Нега Руслан Чагаев рингга Россия байроғи остида чиқди?
6 июль куни ўзбекистонлик таниқли боксчи Руслан Чагаев пуэрто-риколик Фрес Окендога қарши рингга чиқди. 12 раунд давом этган жанг якунларига кўра Чагаев тўплаган очколари бўйича ғалаба қозонди: 114–114, 115–113, 115–113, ва “WBA”нинг чемпионлик камарини тақди.
Жанг бошланишидан олдин ҳамма жойда, шу жумладан “WBA”нинг расмий сайтида ҳам Ўзбекистон вакили сифатида кўрсатилган Чагаев рингга Россия байроғи ва Россия гимни остида чиққан ҳолда деярли ҳаммани ҳайрон қолдирди. Хусусан, россиялик журналистлар энди қайси мамлакат – Россиями ёки Ўзбекистон – янги чемпион билан мақтаниши мумкинлиги ҳақида ёзмоқда.
Айрим манбаларнинг маълумотига кўра, Чагаев ҳозир Грозний, яъни Россиянинг “Ахмат” клубини тақдим этаётгани учун Ўзбекистон байроғи остида эмас, Россия байроғи остида чиққан. Бироқ клубга аъзолик спортчининг у ёки бу мамлакатга мансублигига ҳеч қачон таъсир қилмаган.
Бошқа манбаларнинг ёзишича, Чагаев Россия фуқаролигини олган ва энди ҳар доим рингда Россиянинг шаънини ҳимоя қилади. “Афсус, бу сал кечроқ юз берди, Чагаев ҳозир 35 ёшда”, – деб ёзади россиялик журналистлар.
Спортчининг атрофидагилари ва унинг менежерлари бу ҳолатга ҳеч қандай изоҳ бергани йўқ. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси маданият ва спорт ишлари бўйича вазирлигида ҳам бунга изоҳ беришдан бош тортишди. Узоқ вақт давомида республикамиз шаънини ҳимоя қилиб келган машҳур боксчини энди Россиянинг оқ-кўк-қизил байроғи ва гимни остида “Руслан Чагаев, Россия, Чеченистон” деб таништиришлари ҳозирча факт бўлиб қолмоқда…
Жавлон Хасанов.
Фотосурат: © boxmundial.com
Шарҳлар