Россия Рогун ГЭСи бўйича ўз позициясини изоҳлади

Россия Рогун ГЭСи бўйича ўз позициясини изоҳлади

Россиянинг Тожикистонда Рогун ГЭСи қурилишини якунига етказиш масаласи бўйича позициясини шарҳлар экан, мамлакат ташқи сиёсий идорасининг расмий вакили Александр Лукашевич мазкур масалани ҳал этишда Марказий Осиёдаги барча манфаатдор давлатлар қатнашишига умид билдирди, деб ёзади “РИА Новости” АА.

 «Россия қўшни минтақада сувдан фойдаланиш билан боғлиқ лойиҳалар қўшни мамлакатлар позицияларидаги келишмовчиликларни кенгайтирадиган омил эмас, балки умумминтақавий ҳамкорлик учун ўзига хос “майдончага” айланишидан манфаатдор», — дея иқтибос келтиради Александр Лукашевичнинг сўзларидан РФ ТИВнинг матбуот хизмати.

Бундай ҳамкорликка у Қирғизистон томонидан Россия кўмаги остида амалга оширилаётган Қамбарота ГЭСи-1 лойиҳасини мисол қилиб кўрсатади. “Ушбу ташаббусни ривожлантириш керак. Фақат шундагина бундай нозик масалада ўзаро ишонч шаклланиши мумкин” , – таъкидлайди россиялик дипломат.

«Экспертларнинг хулосаларидан келиб чиққан ҳолда, минтақа мамлакатлари ўзларини ташвишга солаётган барча масалаларга ойдинлик киритиш учун тўғридан-тўғри мулоқот ўрнатишга уриниб кўришига жуда умид қиламиз», — дея қўшимча қилади Лукашевич.

Мазкур ГЭС қурилиши лойиҳаси иттифоқ республикалари орасидаги ҳамкорликдан келиб чиққан ҳолда 1978 йилда тайёрланган, бироқ совет давридан кейинги пайтда бу соҳасидаги ўзаро мувофиқлаштириш ишлари сусайди.

2010 йилда Жаҳон банки Рогун ГЭСи қурилишини охиригача етказиш ва унинг фаолият кўрсатиши минтақада жойлашган барча мамлакатлар учун қай даражада хавфсиз бўлиши мумкинлигига мустақил баҳо бериш ишларини ташкиллаштириш вазифасини ўз зиммасига олди, ҳозир мустақил техник экспертиза ўз ниҳоясига етмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Жаҳон Банкининг дастлабки баҳосига кўра, бўлғуси станция қуриладиган майдонда халқаро хавфсизлик меъёрлари доирасида юқорида тилга олинган ГЭС қурилиши ва ишлатилиши мумкин.

Ўзбекистон  ўз позициясини асослаб берган ҳолда Рогун ГЭСи лойиҳаси амалга оширилишига қатъий қарши чиқмоқда. Хусусан, Рогун ГЭСи қурилиши жиддий технологик, ижтимоий, экологик ва ижтимоий-иқтисодий таваккаллар ва хавф-хатарларга олиб келиши маълум қилинади. 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.