Ўзбекистон Президенти Ўзбекистон Ёшлар иттифоқини қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги фармонни имзолади

Ўзбекистон Президенти Ўзбекистон Ёшлар иттифоқини қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги фармонни имзолади

Ўзбекистон Республикаси Президенти “Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги Фармонни имзолади.

Ҳужжатга мувофиқ “Камолот” Ёшлар ижтимоий ҳаракати базасида Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи ташкил этилди ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ташкил топган кун – 30 июнь санаси – мамлакатда “Ёшлар куни” деб эълон қилинди.

Ўзбекистон Ёшлар иттифоқига 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида амалга ошириладиган ислоҳотлар жараёнида ёшларнинг фаоллигини ошириш бўйича қатор муҳим вазифалар юкланди.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи республикада ёшларга оид давлат сиёсатининг амалга оширилишида давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан самарали ҳамкорликни таъминловчи, “Ёшлар – келажак бунёдкори”шиори остида профессионал фаолиятни амалга оширувчи тузилмага айлантирилади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти девони Жамоат ва диний ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш хизматининг ёшлар сиёсатини амалга ошириш соҳасида давлат ва жамоат ташкилотларини мувофиқлаштириш шўъбаси негизида Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг Ёшлар сиёсати масалалари хизмати ташкил этилади. 

Ушбу хизмат Ўзбекистон Республикасининг “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонунида белгиланган вазифаларнинг тўлақонли ижросини ташкил этади ва назорат қилади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг Ёшлар сиёсати масалалари хизматига Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёшлар сиёсати масалалари бўйича Давлат маслаҳатчиси – Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раиси раҳбарлик қилади.
  
Шунингдек Фармонга мувофиқ Ёшлар масалалари бўйича республика идоралараро кенгаши иловага мувофиқ таркибда ташкил этилади. Бундан ташқари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси, вилоятлар, Тошкент шаҳри, туманлар ва шаҳарлар ҳокимлари раислигида Ёшлар масалалари бўйича ҳудудий идоралараро кенгашлар тузилади.

Буюк давлат арбоби ва саркарда Соҳибқирон Амир Темурнинг Ватанга садоқат, эл-юртни ардоқлаш, мардлик, фидойилик ва адолатпарварлик каби юксак фазилатлари ёш авлод учун ўрнак бўлиб хизмат қилишини инобатга олган ҳолда, республиканинг барча ҳарбий академик лицейларига “Темурбеклар мактаби” номи берилади. Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг “Туркистон” ва “Молодёжь Узбекистана” газеталари, “Ёш куч” журнали ҳамда бошқа ёшлар нашрларини чоп этишга ихтисослашган “Ёшлар нашриёти уйи” ташкил қилинади. 

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши Республика Хотин-қизлар қўмитаси билан биргаликда “Қизларжон” журналини таъсис этилади. 
 
Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда икки ҳафта муддатда: 

“Адабиётга эътибор – маънавиятга, келажакка эътибор” шиори остида “Мен севиб ўқиган китоб” ва “Энг яхши китобхон” республика танловларини, “Китоб байрами” ва “Болалар китоблари” анъанавий республика фестивалларини; 

“Биз Ватанга таянчмиз”, “Бизнинг энг катта таянчимиз ва суянчимиз, ҳал қилувчи кучимиз ёшлар” шиорлари остидаги акцияларни; 

“Адабиёт ва санъат – шахс маънавиятини бойитиш ва юксалтириш омили” мавзусида ёзувчилар, шоирлар, санъаткорлар, адабиётшунос олимлар иштирокидаги учрашувларни; 

республиканинг чекка ҳудудларида халқ рассомлари, халқ усталари билан болалар, ёшлар ва уларнинг ота-оналари учун “Бунёдкор халқим билан мулоқот – ижодим илҳоми” мавзусида мастер-класслар ва ижодий учрашувларни; 

“Энг буюк жасорат – маънавий жасоратдир” мавзусида давра суҳбатларини доимий равишда ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқади ва амалга оширади.
 
Шу билан бирга, 2017-2018 ўқув йилидан бошлаб умумий ўрта таълим муассасаларида “катта етакчи” ва “тўгарак раҳбари” штат бирликларини тугатиш ҳисобига лавозим маоши юқори синф ўқитувчисига тенглаштирилган “ёшлар етакчиси” штат бирлигини жорий этилади. Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида “ёшлар етакчиси” вазифаси юклатилган ходимга ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасасининг директор жамғармаси маблағлари ҳисобидан олий маълумотли ўқитувчи базавий тариф ставкасининг 50 фоизи миқдорида ҳар ойлик устама белгиланади. 

