Россиядан Ўзбекистонга жўнатилаётган пул ўтказмаларининг ҳажми 12%га камайди
2014 йилнинг биринчи чорагида Россиядан Ўзбекистонга 910 млн доллар миқдорида пул жўнатилган, бу 2013 йилнинг худди шу даври билан солиштирганда 11,73%га кам. Бу ҳақда Россия Марказий банкининг маълумотлари далолат беради.
Жорий йилнинг биринчи чорагида Россиядан Ўзбекистонга пул жўнатиш бўйича битта операциянинг ўртача миқдори 492 долларни ташкил этган бўлса, 2013 йилнинг худди шу даврида ушбу кўрсаткич 513 долларни ташкил этган эди (-4,1%).
Ўзбекистондан Россияга жўнатилаётган пул ўтказмаларининг ҳажми эса 2012 йил январь-март ойидаги 127 млн доллардан 2014 йилнинг дастлабки уч ойидаги 137 млн долларгача ошган. Ўсиш ҳажми 7,87% ни ташкил этган.
Россия Марказий банкининг маълумотларига кўра, ҳисобот даврида Ўзбекистондан Россияга пул жўнатиш бўйича битта операциянинг ўртача миқдори $1816 дан $1750 гача камайган.
Россия Марказий банкининг қайд этишича, ушбу маълумотлар Anelik, BLIZKO, Coinstar Money Transfer, Contact, InterExpress, Migom, MoneyGram, PrivatMoney, UNIStream, Western Union, “АзияЭкспресс”, “АЛЛЮР”, “Блиц”, “Быстрая Почта”, “Золотая Корона”, “ЛИДЕР” ва “Почта России” каби тизимларни қамраб олган, деб ёзади UzDaily.
Шарҳлар