Харидорга чек бермаган сотувчи 1 йилга ахлоқ-тузатиш ишларига ҳукм қилинди
Бухоронинг Шофиркон тумани давлат солиқ инспекцияси ходимлари шу туманнинг “Денов” қишлоқ фуқаролари йиғини ҳудудида жойлашган «Ибод Муродилло Сервис» ХКга тегишли савдо нуқтасида қисқа муддатли текшириш ўтказди, деб ёзади “Правда Востока” нашри.
Текширув жараёнида савдо нуқтасининг эгаси Б.Сафаров харидорга назорат-касса машинасининг (НКМ) 17,5 минг сўмлик чекини бермагани ва ўзининг 6734,6 минг миқдоридаги кундалик тушумини НКМ хотирасига киритмагани аниқланди.
Ўтказилган тадбир натижалари бўйича туман солиқ хизмати ходимлари тегишли ҳужжатларни ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига берди. Ушбу ҳужжатлар асосида жиноят иши қўзғатилди. Шофиркон тумани жиноят ишлари бўйича судининг қарори билан корхонанинг мансабдор шахси бир йил муддатга ахлоқ-тузатиш ишларига ҳукм қилинди.
Шунингдек, шу вилоятнинг Ромитан туманидаги «Шакар Савдо Сервис» хусусий фирмаси текширилганида, унинг раҳбари У.Абдуллаев солиқ инспекциясига тақдим этган ҳисоботда била туриб даромадини кам кўрсатгани аниқланди. Бу билан У.Абдуллаев бюджетга 7088,9 минг сўм солиқ тўламагани ҳамда НКМнин хотирасига 641762,4 минг миқдоридаги тушумни киритмагани маълум бўлди.
Қонунбузарга нисбатан тегишли моддалар бўйича жиноят иши қўзғатилди ва Ромитан тумани жиноят ишлари судининг қарори билан бир йил ва олти ойга ахлоқ-тузатиш ишларига ҳукм қилинди. Шунингдек унинг ойлик маошидан 20 фоиз давлат ҳисобига ушлаб қолиниши ҳам белгиланди.
Шарҳлар