Ўзбекистон вазирларининг жуда ёш ўринбосарлари тайинланди
Тошкентдаги “Result” ўқув маркази директори Алишер Саъдуллаев Халқ таълими вазирининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари этиб тайинланди. Бу ҳақда Спутник нашри Qalampir.uz сайтига таянган ҳолда хабар беради.
Айтиш жоизки, Алишер Саъдуллаев «Камолот» ЁИҲнинг VI Қурултойида сўзга чиқиб, Ўзбекистонда ёшларга тил ўргатиш истиқболлари ҳақидаги ўз мулоҳазаларини Шавкат Мирзиёевга етказган эди.
Президент, тажриба тариқасида, мажлиснинг ўзида Алишер Саъдуллаевни Халқ таълими вазирининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари этиб тайинлади.
Алишер Саъдуллаев 1994 йилнинг 11 июлида Жиззах вилоятининг Жиззах туманида туғилган. Тошкент шаҳридаги Сингапур менежментни ривожлантириш институтини тамомлаган. 2014-2015 йилларда Aлишер Навоий номидаги миллий кутубхона қошидаги «YES» клубида етакчилик қилган.
Шунингдек Шавкат Мирзиёев ўзбек тилида сўзлаша оладиган робот яратган Олимжон Тўйчиевни ҳам вазир ўринбосари этиб тайинлади.
Ўзбекистон “Камолот”нинг VI Қурултойида ёш олим Олимжон Тўйчиев Президент Шавкат Мирзиёевга ўз таклифларини билдирган эди. Шу ернинг ўзида мамлакат раҳбари уни Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари этиб тайинлади.
ФБдаги маълумотларга кўра, Олимжон Тўйчиев 2014 йилдан буён Тошкент шаҳридаги Турин политехника университетининг технопарк янги лойиҳалари бўйича муҳандиси вазифасида ишлаб келади ва бир вақтнинг ўзида Турин политехника университетининг магистратурасида ҳам таҳсил олади.
Олимжон 1991 йил 27 октябрда Тошкент вилоятининг Бекобод шаҳрида туғилган. У 2015 йили Тошкент шаҳридаги Турин политехника университетининг бакалавр йўналишини тамомлаган. 2017 йили эса Германиядаги Хоффенхайм университети магистратурасини тугатган. Рус, инглиз, немис, итальян тилларини пухта ўзлаштирган. Фан-техника олaмида қилган янгиликлари учун 2013 йилда “Шуҳрат” медали билан тақдирланган.
Шарҳлар