15 июндан умумий овқатланиш муассасаларининг фаолияти тикланади
15 июндан бошлаб умумий овқатланиш корхоналари, болалар боғчалари ва шаҳарлараро автобусларнинг фаолиятига рухсат берилади. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг матбуот хизмати Махсус республика комиссиясининг қарорига таянган ҳолда хабар беради.
Хусусан, 15 июндан бошлаб “яшил” ва “сариқ” ҳудудларда мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятига рухсат берилади. Бунда машғулотлар 15 кишидан ортиқ бўлмаган гуруҳларда ташкил этилиши, мактабгача таълим ташкилотлари бинолари доимий равишда дезинфекция қилиниши, уларга кириш-чиқиш жойлари пирометрлар, антисептик воситалар ва дезинфекцион “тўшак”лар билан жиҳозланиши, ходимлар тиббий ниқоб ва тиббий қўлқоплардан фойдаланиши ва ижтимоий масофани сақлаши, тана ҳарорати 37*С ва ундан юқори бўлган ёки инфекция аломатлари мавжуд бўлган ходим ва тарбияланувчиларнинг машғулотларга киритмаслик чоралари кўрилиши керак.
Умумий овқатланиш корхоналари бўйича: банкетлар ва бошқа оммавий тадбирларни ўтказишга йўл қўйилмайди; столлар орасидаги масофа камида 2 метр бўлиши, мижозлар эса бир столда 4 кишидан ортиқ бўлмаслиги керак (10 кишидан ошмайдиган оилалар бундан мустасно). Умумий овқатланиш корхоналари соат 8.00 дан 23.00 гача ишлайди.
Ҳудудлараро автобус қатновлари бўйича: транспорт воситасини якуний йўналиш нуқтасида дезинфекция қилиш; автобус салонига фақатгина тиббий ниқоблардаги йўловчиларни киритиш; ҳайдовчиларни тиббий қўлқоп ва тиббий ниқоблар билан таъминлаш ҳамда уларнинг мунтазам равишда ўз вақтида алмаштириб борилиши чораларини кўриш талаб этилади.
Буюм бозорлари бўйича: буюм бозорлари доимий равишда дезинфекция қилиниши, уларнинг кириш-чиқиш жойларини пирометрлар, антисептик воситалар ва дезинфекцион “тўшак”лар билан жиҳозланиши, сотувчилар ва харидорлар тиббий ниқоб ва тиббий қўлқоплардан фойдаланиши, ижтимоий масофани сақлаши, шунингдек, ҳар бир фуқаронинг тана ҳароратини ўлчаб, 37*С ва ундан юқори бўлган, инфекция аломатлари мавжуд бўлган ҳолатда ҳамда тиббий ниқобда бўлмаган ҳолларда буюм бозорлари ҳудудига киритмаслик чораларини кўриш талаб этилади.
Шарҳлар