Ўзбекистон Бутунжаҳон савдо ташкилотининг аъзосига айланади

Ўзбекистон Бутунжаҳон савдо ташкилотининг аъзосига айланади

Ўзбекистон Бутунжаҳон савдо ташкилоти (БСТ)нинг аъзосига айланади. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 11 июлдаги 190-сонли қарорида Ўзбекистоннинг БСТга аъзо бўлиш жараёнига кўмаклашиш доирасида амалга ошириладиган ишлар рўйхати кўрсатилди.

Уларнинг орасида Ўзбекистоннинг БСТга аъзо бўлиши бўйича музокараларни олиб борувчи жамоа аъзоларининг профессионал ва музокара кўникмаларини ошириш тадбири ҳам бор. Ушбу тадбир доирасида:

– иқтисодий шароитлари Ўзбекистонникига ўхшаш бўлган БСТга аъзо (аъзо бўлаётган) мамлакатларнинг ушбу аъзолик туфайли кўрган салбий натижаларини юмшатиш бўйича тажрибаси ўрганилади;
– миллий қонунчиликни БСТ қоидаларига мувофиқлаштириш бўйича ишларга кўмак берилади;
– кўп томонлама ва икки томонлама музокаралар доирасида БСТга аъзо асосий мамлакатларнинг қўллаб-қувватловига эришилади;
– Ўзбекистоннинг БСТга аъзо бўлиши муносабати билан семинарлар, анжуманлар, давра суҳбатлари ва бошқа тадбирларни ўтказиш бўйича ишчи гуруҳининг мажлислари ташкил этилади;
– Ўзбекистоннинг БСТга аъзо бўлиши учун қулай шароитлар ва пойдевор яратилишига ёрдам берилади ва бу жараён таъминланади.

Лойиҳани амалга ошириш ишлари 2014-2016 йилларга мўлжалланган бўлиб, аниқ сана кўрсатилмаган. Қарорда қайд этилишича, Европа Иттифоқи Комиссияси ушбу мақсадларга Ўзбекистон учун 1 млн АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратади.  
 
Маълумотнома: Бутунжаҳон савдо ташкилоти — 1995 йил 1 январда халқаро савдо-сотиқни эркинлаштириш  ва аъзо мамлакатларнинг савдо-сиёсий муносабатларини тартибга солиш мақсадида ташкил этилган. БСТ 1947 йили тузилган Тарифлар ва савдо бўйича Бош келишув асосида яратилган бўлиб, қарийб 50 йил давомида юридик жиҳатдан халқаро ташкилот бўлмасдан туриб, амалда шундай ташкилот вазифасини бажариб келган. Айни пайтда 159 та мамлакат БСТ аъзоси ҳисобланади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.