Равшан Эрматов футбол бўйича ЖЧ-2014 финалига ҳакамлик қилмайди
Кўпчилик Равшан Эрматовни ЖЧ-2014 финалида ҳакамлк қилиш учун бош даъвогар деб айтишига қарамасдан, ФИФА бу ўйинга италиялик рефери Никола Риццолини тайинлади.
42 ёшли Риццоли учун финал мазкур чемпионатда ўзи бошқарган тўртинчи ўйинга айланади. Бундан олдин у Испания-Голландия, Нигерия-Аргентина ва Аргентина-Бельгия ўйинларини олиб борганди.
Қайд этиб ўтамиз, ўтган ҳафта ФИФА финал ўйинида ҳакамлик қилиш учун бош даъвогарларнинг дастлабки рўйхатини эълон қилган ва уларнинг орасида юртдошимиз Равшан Эрматовнинг номзоди ҳам кўрсатилган эди. Шу билан бирга, чет эл нашрлари ҳам Эрматовнинг имкониятларини юқори баҳолаётганди. Kun.uz нашрининг ёзишича, букмекерлар ҳам худди шу фикрда бўлган.
Шў ўринда, Эрматов жаҳон чемпионатларининг финал турнирларида тўққизта ўйинга хизмат кўрсатган ҳолда реферилар орасида рекорд ўрнатганини қайд этиш жоиз. 2010 йилги чемпионатда у 5 та ўйинни бошқарган бўлса, 2014 йилда ушбу кўрсаткич 4 та ўйинни ташкил этди.
Эслатиб ўтамиз, ЖЧ-2014 финал ўйини 13 июль куни Тошкент вақти билан соат 24:00 да “Маракана” стадионида бўлиб ўтади. Унда чемпионлик унвони учун Германия ва Аргентина терма жамоалари курашади.
Шарҳлар