Тошкентда автобус йўловчиларига хавфсизлик қоидалари бўйича эслатмалар тарқатилмоқда
«Тошшаҳартрансхизмат» акциядорлик жамияти 23 июлдан бошлаб шаҳар жамоат транспорти йўловчилари орасида махсус эслатмаларни тарқата бошлади. Унда автобусларда хавфсизлик қоидаларига риоя қилиш қоидалари берилган. Қоидаларда, хусусан, автобус салонида чекиш, ҳайдовчи ёки кондукторнинг рухсатисиз транспорт деразаларини очиш тақиқланади. Эслатмалар ўзбек ва рус тилларида 500 минг нусхада чоп этилган.
Йўловчи транспортида ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш хизматининг бошлиғи Ф.Ниғмоновнинг UZ24 мухбирига берган маълумотига кўра, эслатмалар автобусда юриш пайтида йўловчиларнинг қулайлигини ошириш ҳамда хавфсизлик қоидаларига амал қилиш мақсадида тарқатилмоқда. Қоидалар Вазирлар Маҳкамасининг 482-сонли қарори асосида тузилган.
Ф. Ниғмоновнинг айтишича, автобуслар ҳайдовчилари билан ҳам улар амал қилиши лозим бўлган йўловчиларни ташиш хавфсизлиги қоидалари бўйича мажбурий инструктаж ишлари олиб бориляпти. Шаҳар транспорти хизматларидан қониқмаслик ҳолати юзага келганида, йўловчи 1062 рақамли «Тошшаҳартрансхизмат» ишонч телефони орқали ўзининг шикоятини қолдириши мумкин.
Шарҳлар