Фармонга мувофиқ Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши қошида ёшларнинг хоҳиш ва интилишларидан келиб чиқиб, ёшлар уюшмалари ҳамда ёшларга ижтимоий-психологик ёрдам кўрсатиш марказларини ташкил этилади. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси қошида Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институтини ташкил этилади.

Юртимизда турли соҳа ва тармоқларда юксак натижа ва ютуқларга эришаётган йигитларни тақдирлаш мақсадида “Мард ўғлон” давлат мукофоти, ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш, ўқиш, меҳнат ва жамоат ишларида ҳар томонлама фаол иштирок этаётган ёшларни тақдирлаш мақсадида “Келажак бунёдкори” медали таъсис этилади. 

Бундан ташқари, 2018 йилнинг 1 январидан бошлаб кичик бизнес корхоналари томонидан тўланадиган ягона солиқ тўлови учун ҳисобланган сумманинг 8 фоизини Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг ривожлантириш жамғармасига ўтказиш; таълим муассасасини тамомлаганига уч йил бўлмаган, биринчи марта ишга қабул қилинган ёшларга даромад солиғини биринчи йил учун 50 фоиз, иккинчи ва учинчи йиллар учун эса 25 фоизга камайтириш кўзда тутилган. 

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи қошида турли фанлар, жумладан, чет тилларни ўргатиш, компьютер дастурларини тузиш ва тадбиркорлик асосларини ўқитиш мақсадида ташкил этиладиган шўъба корхоналарини 2027 йил 1 августга қадар барча солиқлардан озод этиш, бунда корхона ихтиёрида қоладиган сумманинг 20 фоизини Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг ривожлантириш жамғармасига ўтказиш тўғрисидаги таклифлар ҳам маъқулланди. 

Шунингдек Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри, туманлар ва шаҳарлар кенгашлари раислари тегишлилиги бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар, Тошкент шаҳри, туманлар ва шаҳарлар ҳокимларининг ёшлар сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси ҳисобланади ва мақоми бўйича уларнинг биринчи ўринбосарларига тенглаштирилади.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар, Тошкент шаҳри, туманлар ва шаҳарлар ҳокимларининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари, туман (шаҳар) ички ишлар бошқармалари (бўлимлари) бошлиғининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари – ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими (бўлинмаси) бошлиғи Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раиси тавсияси асосида белгиланган тартибда лавозимга тайинланади.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи тизимида 3 йил ва ундан кўп муддат давомида фаол ишлаб келаётган ходимларга уй-жой сотиб олиш учун ипотека кредитининг бошланғич тўлови Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан тўланади; Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг фаол аъзоси бўлган олий таълим муассасаларининг бакалавриат ва магистратура босқичлари талабаларига ўртача ўзлаштириш кўрсаткичи 86 фоиз ва ундан юқори бўлган тақдирда таълим бўйича тўлов контракти миқдорининг 35 фоизи Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан тўланади. 

Фармонда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Иқтисодиёт ва Молия вазирликлари, Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси Ўзбекистон ёшлар иттифоқи билан биргаликда бир ой муддатда мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида фаол иштирок этаётган ёш оилаларни янада қўллаб-қувватлаш, уларнинг уй-жой ва маиший шароитларини яхшилаш мақсадида 2018-2021 йилларга мўлжалланган Ёшлар уйларини барпо этиш дастурини ишлаб чиқилиши ва тасдиқланиши ҳам кўзда тутилган.  Ёшлар уйларини барпо этиш дастурида барча йирик шаҳарларда – кўп қаватли, қишлоқ туманларида – 1-2 қаватли намунавий лойиҳалар асосида арзон уйлар ёшларнинг уй-жойга бўлган эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда қурилади. 

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, тижорат банклари Ўзбекистон ёшлар иттифоқи билан биргаликда бир ой муддатда Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг вилоят, шаҳар ва туман кенгашлари раисларини рағбатлантириш мақсадида уларга “Матиз” ва “Дамас” автомашиналарини харид қилиш учун 10 йил муддатгача мўлжалланган, бошланғич тўлови 15 фоизлик имтиёзли кредитлар ажратилади.

Туман марказлари ва шаҳарларида Ёшлар тадбиркорлик кластерлари ташкил этилади.

Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, “Ўзбекнефтгаз” МХК ва “Ўзбектелеком” АКнинг “Yoshlar” телерадиоканали” АЖнинг 50 фоиз акциялари Ўзбекистон ёшлар иттифоқига берилади. 

Фармонга мувофиқ давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари раҳбарлари ҳар ойда камида бир марта ёшлар билан очиқ мулоқотларни ўтказиб бориш амалиёти ҳам жорий этилади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.