Украина осмонида йўловчи самолёт уриб туширилди. Мамлакат устидан ўтадиган ҳаво йўли ёпилди

Украина осмонида йўловчи самолёт уриб туширилди. Мамлакат устидан ўтадиган ҳаво йўли ёпилди

Украина осмонида “Malaysia Airlines” авиакомпаниясига тегишли “Амстердам-Куала-Лумпур” йўналиши бўйича парвоз қилаётган “Боинг-777” самолёти ҳалокатга учради. Мавжуд маълумотларга кўра, ҳалокат натижасида бортдаги 295 нафар кишининг барчаси (280 нафар йўловчи ва 15 нафар экипаж аъзоси) ҳалок бўлган.

Йўловчилар орасида 143 нафар Нидерландия фуқароси, 27 нафар Австралия фуқароси, 22 нафар Малайзия фуқароси, 12 нафар Индонезия фуқароси, 6 нафар Британия фуқароси, 4 нафар ГФР ва Франция фуқаролари, уч нафар бельгиялик ва бир нафар Канада фуқароси бўлган, дея қайд этади Star нашри.

Яна 58 нафар йўловчининг миллати айтилмаяпти. Айрим маълумотларга кўра, уларнинг орасида 23 нафар АҚШ фуқароси ҳам бўлган. Бундан ташқари, бортда 15 нафар экипаж аъзоси ишлаган. Уларнинг фуқаролиги ҳам номаълум.

Украина армияси ҳам, исёнчилар ҳам ўзларининг самолёт ҳалокатига алоқадорлигини рад этмоқда, деб ёзади Lenta.ru.

Ҳалокат муносабати билан бир қатор авиакомпаниялар Украина шаҳарларига амалга ошириладиган рейсларни бекор қилди, тез орада Евроназорат ҳам Украина ҳаво йўлини фуқаролик авиацияси учун ёпишга фармойиш берди. Бу ҳақда ушбу умумевропа диспетчерлар ташкилотининг директори Титгат Люк маълум қилади, деб ёзади Итар-ТАСС.

 «“Malaysia Airlines” авиакомпаниясига қарашли «Боинг-777» самолёти ҳалокатининг тафсилотлари ҳақидаги хабарларни таҳлил қилгандан сўнг Украина устидан ўтадиган ҳаво йўлини ёпишга қарор қилдик”, – дея таъкидлади Титгат Люк «BBC 5 Live” радиостанциясининг тўғридан-тўғри эфирида.

Эслатиб ўтамиз, 15 июль куни 3 ойлик танаффусдан сўнг Ўзбекистондан Украинага ва Украинадан Ўзбекистонга парвозлар тикланган эди. Ҳозирча “Тошкент-Киев” рейси бўйича “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАКнинг изоҳи йўқ.

Фотосурат: ©nbcnews.com

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.