Ўзбекистондаги барча олий ҳарбий таълим муассасаларида давлат тест синовлари ўтказилди
10 июль куни мамлакатимизнинг барча олий ҳарбий таълим муассасаларида давлат тест синовлари бўлиб ўтди.
Ўзбекистон раҳбарининг 2005 йил 19 апрелдаги “Ўзбекистон Республикасида ҳарбий таълим тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармойишига биноан олий ҳарбий таълим муассасаларида тест синовлари 10 июлда ўтказилиб, курсантликка қабул қилинганлар рўйхати 15 июлда эълон қилинади.
Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг олий ҳарбий таълим муассасаларида ёшлар ўттизга яқин мутахассислик бўйича таҳсил олмоқда. Тошкент олий умумқўшин қўмондонлик билим юртида мотоўқчи ва чегара бўлинмалари учун юқори малакали офицерлар тайёрланяпти. Билим юртидаги замонавий ўқув хоналари, қурол-яроғ ва жанговар техника, машғулотлар ўтказиш комплекслари, спорт иншоотлари, ахборот-ресурс маркази ёшларни жисмонан ва маънан етук инсонлар сифатида шакллантиришга хизмат қилаётир. Малакали профессор-ўқитувчилар эса тўрт йил давомида уларга касб сирларини ўргатмоқда.
Жорий йилда абитуриентлар сони янада кўпайди. Бу олий ҳарбий таълим муассасасида таҳсил олиб, келажакда офицер сифатида эл-юртимизга садоқат билан хизмат қилишни истаган ёшлар сафи тобора кенгайиб бораётганидан далолатдир. Улар сафида муддатли хизматни ўтаб бўлган ва шартнома бўйича ҳарбий хизматчилар кўпчиликни ташкил этаётир, деб ёзади ЎзА.
Фотосурат: slovo.asia
Шарҳлар