“Манас” аэропортидаги воқеа. Ҳуқуқ ҳимоячиларига кириш тақиқланади
29 июнь куни “Манас” аэропортида Ўзбекистон фуқароси бўлган ҳуқуқ ҳимоячиси, “Эзгулик” жамиятининг раҳбари Васила Иноятова Қирғизистон ҳудудига киритилмади. Чегара назорати ходимлари ҳуқуқ ҳимоячисига мамлакатга киришнинг рад этилиши сабабини тушунтирмади, унга фақат Ўзбекистонга қайтгунига қадар ёки бошқа мамлакатга жўнаб кетгунича транзит зонада бўлиши кераклигини маълум қилишди, холос.
Иноятова транзит билан Парижга йўл олиб, Бишкекда бир неча кун бўлишни режалаштирган эди.
Эслатиб ўтамиз, икки томонлама Келишув доирасида, агар ташриф 60 кундан ошмаса, Ўзбекистон фуқаросининг Қирғизистонда бўлиши учун виза талаб этилмайди.
Қирғиз Республикасининг Тошкентдаги элчихонаси берган маълумотга кўра, ушбу воқеа ҳақида уларга ОАВдан маълум бўлган ва уларда қўшимча маълумот йўқ.
Васила Иноятовага Қирғизистон ҳудудига киришга рад жавоби берилишининг сабаби унинг ҳуқуқни ҳимоя қилиш бўйича фаолиятида, хусусан, 2010 йил Қирғизистон жанубида юз берган фожиали воқеалар пайтидаги фуқаролик позициясида, деб тахмин қилинмоқда. Ўшанда Иноятова биринчилардан бўлиб Ўш вилоятидаги миллатлараро қонли тўқнашувлар ҳақида гапирганди. Ҳуқуқ ҳимоячиси қўшни мамлакат жанубида юз берган фожиага халқаро жамоатчиликнинг эътиборини тортишга уринган ҳолда Тошкентдаги Қирғизистон элчихонаси ёнида пикет уюштирганди.
Қирғизистон ҳукуматининг ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячисини ўз ҳудудига қўймаётгани кишини таажжубга солади ва ушбу мамлкатнинг демократик қиёфасига тўғри келмайди.
Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги тез орада мазкур вазиятга изоҳ беришни ваъда қилди.
Шарҳлар