Ўзбекистонлик аёл Қозоғистонда бола савдоси билан қўлга тушди

Ўзбекистонлик аёл Қозоғистонда бола савдоси билан қўлга тушди

Жанубий-Қозоғистон вилоятида ўзбекистонлик аёл ва гинеколог-шифокор бегона чақалоқни сотиб юборди, деб ёзади “Kazakhstan Today” нашри.

Вилоят ички ишлар департаментининг матбуот хизмати берган маълумотга кўра, 9 июль куни вақтинчалик Аксукент қишлоғида истиқомат қилувчи ўзбекистонлик 20 ёшли аёл туман ички ишлар бошқармасига ариза билан мурожаат қилган. Аёлнинг сўзларига кўра, 2014 йил 5 июль куни у туғруқхонадан чиққанидан кейин ўзи билан бирга ижарада турган бошқа бир 25 ёшли аёл уни қўрқитиб, чақалоқни номаълум аёлга бериб юборган, дея қайд этади “Kazakhstan Today”.

Тезкор-қидирув тадбирлари натижасида гумон қилинаётган 25 ёшли Ўзбекистон фуқароси қўлга олинган. Ашёвий далил сифатида ундан 45 000 тенге олиб қўйилган.

«Тергов жараёнида аёл чақалоқни айни пайтда декрет таътилида бўлган туман касалхонасининг гинеколог-шифокорига  75 минг тенгега сотгани аниқланди. Ўз навбатида шифокор чақалоқни Чимкентда истиқомат қилувчи танишига берганини маълум қилган. Ҳозир чақалоқ ўзининг қонуний онасига қайтарилди», – дея маълум қилади ИИД.

Мазкур ҳодиса бўйича “бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктирган ҳолда вояга етмаганлар савдоси билан шуғулланиш” моддасига кўра жиноий иш қўзғатилди. Жиноят иштирокчиларининг барчаси жавобгарликка тортилди.

ИИДда қайд этишларича, ҳозир уларнинг бошқа фактларга алоқадорлиги ҳам текширилмоқда. Маълумотларга кўра, йил бошидан буён вилоят ҳудудида болалар савдоси бўйича 3 та ҳолат қайд этилган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.