 6000 тонна сут маҳсулотлари қайта ишланади.
“Ўзбекипаксаноат” уюшмаси томонидан Фарғона вилоятида 2017-2021 йилларда ипакчиликни ривожлантириш стратегияси ишлаб чиқилгани маъқулланди.
Пиллачиликни янада ривожлантириш учун тут плантацияларини ташкил қилиш керак, деди давлатимиз раҳбари. Соҳага замонавий технологияларни жорий этиш, пиллачиликда аҳолининг доимий иш билан таъминланишига эришиш лозимлиги алоҳида қайд этиб ўтилди.
Шарҳлар