ЎзМУ Археолог талаба-ёшлари амалиётни Ахсикентда ўтайди
Давлатимиз рахбари Ш.Мирзиёев 2019 йил 28 февраль 1 март кунлари Наманган вилоятига ташрифи чоғида мамлакатимизнинг туризм салоҳиятини оширишда маданий мерос объектларининг роли беқиёслиги, хусусан Ахсикент шундай мерослиги хақида тўхталар экан, археология йўналиши талабаларининг дала амалиётини бевосита “Ахсикент” археология мажмуасида ўташлари мақсадга мувофиқ эканлигини қайд этганди.
– Ахсикент ёдгорлиги – қадимий шаҳар харобаси бўлиб, Наманган вилоятининг Тўрақўрғон тумани Шаҳанд қишлоғи яқинида, Сирдарёнинг ўнг соҳилида жойлашган. Ахсикат шаҳри милоддан аввалги III-II асрларда вужудга келган, IX-X асрларда Фарғона водийсининг пойтахти бўлган. 1219 йилда мўғуллар томонидан бутунлай вайрон қилинган. Унинг эски ўрнидан 5-7 километр ғарбда бунёд этилган янги Ахсикат эса XIV-XVII асрларга мансуб. Ёдгорликни археологик ўрганиш ишлари XIX аср охири ва XX аср бошида бошланган. Академик Я.Ғуломов тадқиқотлари асосида бу ерда турли даврларга оид иккита шаҳар бўлгани, улардан бири қадимги Ахсикат ва иккинчиси Заҳириддин Муҳаммад Бобур туғилган Ахсикент эканини биринчи бўлиб исботлаган – дейди Ўзбекистон Миллий университети Тарих факультети декани, профессор Алишер Мўминов.
Шу ўринда айтиш керакки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 16 октябрдаги “Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманида “Ахсикент” археология мероси объектини муҳофаза қилиш ва тадқиқ этиш ёдгорлик мажмуасини ташкил этиш тўғрисида”ги Қарорига мувофиқ, «Ахсикент» археология мероси объектини муҳофаза қилиш ва тадқиқ этиш дирекцияси ташкил этилган бўлиб, ёдгорлик мажмуасини муҳофаза қилиш, бут сақланишини таъминлаш ва белгиланган тартибда рухсатнома олган археологлар томонидан археология қидирувлари, қазишма ва археология назорати ташкил этиш, илмий археология тадқиқот натижалари асосида мажмуанинг илмий-тарихий концепциясини ишлаб чиқиш ва уни амалга ошириш мазкур дирекциянинг асосий вазифаси ҳисобланади.
Юртбошимизнинг ташаббус ва таклифларига лаббай деб жавоб берган Ўзбекистон Миллий университети археология йўналишида тахсил олаётган 35 нафар талаба-ёшлари бугун дала амалиётини ўташ учун Тошкентдан тарихий Ахсикент қўрғони томон йўлга чиқишди. Маълумки назария ва амалиёт бирлиги доимо тараққиёт гарови хисобланган. Амалиёт давомида ўрганилган ва орттириладиган тажрибалар келгусида соҳа ривожига муҳим хисса бўлади. Шундай экан ЎзМУ ташаббускор талаба-ёшларининг мазкур ташаббуси тахсинга лойиқ. ЎзМУ Ахборот хизмати
Шарҳлар