Ўзбекистон Президенти Нурсултон Назарбоевни табриклади

Ўзбекистон Президенти Нурсултон Назарбоевни табриклади

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 6 июль куни Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоев билан телефон орқали мулоқот қилди. 

Давлат раҳбари суҳбат аввалида Қозоғистон Президентини туғилган куни билан самимий муборакбод этди. 

Ўзбекистонда Президент Нурсултон Назарбоевни жаҳон миқёсидаги буюк давлат арбоби ва улкан сиёсатчи, мамлакатимизнинг яқин дўсти ва ишончли ҳамкори сифатида яхши билиши таъкидланди. 

Бугун давлат ва жамият қурилишининг барча соҳаларида амалга оширилган ва амалга оширилаётган кенг кўламли дастур ва лойиҳалар, рақобатбардош иқтисодиёт, саноат ва қишлоқ хўжалиги тармоқларининг диверсификация ва модернизация қилиш асосида барқарор ривожланаётгани, инфратузилманинг такомиллаштирилаётгани Қозоғистон раҳбарияти томонидан узоқни кўзлаб юритилаётган сиёсатнинг самарадорлигидан далолат беради. 

Қозоғистоннинг халқаро нуфузи муттасил ортиб бормоқда. Июнь ойида ушбу мамлакатда натижаларига кўра тарихий аҳамиятга эга Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити бўлиб ўтди. 6 июль санаси Пойтахт куни сифатида нишонланадиган, ривожланиб бораётган замонавий Остонада «ЭКСПО – 2017» халқаро ихтисослаштирилган кўргазмаси юксак даражада ўтмоқда. 

Суҳбат чоғида давлат раҳбарлари жорий йилда олий даражадаги учрашувларда эришилган келишувларни амалга оширишнинг муҳим жиҳатларини муҳокама этдилар. 

Барча соҳаларда ўзаро ҳамкорлик фаоллашгани мамнуният билан қайд этилди. Товар айирбошлаш ҳажми кўпайди, Тошкент, Остона ва Олмаота шаҳарлари ўртасида поезд қатнови йўлга қўйилди, пойтахтларимиз ўртасида авиақатнов кўпайди, автобус қатновини қайта тиклаш масаласи кўриб чиқилмоқда. Мамлакатларимиз ҳудудлари ўртасида ўзаро шериклик муносабатлари йўлга қўйилиб, изчил ривожланмоқда. 

Томонлар ўзларини қизиқтирган долзарб минтақавий ва халқаро масалалар юзасидан ҳам фикр алмашдилар. 

Мулоқот сўнгида Ўзбекистон Президенти Қозоғистон раҳбарини яна бир бор самимий табриклаб, мустаҳкам саломатлик, бахт-саодат ва янги муваффақиятлар, қардош Қозоғистон халқига тинчлик ва фаровонлик тилади. 

Суҳбат анъанавий самимийлик ва дўстона руҳда ўтди, дейилади Ўзбекистон Президентининг сайтида.

Фотосурат: Казахстанская правда

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.