“Оникс” корхонаси тангликдан чиқарилади
Тошкентдаги “Оникс” ОАЖ корхонаси қайта тикланадиган бўлди. Вазирлар Маҳкамасининг 150-сонли қарорида мазкур корхонани соғломлаштириш ва рақобатбардош маҳсулотни ишлаб чиқаришни бошлашга қаратилган қатор чоралар кўзда тутилган. Ҳужжатда биллур ва шиша буюмларни автоматлаштирилган тарзда ишлаб чиқариш устувор йўналиш сифатида белгиланган.
Хусусан, корхонага 2 млрд сўм миқдорида кредит ажратилади. Шунингдек, “Оникс” ОАЖ республикага ускуна, хомашё, материаллар, бутловчи ва эҳтиёт қисмлар олиб кирганида уни божхона тўловларидан озод этиш бўйича лойиҳа ҳам тайёрланди. Корхонага бюджет тўловлари бўйича ҳам 24 ой муддат муҳлат берилади.
«Оникс»га тегишли “Нурафшон” болалар соғломлаштириш оромгоҳи Тошкент вилояти ҳокимиятининг балансига ўтказилади. Корхонага тегишли бўлган ошхона биноси, “Хрусталь” ва “Марҳамат” қаҳвахоналари ҳамда профилакторий эса ишлаб чиқаришда фойдаланилмайдиган 36 000 метр квадрат майдон сифатида сотилади.
Ҳужжатга биноан июль ойида корхонада ISO 9001:2008 халқаро стандарти талабларига мувофиқ сифат менежменти тизими жорий этилади. Куз ойларида эса 1С бухгалтерия жорий этилиб, янги ускуналарда ишлаш учун шиша ишлаб чиқариш бўйича мутахассислар қайта тайёргарликдан ўтказилади.
Сентябрь ойида 1-корпус базасида янги маҳсулотнинг 11 та турини ишлаб чиқариш ўзлаштирилади: улардан 8 таси биллур буюмлар бўйича ва 3 таси қандиллар бўйича.
Бундан ташқари қарорда янги ишлаб чиқаришни ташкиллаштириш ва янги инвесторларни излаш учун Хитойга хизмат сафари ҳам кўзда тутилган.
Юқорида санаб ўтилган чора-тадбирлар натижасида корхонада 30 та янги иш ўрнини яратиш ҳамда 2014 йил якунлари бўйича 219 млн сўм миқдорида фойда олиш режалаштирилмоқда.
Қайд этиб ўтамиз, «Оникс» ОАЖ 1995 йили “Миконд” заводи базасида ташкил этилган бўлиб, биллур буюмларни ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Корхона охирги бир неча йил давомида иқтисодий тангликда эди.
Шарҳлар