Ангрендаги икки қаватли супермаркет биноси ёниб кетди
Бугун кечаси Ангрен шаҳар бозори ҳудудида жойлашган икки қаватли супермаркет биносида ёнғин содир бўлди. Маълумотларга кўра, ёнғин кечаси соат тахминан бирда бошланган.
Шаҳар ўт ўчириш бошқармаси вакилларининг сўзларига кўра, ёнғин ҳақидаги хабар кечаси соат 01:10 да тушган. Воқеа жойига зудлик билан бир нечта ўт ўчириш машинаси етиб борган. Машиналар киришини тўсиб турган шлагбаумлар ёнаётган бинога киришни қийинлаштирган.
Ёнғин миқёсини кўрган ўт ўчирувчилар яна қўшимча ўт ўчириш-қутқарув кучларини чақиртирган. Ёнғинни ўчириш ишларида жами 11 та ўт ўчириш машинаси қатнашган, деб ёзади UZ24.
Олов деярли 320 метр квадрат ҳудудни қамраб олган ва супермаркет биносини буткул йўқ қилган. Супермаркетнинг биринчи қаватида озиқ-овқат маҳсулотлари билан савдо қилиш бўлимлари, иккинчи қаватда эса кийим-кечак дўконлари бўлган. Ҳозирча жабрланганлар ҳақида маълумот йўқ, ёнғин сабаблари ўрганилмоқда.
Тахминларга кўра, олов учқунлари супермаркет ёнида жойлашган новвойхона биносидан ўтган бўлиши мумкин.
Шарҳлар