Бухорода тандир туфайли содир бўлган ёнғин оқибатида бола нобуд бўлди
Ўтган ҳафта республикада 304 та ёнғин содир бўлди, дея хабар беради Ўзбекистон ИИВнинг матбуот хизмати.
Ёнғинлар натижасида 8 киши турли оғирликдаги куйиш жароҳатини олган, 2 киши ҳалок бўлган. Ўт ўчириш бўлинмаларининг тезкор ҳаракатлари туфайли умумий қиймати 1 млрд 15 млн 515 минг 880 сўмлик қурилиш конструкциялари ҳамда 1 млрд 75 млн 655 минг 502 сўмлик товар-моддий бойликлар сақлаб қолинди.
Наманган вилоятининг Наманган шаҳрида истиқомат қилувчи фуқаро М.Исаева чироқни ёқишга қарор қилади ва шу пайтда ошхонада тўпланиб қолган газ-ҳаво аралашмаси портлаб кетади. Газ ёниб кетиши натижасида ёнғин юзага келади ва уй бекаси куйиш жароҳатларини олади. Ошхонада газ сизиб чиқишига ўчирилмаган газ плитаси сабабчи бўлган.
Фарғона вилоятининг Қува туманида истиқомат қилувчи фуқаро Н.Мамедамановнинг уйида ёнғин болаларнинг шўхлиги туфайли содир бўлди. Ёнғин 120 метр квадрат майдондаги уй томини ҳамда 80 метр квадрат майдондаги қўшни уй томини йўқ қилди.
Бухоро вилоятининг Бухоро шаҳрида истиқомат қилувчи фуқаро А.Юсуповнинг уйида ичида олов ёниб турган ва қаровсиз қолдирилган тандир туфайли қўшни уйда ёнғин содир бўлди. Ёнғин 80 метр квадрат майдондаги уй томини ва мулкни йўқ қилган. Ёнғинни ўчириш пайтида уй эгасининг невараси Д.Абдуллаев куйиш жароҳатларини олган ва касалхонага ётқизилган. Энг қайғулиси, ёнғин ўчирилаётган пайтда уй эгасининг иккинчи неварасининг ёниб кетган жасади топилган.
Шарҳлар